Тошкент нефт-газ анжумани: Оврўпо ўзбек гази илинжида

"Ўзбекнефтегаз" ширкати иншооти
Image caption Оврўполиклар Ўзбекистон газига мунтазир эканини айтиб келадилар

Тошкентда очилган икки кунлик нефт ва газ халқаро конференциясида Оврўпо мулозимлари Ўзбекистон газини экспорт қилиш йўлларини кенгайтириш ҳақида таклифлар билдирар экан, айни пайтда ўзбек расмийлари қулоғига хуш ёқадиган анчайин илиқ гаплар айтишган.

Маҳаллий журналистлардан бирига кўра, ҳар йили баҳорда ўтказиладиган мазкур анжуман бу йил молиявий инқироз туфайли хорижий иштирокчиларга доимгидек ўта бой бўлмаган эса-да, ўзбек газини Оврўпо сари буриш чақириқлари ва Президент Ислом Каримовнинг нутқидан иқтибосларга бой бўлган.

Оврўкомиссиянинг энергия масалалари бўйича маслаҳатчиси ва энергия хавфсизлиги бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Фаузи Бенсарса анжуман очилишида гапириб, қатнашчиларни Ўзбекистоннинг иқтисодий ва энергия соҳаларидаги ислоҳотлари ва имкониятлари билан танишиш учун Президент Каримовнинг нутқини ўқишни тавсия қилган.

Оврўпо мулозими Каримовнинг ўтган ҳафта Осиё тараққиёт банки йиллик мажлисининг очилишида қилган нутқини назарда тутган.

Жаноб Бенсарса Оврўпо бозори ўзбек газига мунтазир эканини айтиб, айни пайтда Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга зарур бўлган янги технологиялар ва ҳар томонлама қўллов кўрсатишга тайёр эканини билдирган.

"Ўзбекистон ўз энергия соҳасини модернизация қилиш жараёнида. Оврўпо Иттифоқи бу жараёнда Ўзбекистон билан ёнма-ён бўлишга тайёр. Бунинг эвазига биз ҳеч нарса талаб қилмаймиз, фақат энг яхши ва рақобатбардош бозор таклиф қиламиз," деган у.

Бенсарса жаноблари Ўзбекистонда амалга оширилган ва оширилаётган нефт ва газни қайта ишлаш, газдан суюқ ёқилғи олиш лойиҳаларига юқори баҳо бериб "Ўзбекистон аллақачон жаҳон ва ОИ стандартларида ишлашга ўтган" деб айтган.

"Биз газ экспорти йўлларини диверсификация қилиш бўйича ишларни давом эттирамиз. Ўзбек газига мунтазирмиз", деган жаноб Бенсарса.

Айни пайтда яна бир ОИ мулозимларидан бири Оврўпода яқин 15 йилдан буён Марказий Осиё газини экспорт қилиш бўйича "жанубий йўлак" ҳақида гапириб келинади, лекин бунинг орасида Туркманистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга газ этувчи қувур йили ишга тушиб кетгани ҳақида гапирган.

"Оврўпо ҳали ҳам ўз жойида турибди, бизда ҳам пул ва технология бор," деган чехиялик мулозим Вацлав Бартушка. У ҳам президент Каримов нутқига тўхталиб ўтган.

Марказий Осиё гази кўп йиллардан буён Оврўпо Иттифоқи энергия хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил сифатида кўриб келинмоқда ва минтақа мамлакатлари газ қувурларини диверсификация қилишга ундалмоқда.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Руперт Жойга кўра, шу пайтгача фақат Россияга газ сотиш имконига эга бўлган Ўзбекистон учун Хитой газ қувури яхши имконият туғдирган.

"Келажакда ўзбек гази Хитойга ҳам оқа бошлайди. Бу минтақавий ҳамкорликнинг ажойиб намунасидир. Албатта, Хитой газ қувури жаҳон бозорига йўл очмайди. Ўзбекистонда эса катта бозор имкониятлари бор. Хусусан, "жанубий йўлак"ни ривожлантиришдан катта самара кўриш мумкин," деган элчи жаноблари.

Тошкентдаги нефт ва газ конференцияси бу йил 14-марта ўтазилмоқда ва Ўзбекистонда илк марта нефт қазиб олишнинг 125 йиллигига тўғри келган.

Шунингдек, ўтган ойда халқаро консорциум қатнашчилари бўлган хорижий инвесторлар мамлакат тарихида илк марта Орол денгизи ҳавзасида қазиган кондан газ чиқа бошлаган.

Ўзбекистон ўтган йили 61 миллиард куб метр газ қазиб олган ва шундан 15 миллиарди Россиянинг "Газпром" ширкатига сотилган.