Би-би-си меҳмони - Зикир Муҳаммаджонов

Image caption Зикир Муҳаммаджонов Генерал Раҳимов роли билан муҳлисларига яхши таниш

Бу ҳафта Би-би-си меҳмони рукни доирасида Ўзбекистондаги энг таниқли театр ва кино актёрларидан бири, Ўзбекистон Халқ Артисти Зикир Муҳаммаджонов билан суҳбат режалаштирилганди.

Афсуски, Зикир аканинг оиласида юз берган мусибат туфайли суҳбат амалга ошмади.

Савол йўллаган барча тингловчиларимиз ва интернет саҳифамиз ўқувчиларидан кечирим сўраймиз.

Зикир Муҳаммаджонов ўзбек саҳнасида айниқса таниқли давлат арбоблари образини маҳорат билан гавдалантирган.

Шўролар даврида ишланган "Генерал Раҳимов" фильмида у Собир Раҳимов образини ёрқин ва ҳаётий тарзда ижро этиб, нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун иттифоқдош республикалар аҳлига танилди.

1977 йилда Зикир Муҳаммаджонов СССР Халқ Артисти унвонига сазовор бўлган.

Саҳна ва кинокамера қаршисидаги ўз услуби ва ўзига ҳос йўналишига эга бўлган Зикир ака турли даврларда яшаган ва турли дунёқарашларга эга бўлган сиймоларни муҳлислар кўзи ўнгида қайта гавдалантирди.

Фурқат, Ҳамза, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Ленин, Собир Раҳимов каби тарихий шахслар, ҳамда Вилям Шекспир асарларидаги бош ролларни ижро этиш билан Зикир Муҳаммаджонов ўз салоҳияти ва иқтидори нақадар чуқур ва кенг кўламли эканини намойиш этди.

Кўп ўзбекистонликлар уни уникал, ўткир овозидан ҳам таний олади.

Зикир Муҳаммаджонов 1921 йилда Тошкентда туғилган. У шу кунларда 89 ёшни қаршилаш арафасида.

Ноёб санъаткор узоқ йиллардан бери ўзбек театр ва кино санъатининг муҳим назарий ва амалий муаммоларини матбуотда дадил кўтариб чиқмоқда.

У таниқли санъаткорлар тўғрисида мақолалар ёзиб, телевидение ва радио орқали бериладиган театр ва кино кўрсатувлари ҳамда эшиттиришларида фаол қатнашиб, ўзбек театр ва кино санъати равнақига ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.