Чегара Билмас Мухбирлар Гулноранинг Каннга ташрифидан ҳайратда

Гулнора Каримова
Image caption Гулнора Каримова бир вақтнинг ўзида сиёсатчи, дипломат, дизайнер, шоира ва хонандадир

Пайшанба куни Франса жанубидаги Канн шаҳрида дунёдаги энг машҳур кинофестиваллардан бири очилар экан журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти унга президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг таклиф этилганидан ҳайратга тушганини маълум қилди.

Канн кинофестивали ташкилотчилари Каримова хонимнинг фестивал чорчўбасида ОИТСга қарши хайрия кечасига ҳамраислик қилишини билдирганлар.

"Кино ОИТСга қарши" номи остида ҳар йили ўтказиладиган ушбу хайрия кечаси Америкадаги amFAR нодавлат ташкилоти томонидан уюштирилади.

Чегара Билмас Мухбирлар кеча аҳаммиятини тушунса-да, унда Марказий Осиёнинг "машҳур диктатори" - президент Каримов қизининг иштироки қанчалар муносиб бўлишини савол остига олган.

"ОИТСни бартараф этиш ўта муҳим, бироқ буни тамал қадриятларга зид равишда амалга оширмаслик керак," дея таъкидланади Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти бош котиби, Жан Франсуа Жуллиарднинг Канн фестивали ва "Кино ОИТСга қарши" кеча ташкилотчиларига йўллаган очиқ мактубида.

Ўтган йил ўзбекистонлик 28 яшар Максим Попов ОИТС ва ВИЧ ҳақида огоҳнома чоп этгани учун етти йилга қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Шу ой аввалроқ қатор халқаро ташкилотлар Максим Поповни озод этишни сўраб Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат билан чиқишганди.

Мазкур ташкилотлар орасида amFAR нодавлат ташкилоти ҳам бор.

"Хайрия кечасига донорлик қиладиганлар орасида маҳкамалари Максим Поповни жазога тортган президентнинг қизи Гулнора Каримова ҳам бор. Сизга йирик хайрия ёрдами таклиф қилсалар, иш тамойилларингизни унутиб қўясизми?" дея савол беради Жан Франсуа Жуллиард amFAR раҳбарларига.

Чегара Билмас Ташкилоти Канн фестивали ташкилотчиларига президент Ислом Каримовнинг эркин матбуотнинг "ашаддий душманлари"дан бири эканини эслатади.

Матбуот эркинлиги бўйича Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти тузган рўйхатда Ўзбекистон 175 мамлакат орасида 160 ўринда туради.

Испаниядаги Ўзбекистон элчиси Гулнора Каримовани ОИТСга қарши хайрия кечасида иштирок этишига йўл қўйиш билан кеча ташкилотчилари "нолойиқ мамлакат обрўсини оширишга хизмат қилишади", дея ташвиш билдиради Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти.

Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти Канндаги хайрия кечаси ташкилотчиларини шунингдек Гулнора Каримовадан Максим Попов дохил озодликдан маҳрум этилган барча инсон ҳақлари ҳимоячилари ва журналистларни озод этиш чақириқларини очиқча қўллаб-қувватлашни талаб қилишга чақирган.

SMS рақамимиз: +447786201124