Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларига босимлар давом этмоқда

Image caption Ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова ўзларига қарши туҳматлар асосида шикоят хатлари ёздириб олинишини айтади

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ўзларига маҳаллий ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бўлаётган босимлардан шикоят қилишмоқда. Бахтиёр Ҳамроев, Саида Қурбонова ва Маъмур Азимов,яна бир ҳуқуқ фаоли Зиёдулло Раззоқовларнинг ҳақ-ҳуқуқлари жиддий равишда топталаётгани хабар қилинади.

Ўтган ойнинг бошларида Саида Қурбонова Жиззах туман милицияси уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бўлинмасига олиб келиниб сўроқ қилинган.

Ушбу савол-жавоб Саида Қурбонова ва Зиёдулло Раззоқовлар устидан тушган шикоятлар асосида экани айтилган. Шикоят хатида ҳуқуқ фаоллари хизматлари эвазига пул талаб қилганлари битилган бўлган.

Саида Қурбонова шикоятнинг мутлақо туҳмат экани хусусида тушунтириш хати ёзиб берган.

Жиззахлик фаоллар Бахтиёр Ҳамроев, Маъмур Азимов ва Саида Қурбонова суд ва ҳокимият тизимидаги қонунбузарликлар, болалар меҳнати, фермерлар хуқуқлари топталиши каби масалалар бўйича фаолият олиб боришади.

Уларга кўра, айниқса, кимнидир босим остига олиб, фаолларга қарши шикоят аризалари ёздириб олиш авж олган. Шикоят хатлари муаллифлари фаоллар билан учрашувда миллий хавфсизлик хизмати босимлари остида имзо чекканларини айтишган. Саида Қурбонованинг ўзи Би-би-сига бу ҳақда гапириб берган.

SMS рақамимиз +447786201124