Даниил Кислов "Фергана.ру", Алишер Соипов ва сайтнинг "аксилўзбек" кайфияти ҳақида

Даниил Кислов
Image caption "Марказий Осиё минтақасига доир барча ахборотни кузатамиз", дейди Даниил Киcлов

Рус, ўзбек ва инглиз тилларида материаллар эълон қиладиган "Фергана.ру" интернет сайтини бутун дунёда ўқишади.

"Фергана.ру" асосчиси ва бош муҳаррири Даниил Кисловнинг айтишича, ушбу сайтни ташкил этишга 1999 йилдаги Боткен воқеалари туртки берган.

"Ўзи Боткен воқеаларидан ҳам илгари - мен ўзим туғилиб ўсган Фарғона водийсига жаҳонда қизиқиш катта бўлиши керак, деб ўйлардим. Авваламбор, мен ўзимнинг Фарғонам, мен катта бўлган Фарғона ҳақида сайт барпо этиш орзусида эдим. Аммо Боткендаги ҳодисалар дунёнинг бу водийга информацион қизиқишини оширди", дейди Даниил Кислов.

2001 йилда "Фергана.ру" ахборот агентлиги сифатида рўйхатга олинган.

"Фергана.ру" фақат кундалик воқеа-ҳодисаларни ёритиш билан чекланмайди.

"Биз Марказий Осиё минтақасига доир барча ахборотни кузатиб боришга интиламиз. Маданият, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ва бошқалар. Бизнинг мавзумиз ҳамда ахборотни танлаш тамойилимиз битта - у Марказий Осиёнинг бешта республикаси - Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонга тааллуқли бўлмоғи лозим. Табиийки, минтақа ҳаётига у ёки бу шаклда таъсир кўрсатадиган мамлакатлар - Афғонистон, Покистон, Эрон, Хитой ва албатта, Россияни кузатиб борамиз", дейди "Фергана.ру"нинг асосчиси, муассиси ва бош муҳаррири.

"Фергана.ру"нинг адабиётга бағишланган "Кутубхона" ёки "Ферганский альманах" сингари саҳифаларида қатор ижодкорларнинг улкан бадиий асарлари жамланмасидан иборат электрон кутубхона ташкил этилган.

"Фергана.ру"нинг форумини минтақа мамлакатларидаги ҳаёт қизғин муҳокама этиладиган энг катта форум деб аташ мумкин.

Даниил Кислов 1965 йилда Фарғона шаҳрида туғилган.

Фарғона Давлат педагогика институтига ўқишга кирган.

"Пахта теримига боришдан бош тортганим учун 2-курсдан мени институт талабалари сафидан чиқаришган", дейди Даниил.

Фарғона ва Тошкент шаҳарларида турли нашриётлар, босмахоналарда ишлаган.

"Ўзбекистондаги охирги иш жойим "Звезда Востока" журнали бўлган. 1994-1995 йилларда журналнинг наср бўлими бошлиғи бўлганман", дейди Даниил Кислов.

У 1995 йилдан буён фаолиятини Москвада давом эттиради.

Би-би-си меҳмони Даниил Кисловнинг интернет сайтимиз муштарийлари ва радиотингловчиларимиз саволларига жавоблари

Би-би-си: Ҳурматли Даниил, "Фергана ру" веб-сайтини ташкил этиш ғояси қандай туғилган? Шу ҳақда батафсил сўзлаб берсангиз.

