Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинежод суиқасддан омон қолган

Эрон президенти
Image caption Президент Маҳмуд Аҳмадинежод суиқасд уринишидан омон қолган

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод кетаётган машиналар карвонига ҳужум қилинган, аммо у ҳужумда омон қолган.

Президент Аҳмадинежод кетаётган машиналар қатори Ҳамадон шаҳрига кирганда уларга қарата граната улоқтирилгани хабар берилмоқда.

Президентга ҳеч қандай зиён етмаган ва у Ҳамадон стадионида йиғилган инсонларга қарата нутқ ирод этган.

Ушбу нутқ Эрон телевидениеси орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинган.

Аммо Эрондаги давлат матбуоти президент кетаётган машиналар карвонига ҳужум бўлганини рад этмоқда.

Араб телеканаллари эса ҳужумда бир неча одам яралангани ҳақида айтмоқда.

Дубайда жойлашган "Ал-Арабия" телеканалига кўра, ҳужумчи журналистлар ўтирган машинани нишонга олган. Воқеа жойида ҳужумчи қўлга олинган.

Эроннинг Khabaronline веб саҳифаси эса "Эрталаб президентнинг Ҳамадон сафарида ҳамроҳлик қилаётган журналистлар ўтирган автомашина ёнида қўл гранатаси портлатилган"- деб ёзади - "Президент Аҳмадинежод ўтирган машина 100 метрча узоқда бўлган ва у ҳеч қандай зиён кўрмаган".