Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтирганлик учун жиноий жазо жорий этилди

Image caption ОИТСни келтириб чиқарувчи ВИЧ вирусини беморларга юқтирганлик учун масъул шифокорлар энди жиноий жавобгарликка тортиладилар

Ўзбекистонда ўз касбий масуълиятига бефарқлик натижасида ОИТС касаллигини келтириб чиқарувчи ВИЧ вирусини беморларга юқтирган шифокорлар учун жиноий жазони назарда тутувчи қонун кучга кирди.

"Газета.uz" Интернет саҳифасида бу борада қонунга киритилажак ўзгартиришларга президент Ислом Каримов имзо чекканлиги хабар қилинади.

Аввалроқ бу қонун Олий Мажлис ва Сенат томонидан маъқуллангани айтилган.

Эндиликда касбий фаолиятига бефарқлиги туфайли ВИЧ вирусини беморга юқтирган тиббиёт ходими олти ойга қадар ҳибсга олиниши ва беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Ўтган йили Намангандаги шифохоналардан бирида 150 ка яқин бола қон қуйиш йўли билан ВИЧ вирусини юқтирганликлари ҳақида хабарлар тарқаганди.

Кейинчалик Интернетда Ўзбекистон телевидениеси суратга олган, аммо намойиш этилмаган ҳужжатли фильм пайдо бўлди ва унда расмийлар ВИЧ вируси юқтирилган болалар сони 147 нафар, деб айтишганди.

Фильмда ВИЧ вируси юқтирилиши оқибатида ҳалок бўлган болалар сони 14 нафар, дея атилган.

Би-би-си билан суҳбатда эса, Намангандаги касалхона шифокорларидан бири ВИЧ юқтирилганлар асосан янги туғилган чақалоқлар эканини билдирганди.

Аммо расмийлар бу ҳодиса ҳақида бирон маълумот беришмаган.

Лекин кейинчалик мазкур ҳодиса юзасидан прокуратура текширувида иштирок этган Тошкентдаги ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Собир Усмонов Би-би-си билан суҳбатда ўтган йили Намангандаги икки шифохонада жаъми 24 нафар болага ВИЧ вируси юқтирилган бўлиши мумкинлигини айтганди.

Жаноб Усмоновга кўра, шунда ҳам бу хусусда аниқ хулоса чиқариш қийин.

"Болаларнинг ота-оналари соғ эди, эҳтимол улар шифохонада юқтирган бўлишлари мумкин, чунки ўша ерда манба, яъни касал бўлган ходимлар бор эди, манба бўлгач, ўшандан ўтган бўлиши мумкин, деган хулосага келганмиз," деганди ўзбекистонлик масъул.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Марказий Осиё ВИЧ энг тез тарқалаётган ҳудудлардан бири саналади.

Дунёнинг аксарият ҳудудларида бу вирус анча назорат остига олинган бўлса, Шарқий Оврўпо, Россия ва Марказий Осиё касаллик тарқалишининг ўчоғига айланиб бормоқда.

ВИЧга чалинганларга нисбатан ёвқараш ҳамон сақланиб қолаётгани айтилади.

Аҳоли орасида етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмайди ва Ўзбекистон бундан истисно эмас.

Мамлакат мутассаддилари бу каби касалликлар ҳақида очиқ сўз юритишмайди.

Ўтган йил 28 яшар Максим Попов айнан ОИТС ва ВИЧ ҳақида огоҳнома чоп этгани учун етти йилга қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

SMS рақамимиз: +447786201124