Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Андижон қирғини қурбонларини хотирлашди

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоллари
Image caption Расмийларнинг тоқатсиз муносабатларига қарамай, бир гуруҳ жиззахлик фаоллар Андижон қурбонлари руҳини ёд этишга муваффақ бўлишган

Жиззахда бир гуруҳ маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари "Мотамсаро она" ҳайкали пойида йиғилиб, Андижон қирғини қурбонларини хотирлашган.

Хунрезлик шоҳидлари 2005 йилнинг 13 май куни ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларни ўққа тутишлари оқибатида юзлаб кишиларнинг ҳаётдан кўз юмганликларини айтишади.

Ўзбекистон ҳукумати таъбирича эса, бир ҳовуч исломчи жангариларнинг хуружи чоғида 180 дан ортиқ киши ўлдирилган.

Расмий Тошкент беш йил давомида Андижон қирғини юзасидан халқаро мустақил текширув ўтказиш талабларини рад этиб келади ва мазкур сана Ўзбекистонда расман хотирланмайди.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг 13 май кунини хотирлаш уринишлари эса, ҳар йили деярли самарасиз якунланади.

"Ҳар йили куч тизимлари ходимлари бизга қаттиқ тўсқинлик қилиб, Андижон қурбонларини хотирлашимизга изн бермасликка ҳаракат қилишар эди. Шундан келиб чиқиб, бу йилги хотирлаш кунини икки кун олдин ўтказдик," дейди жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Андижон хунрезлигини ёд олишга бўлган ҳар қандай уринишга расмийларнинг тоқатсиз муносабатларига қарамай, жиззахлик фаоллар Бахтиёр Ҳамроев, Саида Қурбонова ва Мамир Азимовлар "Мотамсаро она" ҳайкали пойида қурбонларнинг руҳларига "Қуръон"дан тиловат қилишган.

"Андижон аҳлининг бошига тушган бу қора кунларнинг бутун Ўзбек халқининг бошига қайтиб тушмаслигини Аллоҳдан илтижо қилиб сўрашган".

Айни шу кунларда эса, бундан беш йил бурун хунрезликларга саҳна бўлган Андижонда республика миқёсидаги "Универсиада-2010" спорт тадбирининг бўлиб ўтиши режаланган.