Комилов:'Қирғизистондаги ҳодисалар ортида жиддий учинчи кучлар турибди'

Қирғизистонлик қочқин
Image caption Ўшлик қочқинларнинг кўпи яқинлари тақдиридан хавотирда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдулазиз Комилов Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликлар ортида "жиддий учинчи кучлар турганини" айтди.

Бу ҳақда жаноб Комилов Тошкентда хорижий дипломатлар ва журналистлар учун ўтказган матбуот йиғини чоғида маълум қилди.

"Воқеаларнинг ривожланишини кузатар экан, ушбу ҳодисалар ташкилий характерга эга ва улар ортида жиддий учинчи кучлар турибди деган тасаввур шаклланади," деди Абдулазиз Комилов.

Бирқ юқори ўзбек дипломати "учинчи кучлар" деганда кимлар назарга тутилганини маълум қилмади.

"Бу ҳолатни Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзоларининг ўзлари ҳам эътироф этишмоқда. Улар ўз баёнотларида бу мамлакатга, хусусан Ўшга кўплаб миқдорда қурол-яроқ келтирилгани, бошқа мамлакатлардан ёлланма одамларнинг пайдо бўлгани ва баъзи районларда профессионал снайперларнинг борлигига эътибор қаратишади," илова қилди Абдулазиз Комилов.

У Қирғизистондаги бўҳронни "сиёсий" йўллар билан ечиш зарурлигини таъкидлади.

Қочқинларга ёрдам масаласи

Image caption Ўзбекистон ҳукумати фақат қочқинларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун 1 миллион доллар сарфланганини айтади

Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, бугунга келиб Андижон вилоятига жойлаштирилган Қирғизистон жанубидан бўлган қочқинлар сони 75 мингга етган.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати қочқинларга зарурий шарт-шароитларни яратиш учун "барча имкониятларни ишга солди ва солмоқда".

У бунга Андижон вилоятида барпо этилган қочқинлар жамлоқларини бориб кўрган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам амин бўлганликларни айnди.

Аммо Абдулазиз Комилов қочқинларга ёрдам бериш осон эмаслиги ва бу масаласида "муайян жиддий мушкулликларга дуч келмоқдамиз," дея ивлов қилди.

У Ўзбекистон ҳукумати шу бугунга қадар фақат қочқинларни озиқ-овқат билан таъминлашда бир миллион долларга яқин маблағ сарфлаганини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи муовини беморхоналарга ётқизилган "кўп миқдордаги ярадорларга" йирик кўламда тиббий ёрдам зарур бўлишини илова қилди.

Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон халқаро ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилган, аммо берилаётган ёрдамлар "негадир Бишкекда туриб қолмоқда".

Ўзбекистон расмийларининг маълум қилишларича, Андижон вилоятида 30 дан ортиқ қочқинлар жамлоғи барпо этилган.

Андижон вилояти касалхоналарда 1 мингга яқин қочқин даволанмоқда.

Улар орасида юзга яқин ўқ еган ярадорлар, ҳомиладор аёллар ва шунингдек Ўш беморхоналаридан эвакуация қилинган беморлар ҳам бор.