Даниил Кислов: Мен 1995 йилда Москвага доимий яшаш учун кўчиб келдим. Ўша пайтларда мен Фарғона шаҳрини, ўзимнинг болалигим, мен ўсиб катта бўлган жамиятни қаттиқ соғинардим. Мен бир пайтлар Фарғонада бирга умргузаронлик қилганимиз инсонлар - кимдир бошқа жойларга кўчиб кетди, кимдир ҳамон Фарғонада қолган - ўша инсонлар билан яна мулоқотни хоҳлардим. 1997 йилларда Москвада интернет анча оммалашди - биз интернет нима эканини яхши билиб олдик. Мен интернетнинг имкониятларидан фойдаланиб ўзимнинг Home Page имни ташкил этишга қарор қилдим. Ўша йиллари ҳар бир кишининг ўзининг хусусий интернет саҳифасини очиш модага айланган эди. Мен хусусий интернет саҳифа очишни мақсад қилар эканман, буюк Ирланд ёзувчиси Жеймс Жойснинг сўзларини эсладим: "Агар Дублин шаҳри вайрон бўлса, шаҳарни менинг "Улисс" романим асосида қайта тиклаш мумкин бўлади". Чунки бу романда Дублин жуда яхши тасвирлаб берилган, ҳар бир ариғи, ҳар бир кўчаси ва бурчагигача. Мен эса ўзимнинг сайтимда Фарғона шаҳрининг менга суюкли ҳар бир бурчаги, Фарғона шеърияти, Фарғона тасвирий санъати, дўстларимнинг ижоди намуналари жой олишини хоҳладим. Қисқа қилиб айтганда, мен ўзимнинг ўтмишим гуманитар томонига бағишланган интернет саҳифа барпо этдим. Аммо айнан мен "Фергана.ру" сайтини ташкил қилган 1999 йилда ҳаммага яхши таниш Боткен ҳодисалари юз берди. Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг жангарилари Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғона водийсининг Ўзбекистондаги қисмига ўтишга ҳаракат қилдилар. Ўртада қисқа жанглар бўлиб ўтди, бу жанглар овозаси бутун дунёга ёйилди. Жангарилар ўтмоқчи бўлган жойнинг номи - Фарғона, Фергана сўзи бирданига кўпчиликнинг оғзига тушди. Фарғона водийси ҳақида жаҳон нашрлари, халқаро ахборот агентликлари ёзишни бошладилар. Москвада бўлиб турган менинг ўзимга қизиқ эди - нималар бўлаяпти у тарафларда? Мен қўлимга тушган Россия ёки жаҳон ахборот агентликларининг шу ҳақда тарқатаётган хабарларини олиб, ўзимнинг сайтим "Фергана. ру"га қўя бошладим. Шуни тушундимки, мен интернет саҳифага қўяётган хабарлар сайтимга кираётган ўқувчиларга ҳам қизиқ экан. Бир кунда менинг сайтимга дунёнинг турли бурчакларидан 100 та одам кираётганини кўриб, жуда ҳайратланганман. Шундан кейин "Фергана.ру"нинг ахборот йўналишини кенгайтирдим. Менинг ёдимга Фарғона ёки Тошкент шаҳрида, Ўзбекистоннинг бошқа жойларида ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида ҳам менинг журналист ё бошқа касбдаги дўстларим тушди. Улар кўмагида фақат Фарғона водийси эмас, бутун минтақа ҳақида хабар тарқатадиган ахборот агентлигини ташкил этиш ғояси туғилди менда. Ва биз Россия матбуот вазирлигига ариза бериб, "Фергана. ру" ахборот агентлиги сифатида рўйхатдан ўтдик.

Бугун "Фергана. ру" ижодий жамоаси неча кишидан иборат?

Даниил Кислов: Кўпчилик, "Фергана.ру" машҳур, кўпчиликка таниқли нашр, бу сайтнинг ўқувчилари сони кўп, шунинг учун бу катта империя, Москвадаги улкан бинолардан бирига жойлашган йирик ахборот агентлиги, деб ўйлашади. Мен сизга ўзимизнинг касбий фаолиятимизга тааллуқли сирларни очмасликка ҳаракат қилган ҳолда қуйидагиларни айтишим мумкин: "Фергана.ру" фаолиятини уч муҳаррир юритишади. Бош муҳаррир менинг ўзимман. Менинг яна икки аёл ҳамкасбим бор. Бизнинг вазифамиз таҳрир қилишдан иборат. Интернет сайтнинг асосий ишларини эса бутун Марказий Осиё минтақаси бўйлаб сочилиб кетган мухбирларимиз бажаришади. Охирги "Қирғиз инқилоби"дан кейин(Ишқилиб, охиргиси бўлсин) - 7 апрел ҳодисаларидан кейин Москвадаги бир неча матбуот ходимлари мендан сўрашди: "Сизлар қандай қилиб воқеаларни бунча тез ёритишга муваффақ бўласизлар? Мана Таласда тўполон бўлганда дарров ёритдингиз? Эртаси куни асосий воқеалар Бишкек ёки Жалолободга кўчганда, мухбирларингиз тезда у ердан хабар беришди. Сиз у ерга Москвадан мухбир юборасизми?" Мен уларга шундай дедим: "Йўқ, биз мухбир юборганимиз йўқ. Фақат ўша шаҳарда яшайдиган, ўша шаҳардаги оммавий ахборот воситаси учун ишлайдиган журналистлар билан бизнинг алоқаларимиз яхши. Қаердадир нимадир юз берса, биз ўша жойдаги бизга таниш журналистдан бу ҳақда хабар беришни илтимос қиламиз, холос". Ҳозир бизнинг минтақадаги мамлакатларда 25 га яқин мунтазам фаолият юритадиган ўз мухбирларимиз бор. Ва биз билан ҳамкорлик қилишга тайёр юзтача журналист билан доим мулоқотдамиз. "Фергана.ру"нинг контентини оператив тарзда тўлдиришга кўмак бераётган бу инсонлардан миннатдорман. Ва бизнинг икки таржимонимиз бор, улар рус тилидан ўзбек тилига, инглиз тилига таржима қилишади.

