Қирғизистон: қочқинларга ҳам референдумда қатнашиш имкони яратилиши зарур

Ўзбек қочқини

Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Ақилбек Сариевнинг айтишича, қирғизистонлик барча қочқинларга 27 июнга белгиланган умумхалқ референдумида иштирок этишлари учун имконият яратилиши зарур.

"Бу масалада икки факторга эътибор қаратишимиз керак: Ўзбекистон ҳудудида референдумни ташкиллаштириш учун ўзбек расмийларидан изн олиш; ҳамда қочқинларда овоз бериш истагининг бўлиши," деб айтди Ақилбек Сариев.

Унинг илова қилишича, референдумда иштирок этиш мажбурий эмас, балки "ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқидир".

Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси "қочқинларнинг раҳбарлари бор ва улар аган ман қилишса, референдумни у ерда ташкиллаштирмаймиз," дея илова қилди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, 100 минг атрофида қирғизистонлик қочқин қўшни Ўзбекистон ҳудудида вақтинчалик бошпана олган.

Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, референдум учун зарур 7.7 миллион бюллетенлар мамлакатнинг барча ҳудудларига ектазилган.

Референдум кимга керак?

Душанба куни Қирғизистон муваққат президенти Роза Ўтинбоева Конституция бўйича референдум режага мувофиқ ўтказилиши лозимлигини айтганди.

У 27 июн куни бўлиб ўтадиган жараён муваққат ҳукуматга кўпроқ қонунийлик бериш учун зарурлигини урғулаганди.

Ўтинбоева хонимга кўра, референдум ўтказилмаса ёки ортга қолдирилса, мамлакатни янада беқарорлашувга етаклаши мумкин.

Бу ўринда ўзининг яшаш жойидан кўчган бир неча юз минг фуқаросиз бу референдумнинг қанчалик қонуний кучга эга бўлиши борасида саволлар ўртага чиқмоқда.

АҚШ ва Россия ташқи ишлар вазирлари якшанба куни бўлиб ўтган телефон мулоқотларида Қирғизистондаги референдумни тезроқ ўтказиш зарурлигини урғулашган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистон ҳам референдум ўтказиш қарорини дастаклаган.