Андижон ҳодисаларига оид янги маълумотлар халқаро ҳамжамиятнинг эътиборига тушмоқдами?

Андижонда нобуд бўлганлар жасадлари
Image caption Андижон ҳодисалари бўйича ҳали маълумотлар қоронғу қолмоқда...

Андижон хунрезлигига беш йил тўларкан халқаро инсон ҳуқуқларини ҳмоя қилиш ташкилотлари ва матбуот томонидан бу ҳодисаларни келтириб чиқарган омиллар, тафсилотларни аниқлаш жараёнларида бир қатор янги маълумотлар юзага чиқди. Улар орасида 13 май куни юз берган ҳодисалардан сўнг шаҳардаги касалхона қарийб турмага айлантирилгани ва у ерда қийноқлар қўлланилгани, ўликхонага Андижон қирғинидан бир неча ой ўтганидан кейин юзлаб жасадлар келтирилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Мустақил текширувлар ўтказиш талаби рад этилиши ортидан Ўзбекистонга қарши жазо чоралари жорий этиб, кейинчалик бу чораларнинг бекор қилган Оврўпо Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият бу янги маълумотларга эътибор қаратяптими? Би-би-си Оврўпо парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раҳбари Ҳейди Ҳаутала (Heidi Hautala):

Ҳейди Ҳаутала: Менимча, бу каби гувоҳлар ва қурбонлар яқинларининг ҳикоялари жуда муҳим. Муаммо яна шундаки, Ўзбекистон ҳукумати Андижон ҳодисалари бўйича мустақил текширув ўтказиш талабларини рад этган. Мен шунга ишонаманки, халқаро ҳамжамият ва Оврўпо Иттифоқи бу каби мустақил текширув ўтказилиши борасида ўз талабларини қайта ва кучлироқ қилиб қўйиши керак. Бу каби текширув албатта ўтказилиши шарт. Агар ҳозирда ҳеч қандай текширувлар натижа бермаётган бўлса, халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бу каби маълумотларни қайд этиб бориши керакдир. Бу йўлда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ўзбек маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорлиги жуда муҳимдир.

Би-би-си: Оврўпо Иттифоки матбуот томонидан ошкор этилган мана шу янги тафсилотларга эътибор қаратиб текширишга ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайсизми?

Ҳейди Ҳаутала: Менимча, Оврўпо Иттифоқи гувоҳлар томонидан айтилаётган бу каби тафсилотларга эътибор қаратиши лозим. Шу йил 5 май куни Ўзбекистон вакиллари билан ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот пайти Андижон билан боғлиқ бир қатор шахслар тақдири ҳақида саволлар кўтарилди ва мен бундан жуда хурсандман. Албатта, бунинг ўзи етарли эмас. Фикримча, Оврўпо Иттифоқи бошқа қадамлар билан бирга бу масалани БМТда ҳам кўтаришга ҳаракат қилиши лозим. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси бу масалани самарали равишда қўтариб чиқиш керак бўлган ердир. Лекин, мен шуни очиқ айтишим керак, Оврўпо Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати ва Ўзбекистонга нисбатан сиёсатдан жуда афсусдаман. Айниқса, ўтган кузда Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларининг олиб ташланиши рамзий қадам дейилди. Лекин, бу жуда салбий рамз бўлди. Бу қадам Ўзбекистонга фуқаро жамиятига қарши сиёсатини давом эттиришида ишонч бағишлади. Оврўпо Иттифоқи эса, ўз хавотирларидан воз кечишга тайёрдек кўринади.

Би-би-си: Андижон ҳодисаларидан беш йил ўтиб ҳам бу жараён давом этаётган кўринади, шундай эмасми, мана яқинда Австралиядан бошпана топиб, кейин ватанга қайтган аёл ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Демак, Андижон давом этмоқда, Оврўпо Иттифоқи эса, буни кўришни истамаяпти, деб ўйлайсизми?

Ҳейди Ҳаутала: Фикримча, Оврўпо Иттифоқи, афсуски, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича ўзининг асосий талабларидан воз кечган кўринади. Бир нечагина инсонлар тақдири масаласини 5 май куни кўтаришдан ташқари, ўйлашимча, Оврўпо Иттифоқининг оҳанги ўта юмшоқ эди. Биз Ўзбекистонда қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва сиёсий мухолифат вакиллари сиёсий асослардаги айбловлар асосида қамоққа ташланганилигини биламиз. Бу эса, Ўзбекистон риоя қилиши керак бўлган ҳамма халқаро масъулиятларининг бузилишини англатади.

Би-би-си: Халқаро ҳамжамият олиб бораётган саъй-ҳаракатлар хорижда бошпана топган Андижонлик муҳожирлар учун жуда самарасиз бўлиб кўриниши мумкин. Улар ошкор этаётган гувоҳликлар ва маълумотларни халқаро қонунлар доирасида илгари суриб, қонуний жараёнда қайд қилинишининг бирон имкони борми?

Ҳейди Ҳаутала: Мен Ўзбекистон вакиллари билан учрашган вақтларим Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари юзасидан мунтазам текширув жараёнига рози бўлиб, берилган ваъдаларини эсга солишга ҳаракат қиламан. Масалан, бир неча ҳафта аввал Оврўпо парламентида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистон 2009 йил март ойида инсон ҳуқуқлари соҳасида баъзи андазаларни яхшилашга ваъда берганди. Ана шу нарсалар мунтазам равишда эслатиб турилиши керак, яъни ҳукумат мана бу нарсани ваъда берди, лекин ҳеч нима ўзгармаяпти қабилида. Лекин, ҳеч бўлмаса, Ўзбекистоннинг рози бўлгани яхши ҳолат ва бу борада босим ўтказилиши давом эттирилиши лозим.

Би-би-си: Лекин, Андижон борасида ҳануз гувоҳлар бир манзарани ҳукумат бошқа бир манзарани тақдим этишмоқда. Борган сари янги маълумотлар ошкор бўлмоқда, ана шу маълумотларни тўплаб халқаро миқёсда қонуний бир доирада кўриб чиқиш мумкин бўлган ташкилот ё-да, механизм борми?

Ҳейди Ҳаутала: Албатта, Халқаро Жиноят Маҳкамаси бор. Аммо, бу каби ишларни Ҳаагадаги Халқаро Жиноят Маҳкамасига олиб чиқиш жуда мушкул вазифа. Мен биламан бу маҳкама инсониятга қарши жиноятлар, инсон ҳуқуқларининг поймол этиш ҳоллари борасида маълумотларни қабул қилиб боради. Ўтмишда фуқаро жамияти вакиллари ўта қатъий далилларни, исмлар, ҳодисалар бўлиб ўтган вақт ва жой ҳақида аниқ маълумотларни жамлаб тўплаб халқаро маҳкамага тақдим этилгани маълум. Шунинг учун, бу маълумотларни йиғиб бориш арзирли иш деб ўйлайман. Умид қиламанки, келажакда Андижон ҳодисалари юзасидан адолат албатта қарор топади. Ўзбекистонни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган нормал демократик мамлакат сифатида ҳозирда қабул қила олмаймиз, чунки бундай эмаслигига қўлимизда далилларимиз кўп. Бу ҳақда мен ўзбек расмийлари билан учрашган пайтим ҳар гал айтаман.

SMS рақамимиз: +447786201124

Бу мавзуда батафсилроқ