Би-би-си: Бизнинг бир неча ўқувчимиз "Фергана.ру" қандай молияланиши билан қизиққан.

Даниил Кислов: Узоқ вақт "Фергана. ру" менинг шахсий пулларим эвазига "яшаган". У пайтларда мен ахборот агентлигида ишлардим, ва ўзимнинг хусусий бизнесим бор эди. Ўзимдан, оиламдан орттирган маблағимни "хоббим" ҳисобланган сайтимга сарфлар эдим. Ҳамма ишимни ташлаб, фақат "Фергана.ру" билан шуғулланишга қарор қилганимдан кейин қаердандир маблағ топиш масаласи кўндаланг бўлди. Ҳозир бизнинг бир неча доноримиз бор. Улар халқаро ташкилот ҳисобланади. Улар билан бизнинг ўртамизда эришилган шартнома бўйича мен уларнинг қайси ташкилот эканини ошкор қилмаслик мажбуриятини олганман, шунинг учун буни айтолмайман. Айтишим мумкин бўлган нарса шуки, бу донорлар бизга унча катта ҳисобланмаган миқдорда молия беришади, аммо бунинг эвазига бизнинг зиммамизга ҳеч қандай мажбурият юкланмайди. Биз кимдандир маблағ олсак-да, ҳеч қачон ҳеч кимнинг вазифасини, ҳеч кимнинг дастурини бажармаймиз. Донорлар бу маблағларни бизга ўзимизнинг оммавий ахборот воситамизни ривожлантириш учун беришади. Шунингдек, биз ширкатларга, бизнинг ҳамкорларимиз бўлган оммавий ахборот воситаларига сайтимиздан жой берамиз, уларнинг рекламаси ёки янгилиги "Фергана.ру" да жойлашгани учун бизга улар ҳақ тўлашади. Молиямиз манбалари мана шу.

Би-би-си: Жаҳон Ражабий исмли ўқувчимиз мактуби: Qurbon aka, agar adashmasam sizni saytingiz qaysidir yili O'zbekistondagi hukumat uyushtirgan Internet festivalida bosh sovrinni olgan edi. Hozir esa Ferghana.ru hukumat qora ro'yhatida va block qilingan O'zbekistonda. Buni qanday tushunish mumkin?

