Би-би-си меҳмони-Дадахон Нурий

Image caption Ўндан ортиқ қисса ва романлар муаллифи бўлган Дадахон Нурий ошкоралик даври ўзбек матбуотининг энг таниқли номларидан бири сифатида ҳам билинади

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли адиб Дадахон Нурий жавоб беради.

Атоқли ўзбек мунаққиди Озод Шарофуддинов Дадахон Нурий ҳақида "Худонинг қўшқўллаб берган бандаси" деб ёзган эди.

У бадиий ижод сирларини Абдулла Қаҳҳордан, рассомликни буюк мўйқалам соҳиби Чингиз Аҳмаровдан, тилшуносликни 1950-йилларда тақдир тақозоси билан Тошкентга келиб қолган ҳинд муҳожири Мадан Мохан Хардат ва Деҳли Университети профессори Қамар Раисдан ўрганганини айтади.

Дадахон Нурий 1943 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган.

Аввалига Тошкентдаги Ҳамза номли мусиқа билим юрти, кейин эса Тошкент Давлат Университетининг шарқшунослик бўлимида таҳсил олади.

Ўқиш билан бирга, Ҳамза номидаги академик драма театрида рассом бўлиб ишлайди.

Унинг талабалик йиллари чоп этилган биринчи лирик қиссаси-"Оқшом қўшиқлари", айниқса ёшлар орасида машҳур бўлиб кетган.

Шундан сўнг адибнинг бирин-кетин "Боғларда баҳор", "Бегона", "Машина Кашмирга боради","Шаҳар тегирмони", "Рам соҳибдан ҳаммага салом" номли қиссалари ва "Осмон устуни" романи дунё юзини кўради.

Унинг "Бегона" қиссасига атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор сўзбоши ёзган.

Дадахон Нурий 1980-йилларда эълон қилган ўткир публицистик мақолалари билан ошкоралик даври ўзбек матбуотининг энг таниқли номларидан бирига айланди.

Унинг атроф-муҳит муаммоларига бағишланган "Бўстонлиқда нима гап?" ва бошқа қатор мақолалари кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинган.

Номи зикр қилинган мақоладан сўнг, СССР Мудофаа вазирлиги Бўстонлиқда ҳарбий завод қуриш режасини бекор қилгани айтилади.

Озод Шарофуддинов ўзининг "Ижодни англаш бахти" номли китобида "Дадахон Нурий Бўстонлиқ фронтида дунёни титратиб турган СССР деган мамлакатнинг ҳарбий вазири билан олишиб, қутурган буқанинг думига челак боғлаган ёзувчидир" деб ёзган эди.

Унинг дендрологик ўзгаришларга қарши ёзилган "Шаҳар ўртасидаги бир туп ўрик" номли мақоласидан сўнг, 1986 йилда ҳукумат қарори билан Тошкентда Россиядан келтирилган дарахтларни ўтқазиш кампанияси тўхтатилиб, мевали дарахтлар экишга рухсат берилади.

Адиб "Ҳуррият" рўзномасида чоп этилган сўнгги мақоласида яна Бўстонлиқ мавзусига қайтиб, илгари Москва атроф-муҳитни барбод қилган бўлса, энди маҳаллий амалдорлар бу сўлим гўшани талон-тарож қилаётгани ҳақида ёзган.

Дадахон Нурий ўзбек публицистикасида сафарнома жанрини янги босқичга кўтарган, бу мавзуда йирик асарларни ёзган адибдир.

Унинг "Ҳиндистон минг йилдан сўнг", "Даричам рўпарасидаги Покистон", "Хатарли жаннат сафари (Шри Ланка ҳақида)" асарлари китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинган.

Адибнинг шу кунларда дунё юзини кўрган 728 бетли "Ниқобсиз Америка" номли асари унинг Америкага қилган олти ойлик сафари маҳсулидир.

