Азизулло Орол Афғонистонлик ўзбеклар, демократия ва Исломий Ҳаракат ҳақида

Азизулло Орол
Image caption Азизулло Орол Афғонистонда энг кўзга кўринган ўзбек журналистларидан биридир

Би-би-си меҳмони ўзбек радиотингловчилари учун яхши таниш журналист - Азизулло Орол.

Таниқли журналист Азизулло Орол bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Азизулло Орол Афғонистонда ўзбек тилида қалам тебратувчи кам сонли журналистлардан бири.

Азизулло Орол 1986 йилда Тошкент Давлат Университетининг Тил ва Адабиёт факультетини тугатган.

Журналист 1991 йилдан 2006 йилга қадар қароргоҳи Прагада жойлашган "Озодлик" радиоси ўзбек хизматида бошловчилик ва муҳаррирлик қилган.

Орол жаноблари ўз журналистик фаолияти давомида Афғонистон ва минтақага оид сиёсий, ижтимоий ва маданий мавзуларда кўплаб мақола ва радио лавҳалар тайёрлаган.

У шунингдек Афғонистонлик ўзбек болалари учун алифбо, дарий-инглиз-ўзбек фразологик луғати ҳамда афғонистонлик ўзбек муҳожир ёзувчи ва шоирлари ҳақидаги китоблар муаллифидир.

Азизулло Орол бир муддат Афғонистон Маориф вазирлиги ўзбек тили бўлимига ҳам бошчилик қилган.

Гулхумор, Ўзбекистон: 1) Афғонистонда бугун журналист бўлиш осон бўлмаса керак. У ердаги журналистларни Ўзбекистондаги журналистлар билан таққослаганда қандай фарқлар кўзга ташланади?

Азизулло Орол: Албатта, Афғонистондаги ҳозирги мавжуд шароитда журналистик фаолият анча мушкул бўлган ва анча мураккаб бўлган ишлардан бири. Аммо, шунга қарамай, Афғонистонда мавжуд сўз эркинлиги ва янги демократияни қанот ёйиб бориши Афғонистондаги журналистларга Ўзбекистонга нисбатан бир оз журналистик фаолиятларини амалга оширишга замин яратган. Шу боис, бу ерда журналистлар бемалол фаолият қилишлари мумкин ва фаолият қилаяптилар. Аммо, мавжуд уруш шароити ўтган беш-олти йил ичида улардан анчасининг ёстиғини қуритди. Ҳозир ҳам уруш кетаётган минтақалардаги вазият журналистларни у ерда фаолият олиб боришига йўл қўймайди. Журналистларнинг ягона ташвиши - уруш шароитида уларга нисбатан олиб борилаётган бераҳмона муносабат. Шу боис Афғонистондаги аксар журналистларнинг жони ҳозир хатарда, десак ҳам бўлади. Бу, томондан олиб қараганда, албатта. Ўзбекистондаги журналистлар тинч бир шароитда фаолият олиб боради. Биз ҳам истаймизки, Афғонистонда ҳам Ўзбекистондаги тинч шароит ва Ўзбекистонда Афғонистондаги сўз эркинлиги етиб борсин.

2) Афғонистондаги матбуотни озод деса бўладими?

Азизулло Орол: Албатта, қонун нуқтаи назаридан Афғонистондаги матбуотни тўла-тўкис эркин дейиш мумкин. Афғонистонга келган ягона ўзгариш ҳам мана шу соҳада ҳисобланади. Афғонистонда сўз ва матбуот эркинлиги тўла-тўкис эркин, фақат эркин бўлмаган томонлари, албатта, баъзи зўравон шахслар ва баъзи қуролли шахслар томонидан бўғилишидир. Аммо, қонунда Афғонистонда юзда-юз матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги ҳукм сурмоқда.

Бўстон, Ўзбекистон: 1) Афғонистоннинг ечими нимадир? Америка бошчилигидаги кучлар ҳам аниқки, ҳеч бир натижасиз Афғонистондан эртами-кечми чиқиб кетишади. Толибон яна қайтиб келиши мумкинми?

Азизулло Орол: Ҳозирги шароитда Афғонистондан хақларо кучларнинг чиқиб кетиши албатта мавжуд шароитни яна бундан ўн йил олдинги шароитга олиб келиши муқаррар кўринади. Аммо, ҳозир Афғонистондаги уруш ва нотинч шароит ҳукумат ва армияни ўшанга мувофиқлаштириш ва мувофиқ тарзда ҳаракат қилишга ундамоқда. Албаттаки, тарих ҳеч вақт орқага кетмаган. Бундай кейин ҳам Афғонистондаги ҳукумат кучлари ва уларга ёрдам бераётган хорижий кучлар Афғонистонда ундай бир мудҳиш шароитни қайта вужудга келишига йўл қўймаслиги кўриниб турибди.

2) Умуман нима қилиш мумкинки, Афғонистонда тинчлик-фароғат ўрнатилсин ва афғон диёри ривож олсин?

Азизулло Орол: Жуда қизиқ савол. Ҳақиқатан, ҳозирга қадар афғонистонликлар ва Афғонистонга ёрдам бераётган кучларни ҳам мана шу савол қизиқтириб келаяпти. Нима қилиш керакки, бу ерда вазият тинчланса? Нима қилиш кераккки, бир осойишта шароит Афғонистонга келса? Шахсий нуқтаи назаримда Афғонистонга демократия бир оз вақтли етиб келган. Афғонистонга келган ҳар қандай янгича услублар ҳозирги Афғонистон шароитига мос равишда амалга оширилмаяпти. Ҳар бир минтақанинг, ҳар бир мамлакатнинг ички вазиятидан ва халқининг саводлилик даражасидан келиб чиқиб, у ерда ҳар қандай янгиликни амалга оширишга эҳтиёткорона ёндашиш керак. Албатта, халқнинг ўзига эркинликни бериш керак ва халқнинг менталитетидан келиб чиқиб, миллий урф-одатларини назарга олган ҳолда, толиблар билан қурол-аслаҳа орқали тўқнашиш эмас, балки юзма-юз музокаралар ўтказиб, Афғонистоннинг ўз миллий суннатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилса ва, шунингдек, мавжуд турли миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва уларнинг давлатда иштирокини тўғри равишда амалга оширса, менимча, Афғонистонда энг тез, энг яхши, энг унумли ва самарали тинчликни ўрнатиш мумкин.

