Нима учун Ўзбекистонда "13 май" сўзи пичирлаб айтилади?

Тошкент

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён унинг ташқи ва ички сиёсатида туб бурилиш ясаган қонли Андижон воқеаларига 5 йил тўлар экан, ўтган давр орасида давлат назоратида бўлган ўзбек матбуоти бу кунни бирор марта бўлса-да ёдга олгани йўқ.

Беш йил аввал Андижонда юз берган воқеалар дунё матбуотида ёритилган бўлса, ҳар йили 13 май куни ҳам уларнинг аксарияти томонидан ёдга олинади.

Бироқ юзлаб ўзбекларнинг бошига кулфат солган ва яна юзлаб кексаю-ёш ўзбекнинг уйини бузиб, бутун дунё бўйлаб тарқатиб юборган бу кун Ўзбекистонда сира юз бермагандек.

Май ойи Ўзбекистон сиёсий ҳаётида халқаро воқеаларга бой бўлди. Ой бошида Осиё тараққиёт банкининг 43-йиллик мажлисининг Тошкентда ўтказилгани ва ўнлаб хорижий меҳмонларнинг "мамлакат иқтисодий моделидан ҳайратга тушганликлари"ни ҳикоя қилувчи мақолалар рўзномаларда май ойининг ўрталарига қадар чоп қилинди.

Теле ва радиоканаллар қўшиқдан бўшаган пайтларда тинимсиз кўрсатилди.

Андижон воқеаларининг беш йиллигидан бир кун аввал эса Тошкентда иккинчи халқаро тадбир, Ўзбекистон нефт ва газ кўргазмаси ҳамда конференцияси очилди. Бу ерда ҳам Ўзбекистон мустақилликнинг қисқа даври ичида эришган иқтисодий ютуқлари, айниқса энергия соҳасидаги муваффақиятлари Ўзбекистон матбуот ва телевидениесида хорижликлар тилидан қайтарилди.

Хуллас, бу икки тадбирни ўта юқори даражада ўтказишга тайёргарлик жараёнида пойтахт яшилликка ва гулларга бурканди. Ўзбек телеканаллари мамлакатдаги фаровон ҳаётни акс эттирувчи лавҳаларни тинимсиз кўрсатди.

13 май куни ҳам байрамона кайфиятдаги тадбирсиз қолмади.

12 май куни Ўзбекистондаги мобил телефон операторлари ўз мижозларига смс хабар йўллаб, 13 май куни президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова раҳбарлик қиладиган Фонд форум жамғармаси ўтказаётган хайрия марафонига таклиф қилди.

"Ҳаёт учун" дея номланган ушбу марафон айнан 13 май куни ўтказилишидан ташқари, қонли Андижон воқеасининг Тошкентда ёдга олишнинг рамзига айланиб улгурган Матонат ҳайкали жойлашган Қодирий номидаги кўча бўйлаб ўтказилди.

Унда беш мингга яқин киши, аксар мактаб ўқувчилари ва ўзбек санъати юлдузлари қатнашгани хабар қилинди.

Табиийки, кўча ёпиб қўйилди, ҳайкалнинг атрофи эса фуқаро кийимидаги хавфсизлик кучлари кишиларига тўла бўлди.

Бир неча йилдирки, Ўзбекистондаги кам сонли инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳар йили 13 май кунини ана шу Матонат ҳайкали пойига гул қўйиш билан ёдга олишга уринади ва бунга расмийлар турли тўсиқлар қўяди.

Бу йил фақат бир нафар ҳуқуқ ҳимоячисининг бу ерга етиб кела олгани ҳақида мустақил интернет нашрлар хабар қилди.

Мамлакатдаги бош рўзномалар эса 13 май куни Ўзбекистондаги "иқтисодий фаровонлик" ҳақида ҳикоя қилувчи мақола ва лавҳаларга тўла бўлди.

Жумладан, "Халқ Сўзи" рўзномаси ислоҳотлар рукни остида "қишлоқда саноат корхоналари йил сайин кўпайиб, аҳоли турмуш фаровонлигининг юксалишида муҳим ўрин" тутаётгани ҳақида ҳикоя қилди.

Шунингдек, баркамол авлод йили доирасидаги тадбирлар ва талабаларниннг "Универсида - 2010" ўйинлари ҳақида хабар берди.

"Народное Слово" рўзномаси эса "Ўзбекистон жаҳон матбуоти кўзгусида" рукни остида "Улкан имкониятлар мамлакати" сарлавҳали мақола эълон қилган.

Унда турли хорижий матбуот нашрларида Ўзбекистон ҳақида ёзилган ва мақтовларга тўла мақолалардан турли иқтибослар келтирилади.

Бундан ташқари рўзномада ўқитувчилар учун Фонд Форум таъсис этган грантлар, Гулнора Каримованинг 50 нафардан зиёд ўқитувчига совға ва ёрлиқлар топширгани ҳақида хабар қилинади.

Ушбу хабар 13 май куни деярли барча рўзномалар ва интернет нашрларида ҳам эълон қилинган.

Гулнора Каримованинг жамғармаси ташкил этган яна бир тадбир "Осиё рамзи" номли ёш дизайнер ва моделерлар анжумани ҳамда модалар кўргазмаси 13 май куни бир қанча нашрлар, теле ва радиоканалларда кенг ёритилди.

Хуллас, "13 май" ва "Андижон" Ўзбекистонда пичирлаб айтиладиган сўзлар бўлиб қолар экан, тобора кўпчилик бу сўзларни ёдга олмасликка кўникиб ҳам бўлди.

Расмийлар эса айнан шуни исташади ва бир маънода истакларига эришган ҳам.

Алоқа учун SMS рақамимиз: +447786201124