Муаллиф китобнинг бир нусхасини АҚШ элчиси Ричард Норландга топширгани ҳақида хабар тарқатган Американинг Тошкентдаги элчихонасига кўра, унда ёзувчи тўқима ҳикоялар, ҳужжатлар асосида ёзилган боблар ва Ўзбекистондаги дўстлари ва оила аъзоларига юборган мактублари орқали Америкада истиқомат қилаётган ўзбекларнинг таассуротларидан тортиб, 2001 йил 11 сентябр ҳужумларигача бўлган мавзуларни қамраб олади.

У ураган-тўфонлар, тубжойли америкаликлар, Чикагодаги осмонўпар бинолар, фермерлар, Американинг таълим ва тиббиёт системаси, кутубхоналари ва президент Барак Обама маъмурияти сиёсати ҳақида ёзади.

Китобнинг ҳам бадиий ва ҳам ҳужжатли асар эканини айтган муаллифнинг билдиришича, ёзувчи дўстлари, Ўзбекистон ҳукумати амалдорлари китоб ҳақида мулоҳаза билдириб, унинг жуда қизиқарли ва зийраклик билан ёзилганини қайд этишган.

Би-би-си: Тошкентдан Хуршид ёзибди: "Ассалому алайкум Дадахон ака. Бир пайтлар Бўстонлиқда амалдорлар томонидан атроф-муҳитга жиддий зарар етказилаётгани ҳақида ёзган эдингиз. Ҳозир ҳам айни шу нарса давом этаяпти, деб ҳисоблайсизми?. Умуман, бугунги кунда амалдорларнинг бундай масалаларга муносабати сизни қониқтирадими?". Марҳамат.

Дадахон Нурий: Энди Бўстонлиқдаги мустақилликдан кейинги аҳвол ҳақида гапирадиган бўлсак, бу гўшанинг қиёфаси анча ўзгарди. Дам олиш қароргоҳлари кўпайди. Шахсий оромгоҳлар Тошкент аҳолиси оби-ҳаёт ичадиган дарёнинг шундоқ бўйларига қадар қуриладиган бўп кетди. Энди тасаввур қилинг, бу экология ва санитария аҳволига мутлоқ қарши иш. Мен мана шу муаммо ҳақида бундан икки йилча олдин "Ҳуррият" газетасидаги "Яйдоқлик чорраҳасидаги ўйлар" қатор мақолалар туркумини эълон қилдим. Унда Бўстонлиқдаги ҳозирги аҳвол, ҳозирги муаммолар кўтарилган. Лекин ҳозирча шу мақолага жиддийроқ муносабатни мен эшитганим йўқ. Ҳозир экология ҳақида кўп гапириляпти. Энди албатта мана шунга ҳам эътибор берилса керак. Чунки дарё бўйида қурилаётган уйлар, дачалардан сувга ҳар-хил оқавалар тушиши мумкин. Буни ўша врачлар кўриб туришибди, ўша администраторлар кўриб туришибди, лекин негадир ҳозирча шунга эътибор берилмаяпти. Мен мустақилликдан кейин Бўстонлиққа келиб кетган 6 та ҳокимни биламан. Лекин ҳокимлардан биронтаси умумий сафарбарлик эълон қилганини эшитганим йўқ. Бўстонлиқда дарахт экилсин, ҳар бир киши ўзининг дарахтига эга бўлсин, деган. Ваҳоланки, Бўстонлиқ ҳозир дарахтсизликдан азоб чекмоқда. Дарахт дегани, бу - сув дегани, оби-ҳаёт. Ўрта Осиё шароитида сув-ҳаёт, дегани. Сувсиз барча шаҳарлар қуриши мумкин. Энг аввало, Бўстонлиқни сақлаб қолиш учун бу ерда дарахтлар сонини кўпайтириш керак. Ҳозир Бўстонлиқ анча яйдоқланиб бормоқда. Тўғри, курорт зонаси, деб эълон қилинаяпти, ҳар томонлама қурилишлар кетаяпти. Лекин Бўстонлиқ ўзининг дарахтлари билан Бўстонлиқ, холос. Шуни унутмаслик керак, деб ўйлайман.

