Ҳаммаси ‘фолбин’ саккизоёқнинг башоратидан бошланди ёки эҳ-ҳҳҳ, Олмония

Бу ерда бўлажак учрашув жазаваси, “Мен севаман, сен севасанми?”дан бошланди. Газетлари Олмонияни севишни пайти келмадимикан, деб маҳаллий ишқибозлар юрагига қўл соларкан, шу-ууунча аламнинг аччиғи ҳам осонлик билан унутилгандек:

Кечаги Руней ва Жеррарднинг ўрнига, бугун бу газетидан Клозе чиқиб у деса, бошқасидан Подольскийси бу деган. Олмонлар мураббийси Йоаҳим Левни-ку энди қўяверинг, исталган газетнинг сўнгги саҳифасини очсангиз бас, “Тердан қотиб кетмайдими, омадли футболкамни чемпион бўлмагунимизча устимдан ечмайман,” деган ирим-сиримга ишонмаслигини алоҳида таъкидлаган эса-да. Хуллас-калом, якунида рақиблари Испания миллий терма жамоаси фақат қоғоздаги номга айланган, холос. Олмония миллий терма жамоасига берилган таърифларни ўқиб туриб эса, уларга қўшилиб, ўзингиз ҳам қандай қилиб эриб кетганингизни билмай қоласиз: Зийрак, ақлли, вазмин, совуққон, жамоамисан жамоа, нақ футбол терминлари лўғатидагиси дейсиз! Шунча таъриф ҳам камлик қилгандек, янада чуқурроқ кетганлари учун жамоа нақ канцлери Ангела Меркелнинг ўзи! Бор туриши билан! Шунча хабарнинг қайноғида қайнаган мен учун эса, ҳаммаси ўша “фолбин” саккизоёқ, ҳа,ҳа, Аргентинага қарши учрашувда Олмониянинг ғалабасини башорат қилган саккизоёқнинг башоратидан бошланди. Сизга тўғрисини айтаман, наҳанглар учрашувидан ўлардек қўрқаман. Наҳангларнинг қулашидан кўнглим озмунча безиб қолган эмасми, ўйлашим билан ҳушим бошимдан учади.

Яна иккита ярим финал учрашуви кетма-кет эмасми, Ҳолландия ва Уругвайникини ҳали ҳазм қилиб бўлмаган бир аҳволим бўлса! Аввалроқ яхшилаб тўкиб солган эмасманми, Ҳолландияга бўлган “ҳамма” ҳис-туйғуларим сизга ойнадек равшан. Эски аламларим оғриғида қувончнинг таъмини сезиб-сезмай турган бир аҳволда ишхонага етиб келдим. Эшикдан кирибоқ, “Бугун палончининг ўйини бор-а,” деб одатдагидек суюнчи олишни ҳам бир четга йиғиштириб, ғайриодатий бир равишда секингина жойимга чўкдим. Ўзимни ўзимнинг ҳар турли ишқибозлик хаёлларимдан ҳимоя қилиш учун уним чиқмай, ишга ёпишдим. Иш билан сал чалғиган эканман, ногаҳон шундоққина биқинимда ўтирадиган ҳамкасбимнинг, “Феруза, “фолбин” саккизоёғингиз қандай фол очганини биласизми, емишини бу гал Испания байроғи туширилган идишдан ебди,” деган сўзлари қўлоғимнинг остида нақ бомба портлатгандек бўлди. Кўнглимнинг қанчалик шувввв этиб кетганини фақат ўзим биламан. Ҳамма нарса унутилди, қанчалик муҳим бўлмасин, қилаётган ишимни бир четга йиғиштириб, зиғирдек бўлса-да таскин илинжида асли британиялик бўлса-да, бугун Олмония аквариумидан бошпана топган “фолбин саккизоёғим”нинг bacкgroundини титкилашга тушиб кетдим: Беайб фақат парвардигор, бу-ку, агар оёғининг саккизталигини айтмасангиз, бизга ўхшаган бир мавжудот бўлса, балки бирор бир фолида хато кетгандир, деб...Йўқ, бехато, бехато, бехато,..уффф, ийе, ийе, мана, боракан-ку! Менинг бахтимга ҳаммаси қолиб, айнан 2008 йилги Оврўпо чемпионатининг Испания ва Олмония ўртасида бўлиб ўтган учрашувига очган фоли янглиш бўлиб чиққан экан “фолбин саккизоёғим”нинг. Ўқиб турган кўзимга ишонмай, тўғрироғи янада ишонишни истаб, кўрганимни ҳамкасбимга ҳам кўрсатдим, “Мана, минг фолбин бўлиб кетмайдими, ўша саккизоёқ !” деб. Шууувввиллаб кетган кўнглим шувиллаб бўлмаса-да, бироз ўзига келгандек бўлди. Яна ишга кўмилдим,...

