Ўзбек-тожик музокаралари иш бермади, 'Қайроққум' масаласи очиқ қолди

Қайроққум

Жорий йилда Тожикистон ва Ўзбекистон орасида Қайроққум сув омбори сувидан фойдаланиш борасида шартнома тузилмаган. Бу борада Суғд вилояти сув хўжалиги мутахассислари билдиришган.

Олдинги йиллар бундай шартнома экин суғориш мавсуми арафасида тузилар эди. Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон Сув ва суғориш хўжалиги вазирликлари раҳбарлари ёки вакиллари Хўжандда тўпланиб, Қайроққум сувидан фойдаланиш масаласини ҳал қилишар эди.

Таклиф қабул қилинмаганда, "Биз Қайроққум суви эвазига Ўзбекистон олдига Тожикистонга учинчи мамлакатдан келаётган электр токини ўтказиш ва Тожикистондан учинчи мамлакатга узатиладиган электр қувватини ўтказишни таклиф этдик," дейди Тожикистон Мелиорация ва сув ресурслари вазири муовини Султон Раҳимов.

Лекин Ўзбекистон ҳали бу таклифни қабул қилган эмас. Демак, Қайроққум сувидан фойдаланишга оид шартнома ҳам имзоланмаган. Бу эса, ўз навбатида, тожик томонининг Қайроққумдан ўзи истаган миқдорда сув ташлашини англатади.

Гарчи ўтган йили Душанбе Ашхобод билан Туркманистондан Тожикистонга электр энергияси узатишга келишган бўлса-да, лекин Тожикистонга бу электр қуввати етиб келмади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бунга Ўзбекистоннинг Тожикистонга ўз ҳудуди орқали Туркманистон электр энергиясини ўтказмагани сабаб бўлган.

Айни бир пайтда Ўзбекистон Марказий Осиё ягона электр ўтказиш тармоғидан чиққанлигини эълон этганди.

Тожикистон Фанлар академиясининг энергетика бўйича етакчи мутахассиси Георгий Петров фикрича, Сирдарё сувидан фойдаланиш масаласи кенгроқ кўламда ҳал этилмоғи жоиз.

"Бу масалани ҳал этишда Қирғизистондаги Тўхтағул сув омборини ҳисобга олмасдан бўлмайди. Тўхтағул, Ўзбекистондаги Андижон ва Тожикистондаги Қайроққум сув омборлари бир-бирига боғлиқ равишда сув тўплайди ва ўтказади," дейди Георгий Петров.

Георгий Петров айрим кузатувчиларнинг Роғун ГЭСи қурилишига оид келишмовчиликлар Қайроққум сувидан фойдаланишга ҳам ўз таъсирини ўтказаётир, қабилидаги фикрларига қўшилмаслигини изҳор этди.

"Роғун Амударё ҳавзасида, Қайроққум эса Сирдарё ҳавзасида эканлигини эсдан чиқармаслик зарур. Айни бир пайтда ҳозирги ёз ойларида Сангтўда-1 ГЭСи энергиясидан фойдаланиш муаммоси юзага келмоқда," дейди энергетик олим.

Унинг фикрича, Тожикистонда ишлаб чиқариладиган энергияни сотиш учун эски электр узатиш тармоқларини тиклаш ва янги тармоқларни қуриш зарур. Ана шунда яна қўшни мамлакатлар орасида қиш ва ёз ойларида кимга қанча зарурлигига қараб, электр қуввати алмаштириш ўзаро манфаатлар асосида амалга оширилади.

Ҳозирда Тожикистон Афғонистонга электр сотмоқда, ўз ўрнида бу қўшни мамлакатга электр узатиш миқдорини кўпайтириш масалалари кўрилмоқда.

Халқаро банк эса, Қирғизистон-Тожикистон- Афғонистон- Покистон- Ҳиндистон электр узатиш тармоғи лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

"Бу масала ҳал этилмаса, қуриладиган Қамбарота ва Роғун ГЭСларида тайёрланадиган электр қувватини сотиш масаласи ўртага чикиши мумкин," дейди Георгий Петров.

Қайроққум сув омбори нима учун сақланмоқда?

Айрим ерларда эни 20 километр, узунлиги 55 километрдан ортиқроқ бўлган, бир томони Ўзбекистоннинг Бешариқ тумани билан туташиб кетган Қайроққум сув омбори Сирдарё сувини тўсиш натижасида вужудга келган.

Умумий майдони 500 квадрат километрдан ортиқроқ бўлган сунъий денгизга сув тўплаш бундан 53 йил муқаддам бошланиб, икки йил деганда у сувга тўлган.

Лойиҳа муддати бўйича эллик йилдан сўнг сув омбори вазифасини ўтаб бўлиши ва ўрни қуритилиб, экинзорга айлантириш мўлжалланган эди.

Қайроққум сув омбори мавжуд экинзорларни суғоришдан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистонда 300 минг гектардан ортиқ янги ерни ўзлаштиришга ҳам мўлжалланган эди. Бу ерлар ўзлаштирилиб, ҳозирда Қайроққумда тўпланаётган сув билан суғорилмоқда.

"Барқи Тожик" Очиқ ҳиссадорлик холдинг ширкатининг Суғд вилоятидаги вакили Иномжон Сангиновнинг айтишича, "Қайроққум ГЭСи Суғд вилоятидаги ягона иқтидорли электр қуввати ишлаб чиқариш манбаи саналади. Унинг иқтидори 126 мегаваттдир. Ўрта ҳисобда йилига 688 миллион киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради. Бу ГЭС вилоятнинг электр энергияга бўлган талабини 20 фоизгача қондиради".

Айни шу электр қувватининг Шимолий Тожикистонга ва сунъий денгизда тўпланаётган сувнинг асосан Ўзбекистон ва Қозоғистон экинзорларини суғориш учун зарурлиги боис, Қайроққум сув омбори ҳалигача қуритилган эмас.

Лекин мутахассисларга кўра, сунъий денгиз тобора лойқаланиб, чўкиндиларга тўлиб, сиғими камаймоқда.

Бу йилги устма-уст ёғингарчиликлар боис Қайроққум сунъий денгизи тўлиб-тошган.

Фавқулодда ҳолатлар ва аҳоли мудофааси хизмати мулозимларининг айтишларича, агар сув қўйиб юборилмаса, денгиз тошиб, қирғоққа яқин аҳоли манзилларини босиш хавфи ҳам йўқ эмас.

Ҳозирда ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда Қайроққумдан икки бараварга яқин кўп сув ташланмоқда.

Лекин Қайроққум ГЭСи раҳбарларига кўра, гарчи ёзнинг биринчи кунидан Ўзбекистон экинзорлари учун сув қўйиб юбориш бошланган бўлса, бу йил ҳали-ҳозирча бу борада бирон-бир кўрсатма бўлган эмас.

SMS рақамимиз: +447786201124