Би-би-си: Кейинги саволни Ўшдан Одилжон Маҳдумий йўллабдилар: "Тошкент марказида, Амир Темур хиёбони атрофидаги юз ёшдан ошган чинорлар кесилганда, сизнинг исёнингиз матбуотда кўринмади. Бунинг боиси нимада?".

Дадахон Нурий: Энди менинг исёним бу... Олдинроқ мен бошқача исён қилганман. Мен Тошкент марказидаги хиёбоннинг яратилиш тарихи ҳақида ёзгандим. Ўша босқинчи чор генараллари Тошкентни босиб олганидан кейин бу ерни, боғ-роғлар билан бурканган, умуман, Тошкент "Мингўрик" деб аталган бир пайтлар, шуни табиати негадир уларни қониқтирмайди. Россия табиатини шу ерда яратиб, гўё табиат устидан ҳам ўзларининг ҳукмларини ўрнатиш ҳаракатига тушиб қолишади. Россиядан бир неча хил дарахтни олиб келиб, Тошкентнинг қоқ ўртасида ўзларига "ўрмонзор" яратишади-да, унинг атрофидаги дарвозаларга "Бу ерга итлар ва сартларнинг кириши тақиқланади" деган сўзларни ёзиб қўйишади. Менимча, бу Тошкентнинг қоқ марказида ўша империянинг рамзи сифатида сақланиб келарди...

Би-би-си: Лекин бунга ўхшаш манзараларни барча собиқ мустамлака давлатларда кўриш мумкин. Мана, сиз Ҳиндистонда, Покистонда бўлгансиз. У ерларда ҳам инглизлардан қолган ҳиёбонлар, парклар бор. Улар табиатнинг бир қисми, тарихий обида сифатида турибди-ку?.

Дадахон Нурий: Энди тўғри, ҳар бир дарахт табиатнинг ажралмас бир қисми. Ҳозир албатта, кимларнингдир кўзига хунук кўриниши мумкин. Мен ўйлайманки, келажакда миллий бир боғ сифатида, кўркам бир қиёфада барпо бўлади. Бу одамларнинг вақтинчалик бир реакцияси, деб ўйлайман.

Би-би-си: Жасурбек исмли тингловчимиз Тожкистондаги Роғун ГЭСи ҳақида сўраган. "Сиз негадир Роғун ГЭСи қурилишига қарши чиқаяпсиз. Агар Роғун ГЭСи барпо этилса, Ўзбекистонга айнан қандай зарар етади?. Ичадиган сув қанчага камаяди?. Суғорадиган сув-чи?".

Дадахон Нурий: Бу фақат Ўзбекистонга эмас, тожик халқига ҳам жуда катта зиён келтиради. Олимлар 20 йил олдин шунақа прогнозларни қилишган, ер қимирлашлари кўпайиб боради, деган. Чилидаги зилзила буни тасдиқлаб турибди. Ҳозирги пайтда ер қимилашлари зонаси бўлган жойда бунинг қурилиши келажакда тожик халқининг бошига ҳам жуда катта кулфат олиб келиши мумкин.

Би-би-си: Лекин Тожикистон ҳам ўзининг энергия муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилаяпти эмасми? Яъни Роғун ГЭСига бошқа яна қандай муқобил бўлиши мумкин?

Дадахон Нурий: Муқобил жуда кўп. Ўрта Осиё республикалари ҳамкорликда, бошқа йўллар билан ҳал қилиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон бериши мумкин. Нимага Ўзбекистон Афғонистонга энергия берида-да, Тожикистонга бермасин?. Фақат келишиш керак менимча бу ерда, ўзаро келишиб, иш қилиш керак. Ундан кейин, сувни ўша ерга қамаб олиб, Фарғона водийсини сувсиз қолдириш, деган нарсалар ётибди бу ерда.

Би-би-си: Навбатдаги савол адабиёт ҳақида экан. Новосибир шаҳридан Неъматжон Раҳимов сўрабдилар: "Ҳурматли Дадахон ака! Абдулла Қаҳҳорнинг "Адабиёт атомдан кучли, уни ўтин ёришга сарф қилмаслик керак" деган ташбеҳи бугунги кунда ўзбек адабиётига қанчалик тегишли? Раҳмат!".

