'Хьюман Райтс Вотч': 'Қирғизистонда ўзбекларга қарши янги ҳужумлар'

Ўш

HRW халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг айтишича, қирғиз муваққат ҳукуматининг вазият осойишта эканига оид даъволарига қарамай, Ўш фуқаролари шафқатсиз ҳужумларга тутилган, калтакланган ва зўрланган. Халқаро ташкилот вакиллари шоҳидлар билан суҳбатлашиш ва инсон ҳуқуқларининг топталиш ҳолларини ҳужжатлаштириш учун 16 ва 17 июн кунлари Ўшнинг бир қанча ҳудудларига сафар қилишган. "Хьюман Райтс Вотч"нинг айтишича, Ўш аҳолиси фавқулодда ҳимоя ва инсонпарварлик ёрдамига муҳтождир. Ва Ўшдаги вазият ҳар дақиқада ўт чиқиб кетиши мумкин бўлган даражада хавфлидир. Биз халқаро ташкилотнинг Ўшдаги тадқиқотчиларидан бири Оле Солванг билан боғланиб, ўзбекларга қарши янги ҳужум ҳоллари ҳақида сўрадик:

Оле Солванг: Биз инсон ҳақларининг топталиш ҳолларини ҳужжатлаштириш ва гувоҳлар билан суҳбатлашиш учун бир неча кундан буён Ўшдамиз. Ҳозир биз гувоҳ бўлиб турган ҳолат шуки, шаҳардаги ўзбек ва қирғиз жамоалари мутлақ бир-бирларидан ажралиб олишган. Ўзбеклар ўзлари яшаб турган жойларини қўлларидан келганча тўсиб олишган. Ўзлари ҳам маҳаллаларидан чиқишмайди ва у ерга бошқани ҳам киритишмайди. Улар янги ҳужумлардан ниҳоятда қўрқувга тушиб қолишган. Биз ташқарига чиққан ўзбекларнинг янги ҳужумларга нишон бўлаётганликлари ҳолларини ҳужжатлаштирдик. Дейлик, кеча эрини қидириб, ҳовлисини кўриш учун борган ёшгина жувон уйининг яқинида ҳарбий либосда бўлган тўрт киши томонидан олиб қочилган. Калтакланган, зўрланган ва оқибатда, ҳушини йўқотган. Ва йўл чекасига ташлаб кетилган.

Би-би-си: Ўшдаги бир неча кунлик фаолиятингиз давомида қирғизларга қарши ҳам худди шундай ҳужумларни ҳужжатлаштиришга мувофиқ бўлдингизми?

Оле Солванг: Йўқ, ўтган бир неча кун ичида бу каби ҳолларга кўзимиз тушмади. Қирғизларга ҳам қарши худди шунга ўхшаш ҳужум ҳолларини ҳужжатлаштиришга муваффақ бўлмадик. Лекин бу мутлақ йўқ, деб айтишимизга асос бермас. Яъни, биз бу каби ҳолатларга ҳали тўқнаш келмаган бўлишимиз мумкин. Ўшдаги ҳақиқий вазиятни кўрсатиш учун эса, қўлимиздаги бор маълумотларни ошкор этиш муҳим эди. Демоқчиманки, бу ерда вазият ҳамон ўта танг. Ҳеч нарсани олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Кишилар ҳануз зўравон ҳужумларнинг таҳдиди остида қолишмоқда.

Би-би-си: Ўшда ўтган тун қандай кечди? Отишмалар қулоғингизга чалиндими? У ердаги бугунги вазиятни қандай тасвирлаган бўлардингиз?

Оле Солванг: Сиртдан қараганда Ўшдаги вазият ўтган бир неча кун билан солиштирганда анча осойишта кўринади. Шахсан ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ўтган тун давомида бирор бир отишма садолари қулоғимга чалинмади. Лекин шаҳарда вазият ниҳоятда танг. Ҳеч ким бир неча кунлик зўравонликларда аниқ қанча киши ўлгани ёки қурбон бўлганини билмайди. Лекин шуниси аниққи, ҳақиқий рақамлар расмийсидан анча юқори. Бунинг бир нечта сабаби бор: Биринчидан, отишмалар сабаб, кўплаб яраланган одамлар шифохоналарга чиқа олишмаган. Иккинчидан, яна аксарият инсонлар қурбон бўлган яқинларини ўликхоналарга олиб бормасдан, ўзлари кўмиб қўя қолишган. Шу сабабдан ҳам, яраланган ва қурбон бўлганларга оид кўплаб ҳолатлар расман ҳужжатлаштирилмаган. Биз кеча юқори мартабали маҳаллий ҳуқуқ-тартибот мулозимларидан бири билан гаплашдик. Унинг айтишича, қурбонларнинг сони мингдан ҳам ортиши мумкин экан. Ўзбек-қирғиз чегарасидан бошпана топган инсонлар ҳам талайгина. Аксарияти хотин-қиз ва болалар. Улар янги ҳужумлар хавфидан қўрқиб, Ўшга қайтишдан қўрқишади.

Би-би-си: Ўз маҳалларига қамалиб олган ўзбеклар ҳам ёрдам олишяпти? Уларга инсонпарварлик ёрдами етказиш ишлари қандай кетмоқда?

Оле Солванг: Бундай инсонларга ёрдам етиб бориши ҳануз муаммолигича қолмоқда. Шаҳарга инсонпарварлик ёрдамлари етиб келмоқда. Бу борада, айниқса, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ниҳоятда фаол. Хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлари сабаб, БМТ ва яна бошқа айрим халқаро ташкилотларнинг фаолияти шаҳарда унча кўзга ташланмайди. Ўз маҳаллаларида қамалиб олган инсонларга қирғиз ҳукуматининг ёрдами ҳам деярли етиб бормаётир. Бунинг бир нечта сабаби бор: Биринчидан, ўзларини тўсиб олган ўзбеклар ортиқ муваққат қирғиз ҳукуматига ишонишмайди. Шунинг учун ҳам, уларнинг ўз маҳаллаларига киришларига изн беришмайди. Бошқа томондан, ўзбеклардан қўрқиб, қирғизлар ҳам у томонга ўтишни исташмайди. Мисол учун, кеча мен ўзбеклар яшовчи мавзеъдаги бир хусусий шифохонанинг шифокори билан гаплашдим. Ўзбеклар шифохонага қўнғироқ қилиб, “Тез ёрдам” чақиришибди. Бирор бир ўзбек ҳайдовчиси тополмаганликлари учун, “Тез ёрдам” машинасини юборишолмапти. Чунки барча қирғиз ҳайдовчилари у ерга боришдан қўрқишибди. Демоқчиманки, бу икки жамоа орасидаги танглик ниҳоятда кучли. Ўзбеклар қирғизлардан қўрқишади, қирғизлар ўзбеклардан қўрқишади. Бу эса, вазиятни ниҳоятда қийинлаштиради.