Хайрулло Ҳамидов 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

Image caption Хайрулло Ҳамидов ўзига қўйилган айбларни рад этган

Янгийўлдаги ёпиқ маҳкамада Хайрулло Ҳамидовга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

У билан бирга маҳкамага тортилган 13 киши шартли жазо билан суд залидан озод этилган.

Аммо маҳкама 35 ёшли Хайрулло Ҳамидовни ноқонуний диний гуруҳга аъзолик ҳамда жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор, деб топган.

Журналист жазони умумий тартибдаги колонияда ўташи айтилган.

Маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбларни рад этган.

У айблов томони ашёвий далил сифатида тақдим этган ва "жамоат хавфсизлигига таҳдид" экани даъво қилинган аудио ва видео материаллар радио ва телевидениедаги муаллифлик дастурларида эфирга узатилганини айтган.

Бошқа айбланувчилар ҳам Хайрулло Ҳамидовнинг айбсизлиги ҳақида кўрсатма берганлар.

Хайрулло Ҳамидов устидан маҳкама 11 май куни ниҳоясига етган, аммо маҳкама ҳукми номаълум саббаларга кўра уч марта кечиктирилган.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовга кўра, айбланувчиларнинг барчаси тергов жараёнида руҳий ва жисмоний қийноқларга тутилганликларини айтишган.

Уларнинг биронтаси ҳам маҳкама жараёнида ўзларига қўйилган айбга иқрор бўлмаганлар.

Сурат Икромовнинг ҳимоячиларга иқтибосан айтишича, улар маҳкама ҳукмидан шикоят этиш ниятида.

Ёпиқ маҳкама

Хайрулло Ҳамидов ва "жиҳодчилар" деб аталаётган ноқонуний диний гуруҳга аъзоликда айбланган яна 18 киши устидан маҳкама ёпиқ ва кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтган.

Маҳкама жараёни кечган Янгийўл туман суди биносига олиб борувчи йўлларнинг ёпиб қўйилгани хабар қилинган.

Расмийлар маҳкамани ёпиқ ўтказиш қарори тафсилотлари ҳақида на айбланувчиларнинг яқинлари ва на журналистларга маълумот беришмаган.

27 май куни ниҳоий ҳукм эълон қилинаркан, айбланувчиларнинг яқинлари ва у ерда ҳозир бўлган ҳуқуқ фаоллари ҳамда АҚШ элчихонаси дипломати маҳғкама биносига қўйилмаган.

Таниқли спорт шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи бўлган Хайрулло Ҳамидов шу йилнинг 22 январида ҳисбга олинганди.

Халқаро ташкилотлар 35 ёшли Хайруллло Ҳамидовни ҳибсдан озод этиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатлар билан чиқишган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, "ўзбек расмийларининг Хайрулло Ҳамидовни ҳибсга олиш учун қўйган важлари шубҳали ва ҳар бир мустақил инсонни экстремист сифатида кўрсатишга қаратилган".

Футбол шарҳловчиси сифатида спорт мухлислари эътиборига тушган Хайрулло Ҳамидов кейинроқ ўзининг диний-маърифий мавзудаги радиодастурлари билан халқ орасида танилган.

Унинг шеър, эссе ва маърузалари ёзилган аудио ҳамда видео ёзувлар интернет, шунингдек, минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалган.

Мухлисларига кўра, Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонган.

Хайрулло Ҳамидов асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилган.

Ўзбекистонда Ислом давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади ва ҳукумат сиёсий ўзгача фикрга тоқатсиз бўлгани каби, диний ўзгача фикрни ҳам бостиришга уринади.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни дин эркинликлари борасида алоҳида хавотирга сабаб бўлаётган давлатлар қаторига киритган.

'Жиҳодчи'

Хайрулло Ҳамидов Ўзбекистонда фаолияти тақиқлангани айтилган ва "Жиҳодчилар" деб аталган гуруҳга аъзо бўлиш ва жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланган.

Айблов хулосасида ёзилишича, Ҳамидов ўзи билан судланаётган бир неча шахс билан биргаликда ташкил қилинган "Жиҳодчилар" экстремистик ноқонуний оқимга аъзо бўлган, оқимнинг мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда фаолиятини кенгайтириш мақсадида Тошкент вилояти Чиноз шаҳрида яшовчи, етарли диний билимга эга бўлмаган турли диний йўналиш вакилларини, яъни "Тариқат йўналиши, "Салафия" йўналиши ва бошқа диний йўналишга аъзо шахсларни жалб қилиб, турли диний курашчиларни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2008-2009 йилларда, Тошкент вилояти ва шаҳри ҳудудида ўтказилган "Жиҳодчилар" экстремистик ноқонуний оқимининг йиғилишларида иштирок этган ва ноқонуний равишда жиҳод, ҳижрат, ислом давлатининг афзалликлари тўғрисида маърузалар ўқиб келган.

Ушбу хулоса асосида таниқли журналистга жиноят кодексининг 244-моддаси 2 банди бўйича айблов қўйилмоқда. Мазкур айблов банди "диний экстремистик, сепарастик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок қилиш"ни назарда тутади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси тергов бўлинмаси катта терговчиси Адлия подполковниги Н. Р Аюпов томонидан ёзилган айблов хулосасига кўра, Хайрулло Ҳамидов Жиноят кодексининг 244- моддасининг 1-банди билан ҳам айбланган.

Ушбу айблов банди "жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш"ни назарда тутади.

Хулосада ёзилишича, журналистнинг уйи тинтув қилинганда, Абдували қори Мирзаев ва Обид қори Назаровларга тегишли аудио овозлар ва араб алифбосидаги китоблар топилган.

Айблов хулосасида уларнинг Ўзбекистонда "Ваҳобийлик" ноқонуний диний-экстремистик оқимини ёйганликлари даъво қилинади.

Охирги вақтларда Ўзбекистон маҳкамалари "жиҳодчи" ва "ваҳҳобийлик" да айбланган ўнлаб инсонларни узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган.

SMS рақамимиз: +447786201124