Дадахон Нурий: Ҳозирга адабиёт, биздаям, ўша четдан кириб келдими, устоз Озод Шарофуддинов айтганларидек, ур-сур, қон билан тўлиб кетди. Одамларни тарбиялашга ярамайдиган асарлар пайдо бўлди. Гўёки ҳамма ўқияпти. Агар ҳозирги адабиётнинг аҳволини Абдулла Қаҳҳор билганда, устоз гўрларида тикка турган бўлардилар. Лекин ўзи шунақа бир пайт бўлар экан. Ҳашак-ҳушак тўлиб оққанидан кейин... Лекин ҳозир одамлар тушуна бошлади ҳақиқий адабиётни. Классик, ҳақиқий адабиётни. Ўша атом кучининг ҳар-хил майда-чуйда, детектив нарсаларга сарфланаётганидан одамларнинг ҳафсаласи пир бўла бошлади. Одамлар яна Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбекларни ўқий бошлашди, шунга ташналик сезилаяпти. Яқинда биз Эркин Воҳидов, Умарали Норматовлар билан Фарғонада бўлдик. Биз адабиёт ҳамманинг назаридан қоп кетди, деб юрган эканмиз. Одамларнинг адабиётга қизиқишини кўриб, ҳайрон бўлдик. Уч кун байрам бўп кетди. Марғилонда бир адабий тўгаракда учрашув бўлди. Ўз шеърини ҳам ўзбек, ҳам инглиз ва ҳам хитой тилларида ўқиган қизларни кўриб, Эркин акам ёқаларини ушлаб қолди. Битта Марғилонда шунча шоира қиз, шоир йигитлар етишиб чиқаётган экан, бу адабиётнинг жуда ҳам кучли эканини кўрсатади. Бир пайтлар "Адабиёт ўладими," деган баҳслар бўлган эди. Адабиётнинг барҳаётлигини биз ана шу сафаримиз давомида кўриб келдик.

Би-би-си: Навбатдаги савол тошкентлик Қодирийдан: "Муҳтарам адибимиз. Сизнинг таржимаи ҳолингиздан ёзувчининг фуқаролик позицияси бўртиб кўринади. Бугунги ёзувчиларимизнинг жимлигини қандай изоҳлайсиз?. Нимага ҳеч ким ўзбекларнинг мардикорга айлангани ҳақида, Андижон қирғини ҳақида лом-мим демайди?.

Дадахон Нурий: Бу Қодирий жанобларига жавобим шуки, Андижон ҳақида ёзувчиларимиз лом-мим демаган эмас. Ўз вақтида ўз фикрларини билдирган. Иккинчидан, бу воқеа қандай, кимлар томонидан уюштирилгани ҳам маълум. Ҳеч қачон ўзбек ўзи яшаб турган уйга ўт қўймайди, дарахтни кесмайди. Аввало бунинг илдизларига қараш керак. Бир пайтлар, билсангиз керак, месхет турклари билан ўзбеклар ўртасида, шу миллатчлик деган нарса ўзбекларда мутлақо бўлмайди. Унинг уруғи кимлар томонидан, нима учун ташланганини махсус комиссия ўрганиб, очиқ матбуотда ёзилган. Бу ерда ҳам шундай нарса борлигини мен ўзим сезиб турибман.

Би-би-си: Нима учун ҳозир ҳам ана шундай махсус, мустақил комиссия ташкил қилиб, воқеаларнинг сабабларини ўрганиш мумкин эмас?

Дадахон Нурий: Ўз вақтида ўрганилган бу. Бунақа нарсалар вақт ўтган сайин юзага чиқади.

Би-би-си: Яна Жасурбек: "бугун китоб ўқиш давридаг ўзбеклар Россияда, Қозоғистонда иш излаб юришибди. Китобхон ёшлар жуда камайиб кетган. Бу ўзбек халқи келажагига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?", деб сўрабди. Яъни Ўзбекистондаги житимоий вазият, миллионлаб ўзбекларнинг Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилаётгани ҳақида нима деб ўйлайсиз?.

