Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти Хайрулло Ҳамидовга чиқарилган ҳукмни қоралади

Хайрулло Ҳамидов
Image caption Хайрулло Ҳамидов январ ойида ҳибсга олинганди

Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти таниқли спорт шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулло Ҳамидовнинг 6 йилга озодликдан маҳрум этилишини қоралаб чиққан.

"Биз бу ҳукмни мутлақо қоралаймиз. Биз Хайрулло Ҳамидовнинг ҳақиқатда ҳам экстремист бўлганига шубҳа қиламиз. У машҳур журналист. Унинг Исломга бағишланган дастури бор эди. Одатда сўз эркинлиги, дин эркинлиги ҳамда ўз эътиқодингизга бағишланган дастурлар тайёрлаш учун эркинлигингиз таъминланган бўлиши керак. Менинг ўйлашимча, Ўзбекистонда, қачонки, ўз динингиз ҳақида гапира бошласангиз ва ё машҳур бўлиб кетсангиз ҳукумат билан муаммолар келиб чиқиши мумкин", дейди Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти бош муҳаррири Жилле Лордет Би-би-си билан суҳбатда.

Чегара Билмас Мухбирлар Ташкилоти Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ сўнгги вазиятни "абгор", дея таърифлаган.

"Кейинги 3 йил асносида Ўзбекистондаги вазият мутлақо яхшиланмади. Сиз журналист сифатида ўз ишингизни қила олмайсиз. Қачонки, аҳоли юз тутаётган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ёритишга уринар экансиз, тузим билан зиддият келиб чиқади. Хуллас, Ўзбекистонда журналист бўлиб фаолият олиб бориш жуда мушкул", дейди Жилле Лордет.

Пайшанба куни Янгийўлдаги ёпиқ маҳкама 35 ёшли Хайрулло Ҳамидовни ноқонуний диний гуруҳга аъзолик ҳамда жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор, деб топганди.

Журналист жазони умумий тартибдаги колонияда ўташи айтилган. Маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбларни рад этган. Таниқли спорт шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи бўлган Хайрулло Ҳамидов шу йилнинг 22 январида ҳисбга олинганди.

SMS рақамимиз: +447786201124

Nargiza Ilhamovna: "yo'ge?? Hayrulla Hamidovni 6 yilga qamashdimi?? nega? Futbolni sharhlashi uncha yoqmasayam, lekin futbol haqida kursatuvlari zur edi, Toshkentdaligimda hammasini kurib borardim.."

Shohruhbek Umurzoqov: "ha ozi indamasdan futbolini sharhlab yuraversa bolardi, siyosatga aralashmasdan"

Nargiza Ilhamovna: "shunaqa bulishi malum edi.. diniy dasturlarini juda oshirib yuborgandi... eh, Uzbekistonda futbol endi rivojlanvotgan paytda yomon buptide"

Yakhyo Kayumov: "qiziq...xammaga ayondek va bu tabiiydek.. xuddi bu alamli lekin qonimizga singib qolgan odatlarimizdan biridek.. bunday jamiatda xech kimni boshiga tuhmat tushmasin ekan.."

Mamadaliyev Alisher: "nima aza tutib yig'lashimiz kerakmi, tuhmatligini qayerdan bildiz "

Shohruhbek Umurzoqov: "BBC-babushka babushka skazala.... shuning uchun BBC ni hama gapiniyam comment qilish shart emas"

Yakhyo Kayumov: "21-22 yoshda ekansilar, umrilar uzo busin i boshilaga tushmasin bunaqa kunlar - 6 yilga ketdi - siyosatga 'aralashidimi', diniy 'dasturlar' berdimi -lekin qotillik qimadi, o'g'irlik qimadi -mayli unga aza shartmasdir lekin ertaga aza tutish shart paytida masalan yaqinlarimizga..kimdir 'dushman' desa azaniyam kanda qilib ketmasak buldi. "

Бу мавзуда батафсилроқ