Тошкентда йўловчи автобуси портлаган, қурбонлар борлиги айтилади

Тошкент
Image caption Портлаш куннинг тиғиз пайтида юз бергани боис, йўловчи автобусининг йўловчиларга тўла бўлгани тахмин этилади

Ўзбекистон пойтахти Тошкент чеккасида йўловчи автобусининг портлаши оқибатида олти киши қурбон бўлган, ўнлаб кишилар яраланган.

Бу ҳақда Россиянинг Итар-Тасс ахборот агентлиги хабар қилган. Агентликка кўра, ҳодиса сешанба куни юз берган.

Россия ахборот воситаларининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, портлашга техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя этилмагани сабаб бўлган.

Шоҳидларга кўра, ЛАЗ русумидаги автобус томига ўрнатилган газ баллони пастга тушиб кетган ва портлаш содир бўлган.

Улар бир нечта йўловчининг ҳаётдан кўз юмганлиги ва яна бир қанчасининг тан жароҳати олганлигига гувоҳ бўлганликларини айтишади.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, кечаги портлашда яраланган йўловчилардан 12 нафари Зангиота туманидаги шифохонага ётқизилган. Яна шунча нафар атрофида бўлган аҳволи оғирроқлари эса, Тошкентдаги 16-сонли касалхонага олиб кетилган.

Жароҳатланганлардан аксариятининг аёллар экани айтилмоқда.

Ҳодиса куннинг кечки тиғиз бир пайтида юз бергани боис, автобуснинг йўловчиларга тўла бўлгани тахмин этилади.

Хабарларга кўра, йўловчи автобуси Тошкент шаҳридан вилоят туманларидан бирига кетаётган бўлган.

Ва Қўйлиқ бозори яқинидаги кўприкдан Бектемир туманига қараб кетишдаги ДАН пости яқинида портлаб кетган.

Юз берган ҳодиса юзасидан текширув ишлари бошланганига оид хабарлар бор.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги аксарият шахсий ва жамоат транспортлари ҳайдовчилари газ мосламасидан фойдаланишга ўтиб олишган.

Бунга газ қийматининг бензинга нисбатан анчайин арзонлиги сабаб бўлгани айтилади.

Бироқ газ мосламаларини ўзбошимчалик билан ўрнатиб олиш ҳоллари ҳам анча кенг тус олгани, ҳайдовчиларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига етарлича риоя этмасликларини масъулларнинг ўзлари ҳам рад этишмайди.

Биз портлаш тафсилотларини ўрганиш ҳаракатидамиз.