Юсуф Жума 'Дунёнинг энг машҳур диссидентлари' рўйхатига киритилди

Юсуф Жума
Image caption Ўзбекистонлик таниқли диссидент шоир Юсуф Жума ҳозир "Жаслиқ" қамоқхонасида сақланмоқда

Foreign Policy журнали "Дунёнинг энг машҳур диссидентлари" рўйхатини эълон қилди. Уларнинг орасида ўзбекистонлик таниқли диссидент шоир Юсуф Жума ҳам бор.

Юсуф Жума 2007 йилги президентлик сайловлари арафасида Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиши ортидан ўғли билан бирга ҳибсга олинган ва беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

У ҳозир Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда.

Орада кечган вақт давомида Юсуф Жуманинг яқинлари бир неча бор унинг қамоқхонада қийноқларга солинаётгани ҳақида ҳам айтишганди.

50 ёшли шоир Юсуф Жума ўтган асрнинг 80-йилларида шеъриятга кириб келган, унинг "Ҳақиқатнинг олтин олмаси" номли илк шеърий тўплами 1984 йилда чоп этилган.

Мухолифатдаги "Бирлик" халқ ҳаракати фаолларидан бўлган шоир 2001 йилда бир туркум шеърлари учун "давлат тузумига тажовуз қилиш"да айбланиб, қамоққа ташланган.

Юсуф Жума ва оиласи президент Каримовнинг сиёсатини очиқ танқид қилганлари ва амалдаги тузумга нисбатан фаол фуқаролик мавқеъини эгаллаганликлари учун таъқиб қилинаётганликларини айтишади.

Шоирнинг аёли ва уч ўғли таъқиблардан қочиб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Журнал ўтган йили Гулнора Каримовани, "Дунёнинг энг ёмон қизлари" рўйхатига ҳам киритганди.

Янги рўйхатда яна кимлар бор?

Foreign Policy журналининг янги рўйхатида собиқ Шўролар Иттифоқидан яна россия, беларус, озарбайжон, қозоғистонлик диссидентларнинг номлари тилга олинади.

Россиялик "энг машҳур диссидентлар" рўйхатида таниқли шахматчи Гарри Каспаров ҳам бор.

"Гарри Каспаров Кремлнинг таъқиблари сабаб 2008 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини ортга қайтариб олишга мажбур бўлганди," дейди журнал.

Рўйхатда террорчилик ва миллатлараро низоларга гиж-гижлашда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган озарбайжонлик журналист Эйнулла Фатуллаев ҳақида ҳам сўз боради.

"Ўтган йилнинг декабр ойида қамоқхонадалиги пайтида Фатуллаевга героин сақлашга оид янги айблов қўйилган. Фатуллаевнинг таъкидлашича, қамоқхона назоратчилари унга героин ташлаб қўйишган. Халқаро "Журналистларни Ҳимоя қилиш" қўмитаси"нинг айтишича, озарбайжонлик масъуллар тез-тез бу каби усулларга қўл уриб туришади," дейилади журналнинг шарҳида.

Яқинда эҳтиётсизлик ортидан қотилликка қўл уришда айбланиб, 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган қозоғистонлик журналист Евгений Жовтис ҳам бу йил "Энг машҳур диссидентлар" рўйхатига киритилган.

"Халқаро кузатувчилар унинг маҳкамасини майнабозчилик деб баҳолашганди. Жовтис демократик ислоҳотлар ва эркинликлар учун ёниб-куйиб фаолият олиб борган журналист эди," дейди Foreign Policy.

Журналнинг рўйхатида, бундан ташқари, Афғонистондан тортиб Зимбабве, Хитойдан тортиб Перугача таъқибда бўлган диссидентларнинг номлари тилга олинади.

Уларнинг орасида эронлик ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари фаоли, Нобел мукофоти соҳиби Ширин Ибодий ҳам бор.

"Бутун дунё бўйлаб диссидентлар тинимсиз эркинликлар учун кураш олиб боришади. Бироқ аксарият ҳолларда ўз фаолиятлари учун ҳақ тўлашларига тўғри келади - уларни таъқиб қилишади, олиб қочишади, калтаклашади, ўлдиришади, ҳибсга олишади ва қийноқларга солишади. Уларнинг бор-йўғи саноқлиларигина тилга тушган бир пайтда, сон-саноқсиз бошқалари ушбу курашда иштирок этишади," дейишади журнал ходимлари.

Уларнинг таъкидлашларича, рўйхатда ана шундай инсонлардан фақат саноқлиларининг номи келтириб ўтилган, холос.