Қозоғистондаги 25 нафар ўзбек қочқинлари тергов қилинади

Қочқинлар яқинлари
Image caption Вақтинчалик ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик қочқинларнинг яқинлари уларнинг озод этилишини талаб этишмоқда

Чоршанба куни қўлга олинган 25 нафар ўзбекистонлик қочқинлар устидан тергов бошланган. Тергов бир ойга чўзилиши ва Маҳкама лозим топса улар Ўзбекистонга топширишлари мумкин.

Қочқинларнинг бир гуруҳи БМТ Қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлиги биноси олдига йиғилишган. Чоршанба кунги рейдда қўлга олинмаган бошқа қочқинларни ҳуқуқ-тартибот ходимлари тутиб кетишаётгани ҳақида хабарлар бор.

"Ўзбекистон прокурори томонидан уларнинг давлатлараро қидирувда эканлигига доир расмий сўрови бўлганлиги учун кеча ушбу фуқаролар ушланди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси Қозоғистон ички ишлар идораларига маълум фуқароларни ушлаш тўғрисида мурожаат қилган," дейди Олма ота шаҳар Алмали туман прокурорининг ўринбосари Ахмедиева Гулнар.

- Айни дамда улар ҳибсда ушлаб турилибди ва турли жиноятларни содир этганлиги учун Ўзбекистонга топширишлари мумкин, дея илова қилди прокурор ўринбосари.

Прокурор ёрдамчисига кўра, ҳибсда ушлаб турилганларнинг ишини маҳкама кўриб чиққандан кейингина улар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилиши мумкин.

Қочқин мақоми берилмайди

Image caption Департамент бир гуруҳ қочқинлар ишини кўриб чиқмоқда. Уларнинг орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

25 Ўзбекистонлик қочқин ҳибсда ушлаб турилган айни дамда Олма ота шаҳар миграция қўмитаси департаментида ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва хитойлик бошпана изловчилар бир гуруҳининг ишини комиссия кўриб чиқмоқда.

Ушбу комиссия бошпана изловчиларга қочқинлик мақоми бериш ёки бермасликни ҳал қилиши керак.

Би-би-си мухбирига маълум бўлишича, ушбу комиссия суҳбатдан ўтган бирорта ҳам бошпана изловчига қочқин деган мақом бермаган.

Қочқинларнинг айтишича, ушбу иши кўриб чиқилаётганларнинг ичида ҳибсда сақланиб турган 4 кишининг ҳам исм шарифи бор.

Қозоғистон расмийларига кўра, қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг сони оила аъзолари билан қўшиб ҳисоблаганда 200 дан ошади.

Уларнинг тақдири нима бўлиши ҳозиргача очиқ қолмоқда.

Озодликка чиқарилган ўзбекистонлик қочқинлар эса, не сабаб ҳибсга олинганликлари, босимларга дучор бўлганликлари ва сўнггида қўйиб юборилганликлари сабабини билмасликларини айтишмоқда:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сабаб нима?

Олма ота шаҳар Миграция қўмитаси департаменти директори Гулсара Алтинбекова Би-би-си билан суҳбатда Қозоғистон ҳуқуқ тартибот идоралари мамлакатда ноқонуний юрган мигрантларни аниқлаш учун тез тез “Мигрант” номли амалиёт ўтказиб туриши ва шундай амалиётларнинг бирига бугун эрталаб ўзбекистонлик 30-40 нафар бошпана изловчи ҳам тушиб қолганини билдирган.

Гулсара Алтинбековага кўра, улар "айни масала билан" эрталаб олтидан бери шуғулланишмоқда ва ҳозирга қадар 9 кишини озод қилишнинг уддасидан чиқишган.

У "кун давомида қолганларининг ҳам шахси аниқланиб, ўрнатилган тартиб бўйича қўйиб юборилиш ҳаракатлари" олиб борилаётганини билдирган.

"Халқаро қонунларга кўра, ҳар қандай давлат шахсни тасдиқлатиб олиш учун 3 кун ҳибсда сақлаб туриш ҳуқуқи бор," дейди Олма-ота шаҳар миграция қўмитаси департаменти директори.

Би-би-си мухбирига кўра, ҳозирда Олма ота шаҳар Ички ишлар департаменти ертўласида сақланаётган ўзбекистонлик қочқинларнинг ҳаётий эҳтиёжлари қониқтирилмаяпти.

Уларга тонг саҳардан бери сув ва емак берилмаган.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг Би-би-си мухбирига айтишларича, уларнинг орасида ошқозони хаста бўлган кишилар бор.

"Шунга қарамасдан ҳеч нарса бердиргани қўймаяпти," дейди қочқинлардан бири.

Қочқинларга кўра, Олма-ота Ички ишлар департамаентида сақланаётганларнинг қўл телефонлари олиб қўйилган ва уст-бошлари алмаштирилган.

Тонгги рейд

Олма-ота даги Би-би-си мухбирининг хабар беришича, Чоршанба тонгги соат 5 ва 6 ўрталарида Олма-отадаги ўзбекистонлик қочқинларнинг уйига полиция ходимлари бостириб кирган.

Қочқинларнинг Би-би-си мухбирига маълум қилишича, асосан диний сабаб билан муҳожирликда юрганларнинг ётган жойига кириб борган ҳуқуқ тартибот органи ходимлари вояга етган 50 дан зиёд эркакларни назорат бўлимига олиб кетишган.

Қочқинларнинг гапига кўра, уларнинг нима мақсадда олиб келингани ҳақида дастлаб ҳеч қандай изоҳ берилмаган, бироқ кейинчалик полиция ходимлари муҳожирлар орасидан уч шахс Ўзбекистонда "оғир жиноятлар, жумладан одам ўлдиришда айбланиб, қидирувга берилгани"ни маълум қилганлар.

Би-би-си мухбирининг айтишича, қидирувдаги шахсларнинг кимлар экани ҳозирга қадар ошкор этилмаган.

Сўроқ қилинган муҳожирлардан бирининг Би-би-сига маълум қилишича, унга "руҳий босим ўтказилган" ва қаттиқ қўрқитилган.

"Бугуннинг ўзида Қозоғистондан турмуш ўртоғингни олиб, Ўзбекистонга чиқиб кетасан. Бу сенга яхши имконият. Биз Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати билан гаплашдик ва у ерда сенга ҳеч қандай хавф йўқ, дейишди," деб айтган ўзбекистонлик муҳожир.

"Агар шу бугуннинг ўзидаёқ Қозоғистондан чиқиб кетмасанг, бир ҳафтани ичида сени оиланг билан ўзимиз ўғирлаб, Ўзбекистонга топширамиз, деб таҳдид қилишди," дея илова қилган ўзбекистонлик муҳожир.

Бошпана изловчилар ҳозирда уларга нисбатан "қўпол муомалада" бўлинаётганини айтганлар.

Шу йилнинг апрел ойида Қозоғистондаги қочқинларнинг иши Меҳнат вазирлиги ихтиёрига ўтган.

Муҳожирлар шундан сўнг ўзларини ҳимоясиз қолгандек ҳис қилишаётганини айтишади.

Сўнгги хабарлар учун Би-би-сини кузатиб боринг.

SMS рақамимиз: +447786201124