Ўзбекистон: саноат чиқиндилари муаммоси маълум, бироқ уни ҳал этиш долзарб кўрилаётгани йўқ

Саноат чиқиндилари
Image caption 2 миллиард тонналик саноат ва маиший чиқиндилари деҳқончилик учун яроқли бўлган ерларни банд қилиб ётипти.

Ўзбекистонда икки миллиард тонна саноат чиқиндиси йиғилиб қолган, уларнинг 14 фоизи заҳарли.

Аммо мамлакатда чиқиндини йўқ қилиш, уларни қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш ҳозирча муҳим деб кўрилаётгани йўқ.

Ўзбекистондаги Waste.uz веб-сайти "Саноат чиқиндилари ҳаётни заҳарлаяпти" деган мақола эълон қилган.

Мақолага кўра, Ўзбекистонда йилига 100 миллион тоннадан зиёд саноат чиқиндилари йиғилаяпти, уларнинг анчаси заҳарли чиқиндилар.

Бу чиқиндиларни сақлаш ва қайта ишлаш учун шароит яратилмагани оқибатида улар тупроққа, сув ҳамда ҳавони ифлослаяпти.

Ўзбекистон ҳудудидаги икки миллиард тонналик қаттиқ саноат ва маиший чиқиндилари деҳқончилик учун яроқли бўлган ерларни банд қилиб ётипти.

Ўзбекистондаги тоғ-кон саноати, қайта ишлаш саноати ва кимё саноати атроф-муҳитга зарар етказадиган энг кўп чиқиндиларни чиқараётган соҳалар ҳисобланади, деб ёзади мақола муаллифи Андрей Тешаев.

Бу соҳаларнинг завод-фабрикалари ёнидаги чиқиндилар уйиб ташланган жойлар, саноат чиқиндилари кўмилган жойларда ахлатларнинг ювилиб ер остига сингиши, чангларининг ер юзасига ўтириши оқибатида тупроқ таркиби, сув таркиби бузилаяпти, бу эса атроф-муҳит, демакки одамлар соғлигига зарар етказаяпти.

Био-тиббиёт чиқиндиларини йўқ қилиш ёки қайта ишлаш ҳам Ўзбекистондаги жиддий муаммолардан.

Маблағ йўқлигидан республикада саноат чиқиндиларини ажратиш ва қайта ишлаш йўлида амалда ҳеч нарса қилинмаган, дейилади бу мақолада.

Би-би-си мақола муаллифи Андрей Тешаев билан боғланди.

Андрей Тешаевнинг айтишича, у ўз мақоласида келтирган маълумотлар Ўзбекистонда ўтган йили ташкил этилган ва мамлакат парламентида ўринларга эга бўлган "Экологлар ҳаракати"нинг econews.uz веб-сайтидан олинган.

Андрей Тешаев ўз мақоласида бу рақамлар Ўзбекистон Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, "Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича миллий доклад" ҳамда соҳа вазирликлари, қўмиталари ҳисоботларига таянганини айтади.

Би-би-си Ўзбекистонда Атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган доклад учун масъул энг асосий идора Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан боғланди.

Бу қўмитада биз билан телефон орқали гаплашган мутасадди мақолада айтилган хулосаларга ўзларининг алоқалари йўқлигини айтди.

Аммо мамлакатдаги вазиятни яхши биладиганлар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда бугун фаолият юритадиган корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган чиқиндини қайта ишлаш ёки завод-фабрикада атроф-муҳитга кам зарар етказадиган ускуналарни ўрнатишдан кўра, қандай қилиб бўлса ҳам кўпроқ фойда кўришни кўпроқ ўйлаб ишлайди, деб хулоса қилишади.

10 йилча илгари халқаро молиявий ёрдам билан Тошкент шаҳрининг маиший чиқиндиларини қайта ишлаш мақсадида чиндан-да эътиборга лойиқ тадбир бошланган эди.

Аммо бу тадбир Ўзбекистоннинг барча йирик шаҳарларида татбиқ этилмаганича қолиб кетди.

Саноат чиқиндиларига келганда, соҳани яхши биладиган экспертлар фикрича, Ўзбекистондаги аксар ишлаб чиқариш корхоналари Шўролар замонида қурилган ва асбоб-ускуналари маънавий эскириб, кўпроқ атроф-муҳитни бузадиган бўлиб қолган.

Мана шундай шароитда давлатнинг фермерларга керакли ўғитни ўз вақтида талаб қилинган ҳажмда етказиб бериш буюртмасини бажариши лозим бўлган ва тужжорий таклифни бажаришдан даромадни кўзлаб турган кимёвий корхонани экология муаммолари кўп ҳам ўйлантирмайди.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда жами чиқиндиларнинг 0,2 фоизи қайта ишланаяпти, дейилгани тошкентлик журналист сўзларига кўра, "ахлатхоналардан йиғилган баклашкаларни тўплаб топшириб, эвазига пул олишдан иборат"дир.