Даниил Кислов: Ўзбекистонда ўтказилган интернет-фестивалларда бизнинг сайтимиз соврин олгани ёдида қолган муштарийлар борлигидан хурсандман. Чиндан ҳам 2000 йили ва 2001 йили "Фергана. ру" Ўзбекистонда ўтказилган бу тадбирларда мукофотларни қўлга киритган. Биринчи совринимиз "Ўзбекистон ҳақида ёзаётган энг яхши хорижий сайт" мукофоти эди. Иккинчи марта "Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши ахборот ресурс" деб номланган номинация бўйича мукофотланганмиз. Бу ҳодисалар Андижон воқеаларидан, "катта ўзгаришлар"дан анча олдин юз берганди. У пайтларда мен Ўзбекистонга тез-тез бориб турардим, Ўзбекистон мансабдорлари билан тез-тез мулоқот қилардим. Мен ўйлардимки, биз ҳаммамиз бир мақсад йўлида - Ўзбекистонни демократлаштириш йўлида меҳнат қилаяпмиз. Мамлакатда ошкоралик бўлиши, Ўзбекистоннинг имкониятларини очиш ҳаммамизнинг мақсадимизга хизмат қилади, деган фикрда эдим. Ва биз ҳаммамиз битта катта умумий ишни бажараяпмиз, деб ўйлаганман ва бу совринларни олганимдан чиндан фахрланганман. Аммо Андижон ҳодисаларидан кейин Ўзбекистон расмийлари "Фергана.ру"ни "Ўзбекистоннинг душманлари" рўйхатига киритишди, унга тўсиқ қўйишди. Бунга "Фергана.ру" мухбири Алексей Волосевичнинг қонли ҳодисалардан кейин ҳам қолиб материаллар узатгани сабаб бўлди. Андижондан ҳамма жаҳон агентликлари мухбирларини, "Рейтер", Би-би-си, "Озодлик" ва москвалик мухбирларни қувиб ҳайдашганидан кейин ҳам Алексей Волосевич Андижонда қолди ва ўн кун у ерда яшади. У Андижонда асосий майдонда отиб ўлдирилган инсонлар ҳақида мақолалар ёзди. Бу мақолалар Ўзбек расмийларининг "Фергана.ру" сайти учун "охирги ҳукм"ни ўқишларига туртки берди. Сайтимизга тўсиқ қўйдилар, мана беш йилдирки, Ўзбекистонда "Фергана.ру"га тўсиқ қўйилган, сайтга фақат прокси-серверлар орқали кириш мумкин. Бугун ҳам Ўзбекистонда қолиб яшаётган Волосевичга эса икки марта суиқасд уюштиришди. Шу нарса аёнки, тарих ва сиёсат мустақил матбуот билан расмий ҳокимиятнинг ўзаро муносабатига таъсир кўрсатади. Биз ҳар доим Ўзбекистоннинг расмийларига очиқ бўлиб келганмиз, биз эмас, улар биздан "бекинишди". "Фергана.ру" 2001 йилда - мукофот олган пайтда қандай сиёсат юритган бўлса, ҳозир ҳам ўша сиёсатни юритаяпти. Биз нима ҳақида қандай ўйлаётган бўлсак, шундай ёзаяпмиз, аммо бу афтидан Ўзбекистон ҳокимиятига ёқмаяпти. Шунинг учун бизнинг сайтимизни ёпишаяпти, бизнинг интернет саҳифамизни "қора рўйхат"га киритишган.

Би-би-си: Бизнинг электрон почтамизга хат йўллаган бир неча ўқувчимиз раҳматли Алишер Соипов ҳақида савол беришган. Сиз Алишерни қандай хотирлайсиз?

Даниил Кислов: Алишер менинг яқин дўстим, қайсидир манънода, шогирдим ҳам эди. Биз иккимиз 2004 йилда танишган эдик. Алишер ёш бўлишига қарамасдан, жуда истеъдодли журналист эди, бир неча хорижий оммавий ахборот воситаларига материаллар узатарди. Мен, Алишер - охиригача боришдан қўрқмайдиган кам сонли журналистлардан эди, деб ўйлайман. Чиндан ҳам бундай журналистлар кам топилади. У ўзининг ички қонуниятларидан келиб ташқи кучларни умуман тан олмас эди. У ҳар доим ҳар бир ҳодисанинг моҳиятига ўзи, ҳеч нарсадан қўрқмасдан, мардона етиб боришни хоҳлар эди. У нормал журналистик ишни бажаришни истар эди. Аммо нормал журналистика билан шуғулланишнинг бугунги Қирғизистон шароитида имкони йўқ экан. Алишер "Сиёсат" деб номланган ўзбек тилида рўзнома нашр эта бошлади. Бу газета Ўзбекистондаги репрессив режимни мафкуравий қўпоришга қаратилган сиёсий нашр эди. Ўзбек режими буни ўзи учун катта хавф деб кўрди. "Сиёсат" Ўзбек режими учун Лениннинг инқилобдан олдинги "Искра" газетасидай нарса эди. 1905 йилда Лениннинг "Искра" варақасини ўқиб ишчилар қанчалар руҳланган бўлишса, Алишер нашр этган "Сиёсат" рўзномасини ўқиган ўзбекистонликлар унда ёзилган гаплардан шунчалар руҳланишарди. Бу Ўзбекистондаги режимга тўғридан-тўғри таҳдид эди, шунинг учун менинг тахминим - Алишерни Ўзбек режими ўлдирди. Алишердек ёрқин истеъдодли ёш журналистнинг умри қотил ўқидан узилганидан жуда афсусланаман.

