Ўзбекистон: ўқув юртлари битирувчиларини ишга олганларга имтиёз

Ўзбекистондаги янги фармонга кўра, ширкат ва кичик корхоналар ўз иш ўринларининг 20 фоизини касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва олий ўқув юрти битирувчилари билан тўлдирса, уларга берилган имтиёзлар сақланиб қолади.

Расмийларга кўра, ушбу фармон кичик ва ўрта бизнес тадбиркорларининг имтиёзини сақлаб қолиши билан бирга ёшларга қўшимча иш ўринлар яратиши мумкин. Мустақил кузатувчилар эса фармоннинг амалда ишлаб кетишига шубҳа билан қарашади.

Ўзбекистондаги Либерал-Демократлар партияси сиёсий кенгаши аъзоси ва партиянинг "XXI аср" рўзномаси бош муҳаррири Миродил Абдураҳмоновнинг айтишича, фармоннинг қабул қилиниши кичик бизнес соҳиблари ва битирувчилар учун айни муддао бўлган.

- Ёшларни номигагина иш билан таъминлаш эмас, уларнинг салоҳияти ва иқтидорига яраша иш топиб бериш учун, уларга кенг имкониятлар яратиш ҳақида гапирилаяпти. Кейин ёшларни кўпроқ ишга олганларга давлат томонидан жуда катта имтиёз берилаяпти. Президентнинг тили билан айтилганда ўрта қатламга жуда зўр имтиёз яратилди. Улар энди ёшларни ишга олишдан манфаатдор бўлади, дейди Миродил Абдураҳмонов.

Ўзбекистонда ишсизларнинг ҳақиқий сони қанча эканлиги расман айтилмайди. Аммо давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотларга кўра, биринчи ярим йилликда мамлакатда 500 мингдан ортиқ ишчи ўринлари яратилган. Ва ушбу қўмита маълумотларига кўра, айни дамгача 11 миллион одам иш билан таъминлаган.

Ҳукумат доираларига яқин Uzmetronom.com веб-саҳифасининг таҳлил қилишича, Ўзбекистон аҳолиси 29 миллионга яқинлашиб қолган ва шундан 17 миллиони ишга яроқлилар бўлса, ишсизлар сони 6 миллионни ташкил қилади. Uzmetronom.com ходимлари ушбу рақамларни давлат статистика қўмитаси берган маълумотлар асосида мантиқан ҳисоблаб чиққанини айтади.

Бироқ кузатувчиларга кўра, ҳукумат ишсизлар сонини ҳар доим яширишга ва бу мавзуни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Тошкентдан Норасмий эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов айтишича, президентнинг ушбу фармонида ҳам ишсизлар деган атамани четлаб ўтишга ҳаракат қилинган.

- Президент фармонининг ўзига қарайдиган бўлсак, номи жуда ҳам айёрлик билан қабул қилинган. Чунки у ерда ишсизлик ҳақида гап ҳам йўқ. Ва бизнинг қарашимизга кўра, бу атайин қилинган ҳаракат. Сабаби Ўзбекистон ҳукумати ҳамма салбий маънога эга бўлган муаммоларни қарор, қонун ва расмий ҳужжатларда доимо ижобий сифат билан аташни одат қилиб олган.

Суҳроб Исмоиловга кўра, ҳукумат бундай қарор ва фармонлар қабул қилиш орқали бизда ишсизлар йўқ деган фикрни шакллантиришга ҳаракат қилади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ишсизлик энг оммавий муаммолардан бирига айланган ва бундан азият чекаётган гуруҳ бу айнан ёшлардир.

Норасмий эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Президент фармони ҳужжат ўлароқ яхши қадам, аммо Ўзбекистон шароитида қонунларнинг бажарилиши ташаббус орқали эмас, мажбурлаш ва маъмурий босим ўтказиш орқали бажартирилиши ижобий натижа бермаслиги мумкин.

Ўзбекистонда ишсизлик билан курашиш учун қилинаётган меҳнат ярмаркалари, Суҳроб Исмоилов айтишича, босим остида ташкиллаштирилади.