Раҳмон, Кобул: Толиблар билан мулоқот қилиш натижа беришига ишонасизми?

Азизулло Орол: Ҳар қандай томон билан усулий шаклда, тўғри шаклда музокара олиб борилса, албатта натижа бериши мумкин. Толибларнинг ҳам аксарияти Афғонистоннинг ўз аҳолиси, Афғонистоннинг бир қисмида яшовчи ва яшаб келган халқ. Аммо кейинги пайтларда бошқа мамлакатлардан ҳам буларга қўшилган инсонлар бўлиши мумкин. Дунёда ҳеч нарса устидан мантиқчалик ғалаба қозонган бир омил йўқ. Албатта, мантиқий равишда ҳар томон билан музокара олиб борсангиз, натижа бериши мумкин.

Одил, Тошкент: Ҳурматли Орол жаноблари! Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Америка Афғонистонда олиб борган амалиёти натижасида кучсизланиб қолгани маълум. Ҳаракатнинг қайтадан куч олиш эҳтимоли қанчалар катта?

Азизулло Орол: Бу тўғрида мен аниқ бир нарса дея олмайман. Чунки, Афғонистон ичкарисида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолияти, дейлик, сезиларли даражада эмас. Уларга нисбатан бошқа Афғонистон давлатига қарши қуролли гуруҳларнинг фаолияти анча кучли ва анча сезиларли. Албатта, ҳар қандай ҳаракат, ҳар қандай гуруҳ агар кучли ҳимояга ва кўп аъзога эга бўлса, Афғонистон, Покистон ва бошқа минтақа мамлакатларида уларнинг фаолиятига анча шароит борки, қайта етиштириб ўз ҳаракатларини давом эттирсалар. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон учун эмас, кўпроқ Ўзбекистон учун ҳаракатларни давом эттириб келган. Шунинг учун бир гуруҳнинг Афғонистон тупроғидами, бошқа тупроқдами ўз фаолиятини давом эттириши унинг ўз олдига қўйган мақсадларига боғлиқ.

Одилжон Маҳдумий, Ўш: Қирғизистонда бўлаётган воқеаларга журналист сифатида муносабатингиз? Бу кетишда Афғонистон ҳолатига тушиб қолиш эҳтимоли мавжуд эмасми?

Азизулло Орол: Ҳар қандай демократик ҳаракатлардан хавотирга тушиш, менимча, тўғри бўлмаса керак. Қирғизистон аҳолиси, албатта, қуролсиз бир ҳаракатни бошлади ва ҳукуматга қарши ўз эътирозларини билдирди. Чун Қирғизистон ваё минтақадаги бошқа давлатлар Совет Иттифоқи таркибидан ажралиб чиққандан кейин, улар демократияга ошиқ бўлиб, яъни демократия билан энди-энди танишиб келаётган халқлар. Бу халқларни қайси йўлга йўналтириш, қайси йўлдан олиб бориш демократияни бир оз тушуниб, демократия фойдаларини бир оз ҳис қила бошлаган инсонларга боғлиқ. Афғонистондаги ҳаракатлар билан Қирғизистондаги ҳаракатларни асло таққослаб бўлмайди. Бу ерда фундаментализм элементлари кучлироқ ва улар Исломий бир кўз қарашда. Улар Исломий бир давлат учун ҳаракат қилиб келаяпти. Аммо Қирғизистонда ҳукуматни олиб бораётган сиёсатидан норози кишилар унинг ўрнига халқ талабига жавоб берадиган давлатнинг вужудга келишини истайди. Шунинг учун минтақадаги демократик ҳаракатлардан, менимча, асло чўчимаслик керак. Аҳмад, Берлин: Афғонистонлик ўзбекларнинг миллий ўзлигини топиши учун қандай ишлар амалга оширилиши керак?

Азизулло Орол: Фақат Афғонистонда эмас дунёнинг ҳар юртида бир халқ 21-асрда токи илм-фан жиҳатидан ўзини етиштирмаса, уруш-жанжал ва тўполон билан умуман бир жойга етиша олмайди. Афғонистондаги ўзбеклар ҳам, бундан кейин агар Афғонистон давлатида ўз иштирокини истаса, агар Афғонистон жамиятида ўз ўрнини кўришни истаса, ҳозирги илм-фан ва техника билан бирга етишишлари керак. Улар илм-фан ва техникани тўғри, 21-асрга мос равишда эгаллашлари керак. Тўғри, Афғонистонда уруш кетаяпти. Умуман олганда, Афғонистоннинг жануб қисматларида ҳалиям уруш шароити ҳукмрон. Бу уруш яна бир неча йилга чўзилар, аммо у миллатнинг тараққий этиш воситаси эмас. Бу уруш мамлакат миллатларини орқага кетишига сабаб бўлган омил. Афғонистондаги ўзбеклар ўзларини дунёнинг бошқа миллатлари қаторида ё мамлакатнинг бошқа халқлари қаторида кўрмоқчи бўлсалар, ягона йўл – улар илм-фан ва техникани эгаллашлари керак.