'Ўзбекистон сармоядорлар эътиборидан четда қолади'

Businessneweurope веб саҳифасида чоп этилган мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда жорий йил бошида қатор юқори тижорат доиралари вакиллари ҳибсга олиниши ортидан, сармоядорларнинг умиди жуда сўнган.

Айрим хавотирларга қарамай, Қирғизистондаги зўравонликлар Ўзбекистонга кўчиб ўтмаган. Шунга қарамай бу мамлакатнинг келажакдаги барқарорлиги савол остида қолмоқда.

Икки йилча олдин қазилма бойликлари сабаб Ўзбекистонга қизиқишлар қайта жонлана бошлаганди.

Ҳатто бу якканишин иқтисод ниҳоят хорижий сармоядорларга очилаётгани аломатлари ҳам юз кўрсатгандек бўлди: Янги қонунлар қабул қилинди, мамлакатдаги йирик объектлар хусусийлаштиришга ҳозирланди.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп сонли мамлакати. Ҳозирда 27 миллиондан ошаёзган халқ Қозоғистон ва Россия каби йирик истеъмолчи бозорига айланиши мумкин. Шу асно, бу мамлакатга анча-мунча умидлар тикилганди.

Аммо орада халқаро инқироз бошланди ва сармоядорлар бошқа ёш иқтисодлар каби Ўзбекистонда ҳам камнамо бўлиб қолишди.

Дунёдаги ривожланган мамлакатларда ҳам йирик иншоотлар нархи арзонлашиб қолгани боис, ҳеч ким Ўзбекистондаги объектларга сармоя киритишни истамади. Хуллас, хусусийлаштириш ҳам кун тартибидан тушиб қолди.

Бугун йирик сармоядорлар минтақадаги анча ривожланган иқтисодлар бўлмиш Қозоғистон ва Россияга қайтиб кела бошладилар.

Тўғри, инқирозда Ўзбекистон пойдеворига катта зарба тушмади ва якканишин иқтисод юритиш боис халқаро инқироздан катта зарар кўрмади.

Бунинг устига Ўзбекистон ташқарига сотадиган асосий маҳсулотлар - газ ва олтин нархи қайтага қимматлади.

Жорий йилда Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистондаги Ялпи ички маҳсулот ўсишини 8% бўлади, башорат қилаяпти.

Ўзбекистон нефть ва газ саноати мулозимларига кўра, келаси беш йил ичида йирик халқаро нефть ва газ ширкатлари мамлакатдаги конларни тадқиқ этиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш учун қарийб 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишлари кутилмоқда.

Россиянинг "Лукойл" ва "Газпром" ширкатларидан ташқари, бу мамлакат нефть-газ соҳасидаги йирик сармоядорлар Хитой, Жанубий Корея ва Малайзия ширкатлари саналади.

Бу йил, шунингдек, ярим миллиард долларлик Уммон-Ўзбекистон сармоя жамғармаси ҳам ташкил этилди.

Аммо Ўзбекистонда ишлайдиган кичик ва ўрта тижоратлар ҳамон қоғозбозлик ва коррупция каби йирик муаммоларга юз тутадилар.

Тижорий доиралар умидсиз

Маҳаллий ишбилармонлар эса йил бошида муваффақиятли тижоратчиларга қарши давлат бошлаган таъқибдан асабийлар.

Ҳукумат эса бу билан иқтисодни иллатлардан тозалаганини айтди.

Шу асно, "Алп Жамол" банки рухсатномасидан ажралди ва унинг маблағлари давлат ҳисобидаги "Халқ Банки"га ўтказилди.

Банк раҳбари Муҳиддин Асомиддинов эса қамоққа тушмаслик учун Ўзбекистондан чиқиб кетгани айтилади.

Кейинроқ эса "Капитал Банк" эгаси Ботир Раҳимов ҳибсга олинди.

Бу воқеалардан бир неча ой ўтар-ўтмас "Зеромакс" ширкати мулк ва маблағлари қўлга олиниб, ширкат ёпилди.

Хорижий сармоялар бўйича Ўзбекистондаги энг йирик ширкат ҳисобланган "Зеромакс" президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага боғлиқлиги айтилади. Шу боис айни ширкат ёпилиши кўпчиликни гангитиб қўйгани тайин.

"Тижорат доираларидаги умидсизлик руҳи жуда кучли" - дейди ўз номини ошкор этишни истамаган бир сармоядор -"Маҳаллий бизнес ва банкларга қарши бошланган ҳужумлар вазиятни янада ёмонлаштиради. Хорижий сармоядорлар Ўзбекистонга келишмайди, ичкаридаги ишбилармонлар эса бор мулк ва маблағларини бошқа мамлакатларга кўчириш тадоригига тушадилар".

"Ўзбекистон шароитида ишлаш жуда қийин" - дейди бир пайтлар бу мамлакатга сармоя киритиб, кейин чиқиб кетган тижоратчи.

Хуллас, сармоядорлар яна янги бозорлар ва иқтисодларга эътиборларини қаратишаркан, Ўзбекистондаги вазият бу ўринда буткул бошқачалигини таъкидлаш жоиз.

Икки йил олдин ҳам бироз очилаётгандек кўринган бу мамлакат иқтисоди бугунда буткул тескари йўналишда кетмоқда.