Ўзбекистонда автоёқилғи мўл...ва тақчил

Uzgazoil

Бугун эрталабдан Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги ёқилғи қуйиш жойларида одатий манзара, яъни, ёнилғи сероб ва айрим жойларда ёқилғи қуйувчи хизматчилар мижоз камлигидан "пашша қўриб ўтирибди" дейиш мумкин. Ҳайдовчилар эса хотиржам.

Бироқ кейинги ойларда вилоятларда ёқилғи тақчиллиги мунтазам тус олгани, автомобил ўта тиғиз бўлган пойтахтда ҳам баъзан ёқилғининг бирдан йўқ бўлиб қолиши ва узундан-узун навбатлар пайдо бўлиб, ҳайдовчиларнинг асабий қичқиришлари каби манзаранинг тобора одатий тус олиб бориши бугунги хотиржамликка соя солиб тургандек.

"Бугун ҳамма заправкада бензин бор. Уч кун аввал бензин тугаб қолиб, роса ваҳима бўлганди," дейди тошкентлик такси ҳайдовчиси. Унга кўра, ўтган ҳафта ҳам шундай ҳол юз берганди.

"Балки шу якшанба яна бензин йўқолиб қолар," дейди у.

Пойтахтдаги ёқилғи қўйиш жойларининг ҳеч бир изоҳсиз бирдан ёпилиб қолиш ҳоллари шу пайтга қадар бензин нархи ошиши олдидан кузатилган ва бензин нархи эса одатда ҳар олти ойда бир ошади. Бироқ икки-уч ойдан буён бензиннинг бирдан камайиб кетиши ва ёқилғи қуйиш жойларининг темир тўсиқлари ёппасига туширилиши тез-тез такрорлана бошлади.

Аввалига бундай ҳол ойда бир юз берса, энди ҳафтада бир ва ҳатто икки марта такрорланаётганини кузатиш мумкин.

Вилоятларда эса бензин тақчиллиги ростмана тус олганига деярли икки ой бўлмоқда ва бугунги кунда бир литр бензин нархи 2 минг сўмгача ҳам чиқиб кетар экан (давлат нархи 1200 сўм атрофида). Дизел ёқилғиси ҳам камайиб кетганидан қишлоқларда фермерлар тракторлари учун дизел ёқилғиси қидирса, Тошкентда "жип" машинаси ҳайдовчилари ахлат ташувчи Мерседес машиналари йўлини пойлайди. Одамларга кўра, ҳафтада бир марта келадиган ахлат ташувчи машиналар энди икки ҳафтада бир марта келмоқда экан. Ўзбекистонда одатда бундай вазиятларда ҳеч қандай расмий хабар ёки изоҳ берилмайди. Радио ва телеканаллар буни сезмайди ва қувноқ қўшиқларини давом эттиради. Одамлар эса турли миш-мишлар ва уйдирмалар билан яшар экан, бензин тақчиллигини ҳар ким ўз ҳолича шарҳлашга тушади. Аксар кишилар эса бензин тақчиллигидан нолиса-да, бунинг сабаблари ҳақида ўйлаш ва гапиришни хоҳламайди.

Хуллас, халқ орасида юрган гап-сўзлардан маълум бўлишича, ёқилғи тақчил бўлиб кетишининг сабаби сифатида энг кўп тарқалган ва гапирилаётган омил бу Зеромакс ва унга қарашли Узгазойл ширкатларининг ёпилиши экан. Зеромакс тақдири ҳақида шу пайтга қадар бирор расмий изоҳ берилмаган, лекин аксар кузатувчиларга кўра, бу қудратли ширкат ва унинг қошидаги бошқа ширкатларнинг активлари тегишли давлат ташкилотлари томонидан ўзлаштириб бўлинди.

Ўзбекистон ва мамлакат ташқарисидаги мустақил интернет нашрлари эса мамлакат ҳаётини ўзига хос қарашлар билан ёритиб келаётган Uzmetronom сайтида берилган фикрларни такрорлаб келмоқда. Уларга кўра, мамлакатда нефт маҳсулотлари тақчиллиги юзага келиш сабаблари ўлароқ "Ўзбекнефтегаз” ширкати бошқарув кенгаши раиси Улуғбек Назаров ва мамлакат бош вазирининг геология, нефткимё ва металлургия саноати масалалари бўйича бўйича ўринбосари Эргаш Шоисматов ишдан олинган.

"Бироқ қандай қилиб бу икки мансабдор шахс бензин тақчиллигини юзага келтириши мумкин деган савол туғилади," дейди тошкентлик иқтисодий масалалар бўйича мустақил кузатувчи.

Кузатувчига кўра, авваламбор "Ўзбекнефтгаз" давлат ширкатида бошқарув кенгаши раиси деярли фахрий лавозимдек гап ва шу пайтгача барча муҳим масалаларни ўринбосарлар ҳал қилиб келган ва улар раисдан фарқли ўлароқ доимо ўзгариб турмайди.

"Иккинчидан, бизнинг давлат бошқарувимиз шу тахлитда ишлайдики, тақчил нарсани мўл қилиш ёки аксинча амални бир икки ой ичида ҳал қилиб ташлолмайди," дейди кузатувчи.

"Шу боис халқ орасида юрган гап, яъни бензин тақчиллиги Зеромакс ёпилиши билан боғлиқ деган гапларда анча жон бор. Оддий мисол, Зеромакс ёпилишидан аввал Қамчиқ довони орқали Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига кунига 20 дан зиёд махсус машина нефт келтирар ва Тошкентга бензин олиб қайтарди. Шу кунларда довонга бориб кўринг, бу машинилар сони 10тага ҳам етмайди," дейди у.

Кузатувчининг айтишича, Ўзбекистонда нефт аввалдан мўл бўлмаган, кейинги 5 йил ичида мамлакатда автомобиллар сони кескин ошиб кетиши ҳисобига бензин тақчиллигининг олини олиш учун Қозоғистондан нефт сотиб олинарди.

"Зеромакс мамлакатдаги ўз мавқеи ўлароқ ҳар қанча бўлса ҳам четдан нефт импорт қилишга қурби ва имконияти етарли эди. Тошкент заправкаларида ҳатто Россия бензинини ҳам сотиб олиш мумкин эди. Иккинчидан бу ҳолат мустақилликдан буён нефт мустақиллигига эришганини айтиб келаётган ҳукуматга ҳам қулай эди. Чунки нефтни Ўзбекистонга давлат эмас, балки хорижий ширкат импорт қилмоқда эди. Энди эса давлат ташкилотлари хоҳлаган тақдирда ҳам бу ишларни хусусий хорижий ширкат каби тез ва силлиқ уддалай олмайди, чунки уларда ташаббус йўқ ёки бундай ташаббус билан раҳбариятга чиқишга қўрқадилар," дейди у.

Кузатувчига кўра, бундай ташаббус жазосиз қолмаслиги мумкин, чунки мансабдорлар Ўзбекистон аслида қанча нефт хом ашёси импорт қилаётганини юқори раҳбарлар олдида тан олиши ва бу билан нефт мустақиллиги ғоясига путур етказиб қўйишлари мумкин.