Дадахон Нурий: Мен бир пайтлар Шри-Ланкага борганимда шундай бир манзарага дуч келганман. Одамлар тўп-тўп бўлиб, бир жойда навбатда туришарди. Мен уларнинг нимага навбат тургани билан қизиққанимда, бошқа давлатга ишлагани кетаётган одамлар, деб айтишган. Энди бу муаммо бутун дунёда бор. Россияда йўқ, дейсизми? Америкада қанча иш излаб борган одамни кўрдик. Энди одам шунақа экан. Баъзи кетаётганларга мен ҳайрон қоламан. Ҳозир қишлоқларда шунақа томорқалар турибди. Ўзи қани йигит, десангиз, Россияга ишлашга кетган. Агар бизнинг еримизда, Абдулла Қаҳҳор айтгандай, кетмон дастаси қолиб кетса, келаси йил кўкариб, мева беради. Ўзининг ерида иш бор. Қунт қилиб, ким ишласа шу ерда, бир бурда нонини топа олади. Лекин одамнинг характери шунақа экан-да. Чет элга бориб, нимадир орттириб келиш. Мен ўзимизнинг одамларни кўриб, ўша Шри-Ланкада ватани қолиб, кетаётганлар эсимга тушади. Фақат ўзбеклар учунмас бу, ҳамма учун шунақа бўп қолди ҳозир замон.

Би-би-си: Лекин, мана ёнимиздаги қозоғистонликлар мардикорлик қилаётгани йўқ-ку? У ерда иш бор, шунга яраша ҳақ ҳам тўлашади. Буни ўзбек матбуотида ҳам талқин қилинаётгани каби, фақат "тўхликка шўхлик" деб айтиш қанчалик адолатли?

Дадахон Нурий: Менимча, ишлайман, дейдиган, кўнглидан шу юртга хизмат қиламан, деган одамга иш топилади шу ерда. Қишлоқда қаровсиз қолиб кетган ерлар, сувлар оқиб турибди. Ўша ерда бир нарса етиштириш мумкин-ку, шу билан ҳам бола-чақасини боқиш мумкин-ку. Мен шундай деб ўйлайман.

Би-би-си: Суҳбатимиз сўнггида яқинда дунё юзини кўрган "Ниқобсиз Америка" китобингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз. Нима учун Америка ва нима учун ниқобсиз?

Дадахон Нурий: Энди биз шунча йил мустақиликка эришдик, дунёга ўзимизнинг нигоҳимиз билан қарайдиган бўлдик. Совет даврида Америка фақат ёмон, ёмон, ёмон, деб келинган. Устоз Абдулла Қаҳҳор бир йиғилишда айтган эдилар. Буни кўпчилик билади, яқинда 100 йилликлари муносабати билан шу нарса яна эсланди. "Биз ур калтак,сур калтак қилиб юради, дейдиган Американинг ҳам яхши томонлари бордир. Ахир унга эргашганларнинг косаси оқариб кетди-ку. Катта оғага эргашган бизлар ҳалигача чориғимизни судраб юрибмиз" деган гаплари менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Ўтган йили Америкада ярим йилча сафарда бўлдим. Американи ҳар томонлама, ўзим билганча ўрганиб, "Ниқобсиз Америка" деган китобни ёздим. Бизга шу пайтгача Американи ниқоб остида кўрсатиб келишган. Албатта, Американинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бор. Американинг Тошкентдаги элчиси Норланд жаноблари мени таклиф қилиб, китобнинг бир нусхасини қабул қилиб олдилар. Шу ерда у киши менга "Америкада ҳам жуда кўп камчиликлар бор, буниям киритишингиз керак китобингизга", дедилар. Демак, дунёда муаммосиз мамлакат йўқ экан-да. Мен ҳам сафарномамда Американинг яхши томонларини ва муаммоли томонларини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бу муаммолар бизда ҳам бор. Агар биз фақат муаммоларга ёпишиб олсак, бу ердаги қилинаётган яхшиликлардан кўз юмган бўламиз. Менинг фикрим шу.

SMS рақамимиз: +447786201124