Сўхни Ўзбекистон билан уловчи йўл тўсилган

Харита
Image caption Сўх анклавида вазият нисбатан осойишта бўлса-да, ҳамон танг экани айтилмоқда

Қирғизистондан келаётган хабарларда айтилишича, Жани-Тилек овулилик 300 га яқин қирғиз фуқароси Сўх анклавини Ўзбекистон билан уловчи йўлларнинг бири тўсиб қўйишган.

Улар Сўх анклави орқали транзит қатновини изга солиш, қўшни Ўзбекистон томонидан ташкил этилган қўшимча назорат пунктларини олиб ташлаш ва чегара борасида баҳсли масалаларни тезроқ ҳал этишни талаб қилишган.

Лекин Ўзбекистонни Шоҳимардон анклави билан боғловчи ва Сўхга олиб чиқувчи яна бир йўналишнинг очиқ экани, Водил орқали Қирғизистоннинг Холмиён овулига ўтиш ҳам муаммо эмаслиги айтилмоқда.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, бугун Ўзбекистоннинг Сўх анклавида вазият бирмунча осойишта, лекин танглик юмшамаган.

Ҳар икки томондан ҳам катта сондаги намойишчилар кўзга ташланмайди.

Фақат Ҳушёр қишлоғи аҳолисидан иборат 30 нафарча киши Ҳушёр-Сўғмент йўлига чиқишган.

Томонлар ҳар икки давлат расмийлари музокараларининг натижасини кутишмоқда.

Бугун тушдан кейин икки давлат чегара хизматлари ҳамда Боткен ва Фарғона вилояти расмийларининг Қадамжой туманида учрашишлари режаланганди.

Бироқ томонлар мулоқотларини Водил қишлоғида ўтказишга келишиб олишган.

Водил Фарғона вилояти Фарғона туманининг маркази ҳисобланади ва Қирғизистоннинг Қадамжой туманидан икки чақиримча узоқликда жойлашган.

Томонлар сув захиралари, яйловлардан фойдаланиш ва чегара муаммоларини муҳокама этишган. Учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган.

Чорбоқ овули қамалда

Айни пайтда Ҳушёр қишлоғи орқали ўтилувчи Қирғизистоннинг Чорбоқ овули қамал ҳолатида қолган.

Автомобил йўли ўтиб бўлмас ҳолатга келтирилган: тошлар ташланган, айрим ерлари кавланган. Аммо пиёда ўтиш мумкин.

Бугун қирғизистонлик шифокорлар гуруҳи Чорбоқда бўлиб, одамларга тиббий ёрдам кўрсатишган.

Қирғиз масъулларига кўра, "мамлакатдаги турли сиёсий партиялар, жамоатчилик ташкилотлари қишлоқликларга инсонпарварлик ёрдами" ҳам юборишган.

Қирғизистон Чегара хизмати раиси Қурманқул Матенов, "Ўзларида Ўзбекистон Сўхга қўшимча куч киритганига оид маълумот йўқ"лигини айтган.

Боткен вилоят давлат маъмуриятининг матбуот котиби Мамажон Бердиевга кўра, "ўз қишлоқларидан бўлган айрим маҳаллий аҳоли вакиллари 20 га яқин бронетранспортер ва Қирғизистонга қаратиб қўйилган тўпларга кўзлари тушганлигини айтишган".

Бироқ матбуот котиби булар "руҳий таъсир ўтказиш учун қилинаётган амал бўлиши мумкин," деб айтган.

Воқеа тарихчаси

Қирғиз расмийлари кеча Боткен ва Сўх чегарасида юз берган тартибсизликлар ортидан Ўзбекистон Сўх анклавига десант кучларини киритганлигини айтишганди.

Боткен вилоят маъмурияти эса, Ўзбекистоннинг Сўх анклавида милициянинг кучайтирилган тартибга ўтказилганини маълум қилганди.

Хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига ўтган пайшанба Ўзбекистоннинг Сўх анклавидаги Ҳушёр ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Сўғмент қишлоқлари аҳолиси орасида юз берган тўқнашув сабаб бўлган.

Қирғиз томонининг фаразича, 26 май куни юз берган ҳодисада Ҳушёр қишлоғи аҳолиси Сўхдан ўтиб бораётган икки, айрим хабарларга мувофиқ эса, тўртта автоуловдаги қирғиз фуқароларини тўхтатиб, дўппослаган.

Қирғиз расмийларининг айтишларича, сўнгги беш кун мобайнида Ўзбекистоннинг Сўх анклавидан ўтаётган қирғизистонликларнинг 10 та хусусий улови шикастланган.

Қирғизистон телевидениеси 1-каналининг Боткен маъмурияти мулозимидан иқтибос келтиришча, охирги 3-4 кун ичида Боткен расмийлари ва маҳаллий аҳоли етакчилари ўзбек қишлоғи аҳли билан музокаралар олиб борган, аммо ҳозиргача музокаралар натижа бермаган.

Ўзбек қишлоғи аҳолиси Боткен тарафининг қўшни мамлакат фуқароларига Қирғизистон ўтлоқларидан фойдаланишни ман этишидан ғазабга келгани айтилади.

Қирғиз томони ушбу қарор расмий Тошкент Бишкек билан яйловларни ижарага олиш борасида тегишли битим имзоламагани боис қабул қилинганини айтмоқда.

SMS рақамимиз: +447786201124