Amnesty International: 'Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга босим ўтказиши шарт'

Андижондаги қирғин манзараси
Image caption Халқаро ташкилотга кўра, Андижон ҳодисалари унутилмаслиги керак

Amnesty International Андижон қирғинининг 5 йиллиги муносабати билан чиқарган баёнотида Оврўпо Иттифоқини айни масалани кўтарган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларга қарши давомий таъқибларни кескин қоралашга ундаган.

Халқаро ташкилотнинг Оврўпо Ҳайъатининг Ташқи ишлар ва Хавфсизлик масалалари бўйича Олий вакиласи Катрин Эштон хонимларига йўллаган мактубида Андижон ҳодисалари юзасидан тезкор, мустақил ва халқаро текширув ўтказиш масаласи ҳануз Оврўпо Иттифоқи ташқи сиёсатидаги энг устивор масалалардан бири бўлишига ошкора кафолат берилиши сўралади.

2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказида ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларга қарата ўт очишлари натижасида аёллар ва болалар дохил юзлаб кишиларнинг қурбон бўлганликлари ишонилади.

"Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай ўзгача фикрлиликни буғиб, юз берган ҳодисалар юзасидан мустақил хабар берилишига изн бермасликка уринди," дейди халқаро ташкилот.

Расмий Тошкентнинг халқаро мустақил терговга оид даъватларни рад этиши ортидан Оврўпо Иттифоқи 2005 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси дохил бир қатор жазо чораларини киритди.

Аммо Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши лозимлигига тил ҳам теккизмай, орадан тўрт йил ўтиб ўз санкцияларини бекор қилди, дейди "Амнести Интернейшнл".

Халқаро ташкилотга кўра, "Оврўпо Иттифоқининг Андижон борасидаги беқарорлиги инсон ҳуқуқлари масаласини ҳар қандай қарорнинг марказига қўйиши лозим бўлган ташқи сиёсатнинг ишончлилигига рахна солади".

"Оврўпо Иттифоқининг ёндашуви халқаро мустақил текширув олиб борилишига изн бериши учун Ўзбекистонни халқаро босим остига қўйиш даражасида аниқ ва изчил бўлиши лозим," дейди "Амнести Интернейшнл"нинг Оврўпо Иттифоқи идораси қошидаги раҳбари Николас Бегер.

Ўзбекистондаги вазиятга баҳо

Ўзбекистон томони яқинда Оврўпо Иттифоқи жазо чораларининг бекор қилиниши бу каби текширувларга оид талабларнинг барҳам топгани далолати эканига ишора қилганди.

Лекин халқаро ташкилотга кўра, 2005 йилнинг май ойидан буён Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият издан чиқиб бормоқда.

"Гарчи расмийлар такрор ва такрор инкор этишса-да, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистларни қўрқитиш, калтаклаш ва ҳибсга олиш ҳоллари ортиб бормоқда. Қамоқхоналарда маҳбусларнинг қийноққа солиниши ёки уларга нисбатан номақбул муносабатларга оид хабарлар ҳам ҳануз тингани йўқ," дейди "Амнести Интернейшнл".

Халқаро ташкилот Андижон қирғини ортидан Австралиядан бошпана топган, шу йилнинг январ ойида Ўзбекистонга қайтиб, ўтган ой 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Дилором Абдуқодированинг ҳодисаси ташвишланарли эканини айтади. "Амнести Интернейшнл"га кўра, унинг маҳкамаси халқаро талабларга жавоб бермаган.

"Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият 5 йил аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам худди шундай. Оврўпо Иттифоқи буни зудлик билан тан олиши шарт. Ҳануз юрак ютиб Андижондаги қотилликларни тилга олаётган дадил инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар азоб чекишмоқда. Шундай экан, Оврўпо Иттифоқи буларнинг барчасидан шунчаки кўз юмиб, Ўзбекистон билан муносабатларини ҳеч нарса бўлмагандек давом эттира олмайди," дейди энг сўнггида халқаро ташкилот нуфузли вакили Николас Бегер.