'Адолат тизимидаги бўшлиқ миллионларга қимматга тушмоқда'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Душанбедаги мухбиримиз Мустаҳкам Тангриёрова суҳбатга чорлаган самарқандлик аёл (Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-модда билан айбланган) 11 йилдан буён "Жаслиқ" қамоқхонасида сақланаётган эрининг кечмишидан ҳикоя қилади.

Image caption Халқаро ташкилотга кўра, қийноқ ёки бошқа номақбул усулларни қўлловчи давлатларнинг сони камида 111 тага етган

Amnesty International халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотига кўра, дунёда қийноқларни қўллаётган, адолатли маҳкамага имкон бермаётган ва сўз эркинлигини буғаётган давлатларнинг сони ортган.

Халқаро ташкилот бу ҳақда дунёдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга бағишланган янги йиллик ҳисоботида тўхталиб ўтган.

Ҳисоботда келтирилишича, маҳбусларни қийнаётган ёки уларга номақбул муносабатда бўлаётган давлатларнинг сони бир йилнинг ичида 33 тага ортган. Ўтган йили бу каби мамлакатларнинг сони 78 та бўлса, бу йил камида 111 тага етган.

Сўз эркинлигини чеклаётган давлатларнинг сони ҳам қарийб етти маротабага кўпайган.

Халқаро ташкилотга кўра, Оврўпо ва Марказий Осиёнинг муайян қисмларида "сўз эркинлиги чекланади ва фуқаровий жамиятнинг амал қилишига тўсқинлик қилинади".

Ўзбекистон, Россия, Туркия, Туркманистон, Озарбайжон ва Беларусда сўз эркинлигига қарши адолатсиз чекловлар амал қилади.

Amnesty International мазкур минтақаларнинг айримларида яна "ирқчилик, ксенофобия ва тоқатсизлик ҳоллари ҳам кескин ортгани"дан хавотир билдирган.

Халқаро ташкилот муваққат Бош котиби Клаудио Кордоне, "Миллионлаб инсонларни зўравонлик, таъқиб ва қашшоқликка дучор этиб, халқаро адолат тизимида қатағон ва адолатсизликлар гуллаб-яшнамоқда," дейди.

Жаноб Кордоненинг сўзларига кўра, "ҳукуматлар ўз сиёсий манфаатларини адолатдан устун қўйишни бас қилишмагунларича, инсониятнинг катта қисми қўрқув ва чорасизликдан халос бўла олмайди".

Россия, Хитой ва АҚШ эса, Халқаро Жиноят маҳкамасига аъзо бўлмай, қонунни назар-писанд қилмаётганликлари урғуланади.

Amnesty International, ўз ўрнида, халқаро адолат тизимини сиёсийлашганликда танқид қилади.

Ҳисоботда айтилишича, дунёнинг қудратли давлатлари сиёсий қизиқишларини адолат, қонун устиворлигидан олдинга қўйишади ва иттифоқчиларини жавобгарликдан ҳимоя этишади.

Халқаро ташкилотнинг 420 саҳифали ҳисоботида жаҳоннинг 159 давлатидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият таҳлил этилган.