Фарғонада 10 нафар "нурчи" узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилди

Image caption Ўзбекистон телевидениеси "нурчи"ларни "исломий фундаменталистлар" ва "пантуркистлар" сифатида тақдим этган

Фарғона вилоят маҳкамаси "Нур" оқимига мансубликда айбланган 10 кишини узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этган.

Айблов хулосасида айтилишича, Фарғона шаҳри ва вилоятнинг Олтиариқ, Қувасой, Бешариқ, Риштон ва Водил туманларидан бўлган 10 киши диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва ноқонуний диний материаллларни тарқатишда айбланган.

Айбланувчиларнинг ҳаммаси 2000 йилга қадар Ўзбекистонда қонуний фаолият олиб борган турк лицейларида таҳсил олишган ёки уларда ўқитувчилик қилганлар.

Маҳкама жараёнини кузатган фарғоналик фаоллардан бирининг Би-би-сига айтишича, жумладан, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган қувасойлик Алишер Каримов ва фарғоналик Ислом Манноповлар турк лицейларида тарих ва ўзбек адабиёти фанларидан дарс беришган.

Лицейлар ёпилгач, Фарғонада "Фират" ўқув марказини ташкил этиб, бўлажак талабаларни ўқишга тайёрлаш билан машғул бўлганликлари айтилади.

Уларнинг ҳаммаси шу йил бошларида ҳибсга олинган.

Яқинларига кўра, айбланувчилар айбларга иқрор бўлиб, пушаймонлик изҳор қилганлар, аммо ҳакам буни инобатга олмаган.

Айни пайтда маҳкамада бўлган айбланувчиларнинг яқинлари уларнинг қандай жиноят содир этганлари ўзлари учун қоронғу эканини айтишган.

"Тўғри, ўғлимиз намоз ўқирди, лекин бу жиноят эмас-ку!", деган айбланувчилардан бирининг отаси.

"Нурчилар"

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда "Нур" оқими тарафдорлари экани даъво қилинган шахслар устидан қатор маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, ҳозирга қадар кечган маҳкама жараёнларида 200 дан ортиқ киши "нурчиллик"да айбланиб, маҳкум этилган.

Уларнинг ҳаммаси 1990-йилларда ўзбек-турк лицейларида таҳсил олган ва аксарияти олий маълумотли кишилардир.

Тошкентда ўтган илк икки маҳкама жараёнида "Етти иқлим" ва "Ирмоқ" журналларининг ходимлари бўлган 7 нафар журналист маҳкум этилган.

Уларнинг Туркиядаги "Нур" жамоатидан молиявий кўмак олганликлари ва бу жамоат ғояларини ёйиш билан машғул бўлганликлари даъво қилинган.

"Нурчилар" Туркияда 1878 йилда таваллуд топган Саид Нурсий издошларига нисбатан қўлланиладиган иборадир.

Туркия Республикасининг дастлабки йилларида Саид Нурсий йирик исломий ҳаракат раҳбари бўлган.

Бугунги кунда Туркияда Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги мусулмон жамоаси "Нурчилар" деб аталади.

Фатҳуллоҳ Гулен асли эрзурумлик диний пешво ва ҳозирда Америка Қўшма Штатларда муҳожиротда яшайди.

У етакчилигидаги ҳаракат Туркияда ниҳоятда кучли ва кенг ёйилган.

Ташкилот асосан, маҳаллий тижоратчилардан иборат бўлиб, жамоат аъзолари бир-бири билан ниҳоятда иттифоқда ва ҳар жиҳатдан бир-бирини қўллаб-қувватлаши айтилади.

Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари яхши тижоратчи бўлишдан ташқари, дунёнинг деярли барча ўлкаларида мактаб ва жамғармаларни ташкил этишган.

Ўз матбуот воситаларига эга жамоат Туркия сиёсатида кучли таъсирга эга.

Уларга қарашли жамғармалар томонидан очилган мактаб ва лицейлар Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан бошқа барча давлатларида ҳозир ҳам қонуний фаолият олиб боради.

Гулен тарафдорларининг таълим муассасалари Оврўпо ва Американинг турк ва мусулмон жамаоаларига ҳам хизмат кўрсатиб келади.

Сўнгги йилларда ғарбда бир қатор йирик илмий анжуманларни ўтказган Гулен тарафдорлари ўзларини мўътадил Ислом тарафдорлари сифатида тақдим этиб, тамаддунлар ўртасидаги мулоқотни тарғиб қилиб келадилар.

SMS рақамимиз: +447786201124