Россияда ўзбекларни ўлдирганлар ҳукм этилишди

Тақирбошлар
Image caption Ҳукм этилган тақирбошларнинг қўлидан ўзбекистонлик фуқаро ҳам қурбон бўлган

Россиянинг Тверь вилоятида "Рус миллий бирдамлиги" ташкилотининг 14 аъзоси миллатчилик заминида содир этган жиноятлари учун узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилишди.

Гуруҳ раҳбари Дмитрий Орлов махсус режимдаги колонияда ўташ шарти билан бир умрга озодликдан маҳрум этилди.

Унинг икки ҳамтовоғига худди шундай шарт билан 17 йиллик қамоқ жазоси берилди. Ташкилотнинг қолган аъзолари эса, 3.5 йилдан 12 йилгача қамоқ муддатини ўтайдиган бўлишди. Фақат уч нафарига шартли жазолар тайин этилди.

Қотилликлар

Тергов томонининг айтишича, тверлик миллатчилар қурбонларининг оғир тан жароҳати олиши билан якунланган уч босқинчилик ва тўрт қотиллик ҳолларида айбдор деб топилишган.

Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари вилоятнинг Калинин туманидаги яҳудий ва мусулмон қабристонларини оёқ-ости қилиш экстремистик руҳдаги варақаларни тарқатишда ҳам жавобгар деб кўрилган.

Аммо гуруҳ раҳбари ва унинг фаол аъзолари тилга олиб ўтилган жиноятлар ва "эсктремистик ташкилот"га алоқалари йўқлигини айтишмоқда.

Санкт-Петербург ҳодисаси

Худди шу куннинг ўзида Санкт-Петербургда ҳам электричкаларда ташқи кўриниши осиёлик бўлганларни калтаклаб, бир ўзбекистонликка ҳалокатли тан жароҳати етказган 5 неонацистчига қарши ҳукм ўқилган.

Судланувчилар айбдор деб топилган ҳодиса 2008 йилнинг 15 ноябр куни "Рощино - Санкт-Петербург" йўналишидаги электричкада юз берган.

Россия ахборот агентликларига кўра, бекатларнинг бирида 15 чоғли ёш йигитлар вагонга бостириб кириб, миллатчи руҳдаги шиорларни айтиб, қичқирганча, йўловчилардан бирини калтаклашган. Бошқасига пичоқ уришган. Ўзлари эса, кейинги бекатда тушиб қолишган.

Ҳодисада тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси "Тез ёрдам" етиб келгунча ҳаётдан кўз юмган.

Масъулларга кўра, ҳамма йўловчилар тарқалиб кетгани боис, жиноятчилар ҳақида кўрсатма бериши мумкин бўлган ҳеч кимни топишолмаган. Шу боис тергов ишлари анча вақтга чўзилиб кетган.