АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар мажбурий меҳнати асосида етиштирилган маҳсулотлар рўхатига киритди

Image caption Иносн ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистон далаларида ҳануз болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этаётганлигини айтадилар.

АҚШ Меҳнат вазирлиги болалар меҳнати иштирокида етиштирилган маҳсулотлар рўхатини янгилаб, унга Ўзбекистонда етиштирилган пахтани ҳам киритди.

Болаларнинг мажбурий ёда келишилган меҳнати билан етиштирилган, дея ишонилган бу йилги рўхатга 29 мамлакатдан 29 маҳсулот киритилган.

Улар орасида Непал ва Покистонда ишлаб чиқариладиган гиламлардан тортиб, Хитойда ишланадиган электрон жиҳозлар ва ўйинчоқлар ҳам бор.

Ўзбекистон пахтасининг рўйхатга киртилишига асос сифатида ўндан ортиқ ташкилот ва матбуот воситалари томонидан тақдим этилган ҳисобот ва маълумотлар келтирилган.

Рўхат АҚШда 1999 йили қабул қилинган "Болаларнинг мажбурий ёда келишилган меҳнати билан маҳсулотлар етиштиришни таъқиқлаш" қарори асосида ишлаб чиқилади.

Ушбу қарорга биноан АҚШга маҳсулотлар етиштириб берадиган ширкатлар рўйхатга киритилган мамлакатдан номи тилга олинган товарларни сотиб олишда болалар меҳнатидан фойдаланманганлигига ишонч ҳосил қилиш учун қўлларидан келган барча чораларни кўришлари керакдир.

Ўтган йили декабр ойида америкалик бир гуруҳ қонунчилар Барак Обама маъмуриятини пахта саноатидаги болалар меҳнати сабаб Ўзбекистонга нисбатан савдо чекловларини киритишга чақиришганди.

АҚШ Конгрессининг беш нафар аъзоси Қўшма Штатларнинг Савдо вакилига мактуб йўллаб, бу борада зарур чораларни кўришни сўрашган.

2009 йил декабр айни ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов болалар меҳнатини тақиқловчи яна бир қонунга имзо чеккан ва Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси болалар меҳнатини тақиқлашга доир яна бир қонунни маъқуллаганди.

Аммо иносн ҳуқуқлари фаоллари бу каби қадамлар амалда бирон нарсани ўзгартиришига шубҳа билдиргандилар.

Яқинда Жиззах вилоятида ёзги таътилда бўлган ўқувчилар маҳаллий фермерлар томонидан ишга ёлланиб пахта яганаси ва ўтоқ жараёнида иштирок этаётганлари ҳақида хабарлар келганди.

Меҳнат хуқуқларига доир халқаро форум ҳам ўз ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тақиқлаш ҳақидаги халқаро мажбуриятларини бажармаётгани қайд этилганди.