"Ўзбекистонда ишсизликни "енгиш"нинг яна бир усули бор. Бу вақти-вақти билан жойларда меҳнат ярмаркаларини ташкил қилиш. Биз мониторинг натижаларидан шуни биламизки, ушбу меҳнат ярмаркаларида маҳаллий ҳокимиятнинг босими орқали жойлардаги мавжуд корхоналар, хусусий ташкилотлар ўзларида бўлмаган вакансия ўринлари билан қатнашишга мажбур қилинади,” дейди Суҳроб Исмоилов.

Суҳбатошимиз Аҳмаджон Ўзбекистонда энг долзарб мутахассисларни тайёрлаб берадиган Тўқимачилик институтини яқинда битирган. Айни дамда ишсиз юрган Аҳмаджоннинг айтишича, унинг соҳасида Ўзбекистонда иш топиш осон, аммо маошлар талабга жавоб бермайди.

Бир йилга яқин ўз соҳасида ишлаган Аҳмаджон ойлик қанаотлантирмагани учун мана яна ишсиз бўлиб юрибди. Унинг айтишича, иш билан боғлиқ муаммо йўқ, у борган ҳамма корхоналарда иш ўрни бор. Фақат маоши қаноатлантирмайди.

Беш олтида Тошкент шаҳридаги тўқимачилик корхоналарига борган дипломли Аҳмаджон ўзининг энг охирги ташкилот раҳбари билан бўлган суҳбатини эслайди.

- Мато кесув станогида ишлаганимни айтдим, ундай бўлса сизни ишга оламиз деди. Қанча ойлик берасиз десам, "агар ҳеч нарса билмасдан келсангиз, 90 минг сўмдан бошлаймиз. Сиз иш билганингиз учун 160 минг тўлаймиз. Агар жуда яхши ишлаб, ўзингизни кўрсатсангиз, 170-180 минг сўм қилиб беришимиз мумкин", дейди Аҳмаджон.

Мустақиллик йилларида минглаб билимли ёшлар Оврўпо ва АҚШга чиқиб кетгани айтилади. Санжарбек Оврўпа давлатларининг бирида ишлайди. Унинг айтишича, ёшларни Ғарбга тортаётган нарса бу меҳнатнинг маблағ билан тақдирланишидир.

- Оврўпо ва Америка давлатларининг иқтисоди жуда ҳам тараққий этган. Бу ерга келиб ишлаётган ўзбек ёшлари меҳнати қадрланадиган даражада ҳақ олишади. Бошқа томондан ўзларининг билимларини ҳам ошириб боришади. Бу ёшлар Ўзбекистонда ҳам ишлашлари мумкин, лекин иш ҳақларининг камлиги ва ғайратли ёшларнинг орзу ҳаваслари кўплиги сабаб чет элда ишлашни афзал билишади, дейди Санжарбек.

Санжарбекнинг илова қилишича, айни дамда бутун дунё бўйлаб меҳнат миграцияси содир бўлмоқда ва ўзбекистонлик ёшларнинг ҳам бундай глобал жараёнда иштирок этиши табиий ҳол.

Норасмий эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, халқаро меъёрларда қабул қилинган "истеъмолчи савати" тушунчасининг Ўзбекистонда на қонун томонидан ва на амалиёт томонидан таърифи йўқ. Ишсизлик каби муаммоларни ечиш учун ишни аввало шундан бошлаш керак.

- Истеъмолчининг минимал корзинаси тушунчаси ҳуқуқий, иқтисодий атама сифатида ва меъёр сифатида ишлаб чиқилиши керак. Ва албатта маошларнинг реал ҳаётга мос келиши таъминланиши керак. Шундагина ҳозир таклиф қилинаётган алоҳида кичик-кичик ташаббуслар бир маъно касб этган бўларди. Ҳозирчалик эса улардан каттароқ самара кутишимиз амримаҳол, дейди Суҳраб Исмоилов.