Би-би-си: Шунингдек, Алишер Соиповнинг "Фергана ру"дан ишдан кетишига нима сабаб бўлгани ҳақида бир неча ўқувчиларимиз сўрашган.

Даниил Кислов: Кўпчилик Алишер билан бизнинг ўртамизда конфликт келиб чиққан, деб ўйлашади. Аслида мен билан Алишер ўртасида икки дўст ўртасида бўлгани сингари, бир-бирига яқин инсонларда юз бериб турадиганидек конфликтлар кўп бўлган. Алишер мени доим "Даниил ака" ёки "Дониёр ака" деб чақирарди. Бунинг учун мен Алишердан миннатдор бўлганман. Аммо бизнинг Алишер билан мутлақ келишмаган ҳолатларимиз бўлган. Мен уни танқид қилардим, мен ҳозирги шароитда бунчалик радикал бўлмаслик керак. Кўкракни ўққа тутиб бермаслик керак, деб унга айтар эдим. Биз ҳозир яшаётган шароитда ўзинг эришмоқчи бўлган нарсага аста-секинлик билан эришиш керак. Балки сенинг ўзинг гапингни кескинроқ оҳангда айтмоқчидирсан, аммо вазият оҳангни юмшатишни талаб қилади. Аммо бу гаплар меваси бироз вақт ўтганидан кейин, балки бир неча йилдан кейин ўз мевасини беришни бошлар. Бу менинг мавқеим эди. Алишер эса кутишни хоҳламас, у қилинган иш натижасини бугун кўришни хоҳлар эди. У билган ва ўйлаган гапини шу ҳолича ёзишни истар эди. Алишер билан биз жанжаллашиб ажралганимиз йўқ. "Фергана. ру"нинг Қирғизистон жануби бўйича мухбир бўлиш Алишер учун торлик қилиб қолди. У ўзининг нашрини ташкил этишга қарор қилди. Мен унга "Алишер, оқ йўл", деб айтдим. Ўртамизда сўкишиш ёки бир-бирини хафа қилишдек ҳодиса бўлган эмас. Биз у билан ўлимидан ярим йил олдин хайрлашдик. Шундан кейин ҳам бизнинг яхши муносабатларимиз сақланиб қолди. Охирги марта биз Алишернинг ўлимидан бир ой олдин учрашган эдик, ўша учрашувимиз суратлари бор. Бизнинг Алишернинг оиласи билан муносабатларимиз яхши эди. Мен унинг отасини, аёли ва кичкина қизини яқиндан биламан.

Би-би-си: Бизга Мубина, Бўстон, Студент имзолари билан келган мактублар эгалари нега "Фергана ру" кўпинча Ўзбекистонни қора бўёқларда кўрсатади, деб сўрашган.

Даниил Кислов: Биз айнан мана шу мазмундаги хатларни кўп оламиз. Биздан нега сиз Ўзбекистонни фақат ёмонотлиқ қиласиз, Ўзбекистон ҳақида фақат танқидий мақола берасиз, деб сўрашади. Бундай одамларга журналистиканинг асосий вазифасини тушунтиришга тўғри келади. Журналистика - жамиятнинг хасталикларини кўрсатиб берадиган соҳадир. Журналистиканинг асосий вазифаси жамиятни мақташ ёки ҳокимиятни улуғлашдан иборат эмас. Мен ўйлайманки, биз Ўзбек жамиятида мавжуд муаммоларни очиб беришимиз керак. Ўзбекистон давлатининг гўзал, буюк зафарлари ҳақида биз ҳикоя қилишимиз шарт эмас. Бу ютуқлар ҳақида "Халқ сўзи" ёки бошқа расмий рўзномалар ҳикоя қилишади. Расмий газеталар бу иш билан ҳар куни шуғулланишади. Ўзбекистон ҳақида фақат мақтовларни ёзадиган рўзномалар жуда ҳам кўп. Агар сизга Ўзбекистон жамиятининг ичидан жой олган қайсидир муаммони ёритаётган "Фергана.ру" ёқмаётган бўлса, "Халқ сўзи"ни ўқинг, деб жавоб бераман мен назарида бизнинг сайтимиз аксилўзбек ёки аксилўзбекистон кўринган ўқувчиларга.

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас