'Эзгулик' инсон ҳуқуқлари жамиятининг архиви йўқолган

Image caption "Эзгулик" жамиятининг фаолиятига доир асосий ҳужжатлар сақланган компютер қаттиқ диски ўғирланган

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятидан хабар қилишларича, жамиятнинг Тошкентдаги идораси ўмарилган.

Душанба куни ишга келган инсон ҳуқуқлари фаоллари ташкилот архиви сақланган компютердаги қаттиқ диск йўқолганидан бохабар бўлганлар.

"Эзгулик" жамияти аъзолари 24 май куни ўзларининг идораси эшиги муҳрланганини кўришган.

Жамият жойлашган бино қоровулининг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига айтишича, бинони назорат қилиб юриб, "Эзгулик" жамиятининг эшиги очиқлигини кўриб қолган ва эшикни муҳрлашга қарор қилган.

Жамият фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, эшик очилиб ичкарига кирган "эзгулик"чилар ўғрилик содир этилганини аниқлаганлар.

Ташкилотга қарашли бўлган асосий компютер қаттиқ диски йўқолган.

"Бу дискда "Эзгулик" жамиятининг бор архиви, муҳим ҳужжатларимиз, лойиҳаларимиз сақланарди", деб айтди Абдураҳмон Ташанов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Тошкент милициясига хабар беришган.

Милиционерлар ҳодиса жойида бармоқ изларини олганлар.

"Эзгулик" бу борада баёнот эълон қилиш ниятида.

SMS рақамимиз: +447786201124

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас