Ўзбек ҳаками Жаҳон чемпионатининг илк учрашувига ҳакамлик қилади

Равшан Эрматов
Image caption Равшанга юкланган бу каби шарафли вазифага дунёнинг унча-мунча ҳаками лойиқ деб топилмайди

ФИФАнинг қарорига мувофиқ, ўзбекистонлик Равшан Эрматов 2010 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларини бошлаб берувчи илк ўйинга ҳакамлик қилади.

Биринчиликнинг дастлабки учрашуви мезбон Жанубий Африка ва Мексика орасида бўлиб ўтади.

32 ёшли Равшан Эрматов бу йилги Жаҳон чемпионатининг финал беллашувида қатнашаётган ягона ўзбекистонлик ҳакамдир.

У ёш бўлишига қарамасдан, 2008-2009 йилларда кетма-кет "Осиёнинг энг яхши ҳаками" деб топилган.

Айтилишича, Равшаннинг 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг илк учрашувига ҳакамлик қилиш шарафига лойиқ деб топилишида ҳам худди шу омил катта роль ўйнаган.

Равшан Эрматов 25 ёшида Халқаро Футбол уюшмасининг ҳаками даражасига кўтарилган ва 7 йилдан буён халқаро мусобақаларга ҳакамлик қилиб келади.

У ўзининг халқаро майдондаги илк фаолиятини 17 ёшгача бўлганлар орасидаги Жаҳон чемпионатига ҳакамлик қилишдан бошлаган ва яна қайта икки бор ушбу мусобақага ҳакам сифатида жалб этилган.

2007 йилда эса, Канадада бўлиб ўтган 20 ёшлилар ўртасидаги Жаҳон биринчилиги ўйинларига ҳакамлик қилган.

Равшан Эрматов орадан бир йил ўтиб, Японияда бўлиб ўтган клублар орасидаги Жаҳон чемпионатининг финал беллашувидаги ҳакамлик маҳорати билан тилга тушган.

"Равшаннинг 2010 йилги Жаҳон чемпионати ҳакамлари қаторидан ўрин олгани ва айниқса, дастлабки учрашувга бош ҳакам сифатида тайинланганидан миллионлаб ўзбекистонликларнинг бошлари кўкларга етди," дейди ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев.

Аввалига ўзи ҳам ҳаваскор футболчи бўлган Равшан Эрматов олган жароҳати туфайли футболни эрта тарк этишга мажбўр бўлади.

Аммо ёш бўлишига қарамасдан, отаси Сайфиддин Эрматовнинг изидан бориб, ҳакамликни танлайди.

"Отасининг ўгитларими ёки ўзи ҳам футболнинг таъмини яхши билгани учунми, Равшан ҳакамликни ўзига ишонч билан бошлади ва тез орада халқаро мусобақаларга ҳам жалб этила бошланди," дейди Аброр Имомхўжаев.

Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчисига кўра, жорий пайтда Осиё ва Ўзбекистондаги энг муҳим учрашувларга ҳакамлик қилиш масъулияти ҳам Равшанга ишониб топширилмоқда.

"Унинг ҳакамлик фаолияти маҳаллий ва халқаро миқёсда ҳам доимо яхши баҳоларга лойиқ деб топилган. Равшан ҳеч қачон юзимизни ерга қаратмаган," дейди Аброр Имомхўжаев.

Равшаннинг ўзи эса, Рейтер ахборот агентлигига берган суҳбатида, "Ҳар бир ҳакам Жаҳон чемпионати ўйинларида иштирок этишни исташи, бундай орзуси бўлмаганлари эса, профессионал ҳакамлар эмас"лигини айтган.

Унга кўра, ўзига Жаҳон биринчилигининг дастлабки учрашувига ҳакамлик қилиш каби юксак вазифа юкланишини кутмаган, аммо бу каби масъулиятни жуда катта қувонч билан қабул қилган.

Равшан , "Машҳурлик ҳақида ўйлаётгани ҳам йўқлиги, асосий эътиборини учрашувлари ва тайёргарлигига қаратаётгани"ни ҳам алоҳида таъкидлаган.

Жума куни Жанубий Африкада старт олажак 2010 йилги Жаҳон чемпионатида эса, Ўзбекистон тугул бирор бир собиқ Шўро давлати иштирок этмаётир.