Мени қўрқитган ўша соатлар ҳам келди

Балки, келмагани дурустмиди, дейман ўзимга ўзим чоршанба кунги ишқибозлик ўйида. Чемпионат арафасида кимга ишқибозлик қиласан, десангиз, кўзимни чирт юммай туриб, рекорд даражасидаги ғиж-ғиж юлдузлари билан ақлимни шоширган “Испанияга!” дегувчи мен биринчилик поёнига етиб қолган бир пайтда қандай қилиб Олмонияга ошиқ бўлиб қолганимни билмайман. Балки тасаввуримдаги ўша Испанияни фақат ярим финалга келибгина кўрганим учунми...Демоқчиманки, айб менда эмас, ҳаммасига испанларнинг ўзлари сабабчи. Кўз олдимда эса, фақат олмонлар чизғичда чизиб ташлагандек майдон ” қотиб қолган бўлса, қўлоғимда акс-садо бераётгани “Го-оооол, го-оооол,..го-ооол”. Битта миллий терма жамоа ишқибозни қанчалик лол этишга қодир бўлса, мен ҳам шунчалик “тамом” бўлган эдим. Хуллас-калом, Лондон вақти билан кечки соат 7:30 гача ишчи, она ва уй бекасилигим битиб, ИШҚИБОЗЛИКка тап-тайёр бўлдим. Аммо ишқибоздек холис танқидчи бўлмаса керак: Бошданоқ олмонларнинг қадам олиши менга ёқмади. Энди, буёғини қўяверинг, испанларни ҳеч уддалолмаган олмонлар қолиб, ўзим ўтирган курсимда қийшаявериб, бурилавериб, эгилавериб, Клозени ҳам, Масутни ҳам, Худодан ўзгаси бас келмайдигандек кўринган Подольскийсини ҳам ортда қолдириб кетдим. Аммо самара қани! Ҳисоб испанлар фойдасига бўлса! Навбатдаги наҳанглар учрашувининг яна бир драматик якунида ғийқиллаган курсисидан мен ва 90 дақиқа бесамар чопган майдонидан туролмай қолган ЎША Шванстайгер иккимиз қолгандек эдик, гўё. Чилпарчин бўлган хаёлимни, “Қайтар дунё деганлари бўлса ҳам, шу бўлса керак,” деган фикр мингпарчин қилди. Қанчадан қанча асарларда ким кимлардир мағзини чақиб келган сўзларнинг мағзини ҳаётимда биринчи марта ўзим чаққандек бўлдим. Худди бир амаллаб ярим финалга чиққанига қарамай, ёш боши билан манаман деган юҳоларни ер тишлатган олмонларнинг ўйинини чақиб ташлаган испанлардек. Ҳеййй ўша куни шунча обрўси билан кўз ёш тўккан Мессидек бўлмаса-да, турган жойида шунча ирғишлаб, сакраган Марадонадек бошимни чангаллаб қолганим рост.

Буёғи ўзлари мағлуб этганларга қўшилиб мағлуб бўлган олмонлар ҳам “фолбин” саккизоёқдан аламларини олишга тушишган. Саккизоёққа ёпишган ҳамма уни хаёлида пишириб, хумордан чиққан: “Кимдир уни аввал тахтачага олиб, роса уриб, текислаб (эти мазали бўлармиш), кейин қайноқ сувга ташлаб пишириб олган бўлса, бошқаси зайтун ёғида картошка билан бирга қўшиб қовурган, озгина майдаланган саримсоқ солсангиз, янада мазали бўлади, деб”. Хуллас-калом, Олмониядаги аквариум эгалари турли хил рецептлар ёзилган мактубларга кўмилиб кетишган. Ақл таскин беролмаган бу каби паллаларда эса, сизу бизга ўхшаганлар доимо фалсафий тафаккурга берилади. Футбол ҳам эртанги кунинг бир четда турсин, ҳозир олган нафасингнинг чиқишини билмаган ҳаётнинг ўзи эмасми, кунинг фақат яхшими, ёмонми сюрпризга қолган, шундай экан, на илож, дейсан. Буёғига эса, барча ҳаётий ва ишқибозлик тажрибаси далил, Ҳолландия ва Испания ҳам бир аср деганда пешонасида ёзилганини кўради! Ана шу файласуфона хулоса манзарасида шунча кунлик ёниб, куйишлардан кейин таскин бераётгани – нима бўлган тақдирда ҳам, футбол тарихида янги бир жаҳон чемпиони пайдо бўлади-ку, деган фикр. А, лаббай, бир нима дегандек бўлдингизми?...