'Ҳибсдаги ўзбекистонлик барибир террорчиликка оид айбларга юз тутади'

Девид Якобсен
Image caption Асли ўзбекистонлик Девиднинг барибир террорчиликка оид айбловларга юз тутиши айтилади

Норвегиялик полиция мулозимларининг айтишларича, бир ўзбекистонлик дохил ҳозир ҳибсда бўлган уч маҳбус Норвегияда бир қатор ҳужумларни уюштириш режасида бўлишган.

Учовлон ўтган ҳафта террорчилик ҳужумларини уюштириш ва "Ал-Қоида" тармоғига алоқадорлик гумони билан Норвегия ва Олмонияда қўлга олинишганди.

Норвегия полициясига кўра, уларнинг ҳозир Америка ва Буюк Британияда тергов қилинаётган айрим шахсларга ҳам алоқалари бор.

Учовлоннинг илк маҳкама тинглови кеча Ослода бўлиб ўтганди.

Маҳаллий масъулларнинг айтишларича, улар "террорчилик амалларини уюштиришга тил бириктириш"да айбланишмоқда.

Норвегия полицияси жорий пайтда маҳбусларнинг четдаги бирор бир шахс ёки гуруҳ билан алоқалари бўлганми-йўқлигини ҳам ўрганмоқда.

Аммо ҳибсдагилар Норвегиядан бошқа давлатларни ҳам нишонга олиш режасида бўлган-бўлмаганликлари борасидаги саволни шарҳламаган.

Ҳибсдагиларнинг орасида бўлган асли ўзбекистонлик 32 ёшли Девид Якобсен Норвегияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган. 39 ёшли хитойлик уйғур Давуднинг Норвегия фуқароси экани айтилади.

Икковлоннинг ҳимоячиларига кўра, мижозлари ўзларига қўйилган айбларни рад этишмоқда.

Ўзбекистонлик полиция билан алоқада бўлган

Прокуратура томонининг айтишича, Девид Якобсен 2009 йилдан буён полиция билан ҳамкорликда бўлган.

Бироқ шунга қарамай, Девид террорчиликка оид айбловларга юз тутади.

Масъулларга кўра, ҳали полиция билан алоқага чиқмай туриб, Девид Норвегия Полиция Хавфсизлик Хизматининг кузатуви остида бўлган.

Норвегиялик масъулларнинг айтишларича, "Девид бунгача террорчилик амали уюштириш фитнасига тил бириктирганликда гумон қилиниб, бир йилдан ортиқроқ вақт давомида масъулларнинг кўз остларида бўлган".

Ҳибс муддати ҳам узайтирилди

Душанба куни бўлиб ўтган маҳкама тингловида учовлоннинг ҳибсхонада тутиб турилиш муддатлари ҳам яна тўрт ҳафтага узайтирилган.

Шундан келаси икки ҳафтасини маҳбуслар изоляцияда, матбуот ва интернетга имкониятсиз ўтказишлари айтилади.

Қоралов томони эса, айблар борасида аниқ бир тўхтамга келиб олиш учун уларни саккиз ҳафта ҳибсда сақлаш сўрови билан чиққанди.

Олмонияда ҳибсга олинган учинчи маҳбус - 37 ёшли ироқлик курд ҳимоячисининг айтишича, мижози тез орада Норвегияга экстрадиция этилади.

Унга кўра, мижози ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмаган ва мазкур ҳодисага бирор бир алоқаси йўқлигини айтмоқда.