Тошкентда турар жой нархлари тушиб бормоқда

Image caption Тошкентда турар жойлар нархлари 1990-йиллар ўрталаридан мунтазам равишда ўсиб келаётганди

Ўзбекистон пойтахтида ўтган июнь ойида кўчмас мулк нархлари тушишда давом этган. Нархларнинг тушиши аввало апрель ойида бошлангани хабар қилинганди. Июнь ойида у 2 фоизни, биринчи ярим йилликда эса 6,5 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистонда чоп қилинувчи Газета.уз веб саҳифаси маълум қилишича, июнь ойида Тошкентда янги қурилмаган кўчмас мулк нархи бир квадрат метр учун 548 долларга тенг бўлган. Бу май ойи билан солиштирганда 11 долларга арзонроқдир.

Кўчмас мулк нархлари бўйича эълон қилинаётган маълумотлар Avesta Research тадқиқот марказининг ҳисоботидан олинган.

Avesta Research таҳлилчилари турар жой уйлари бозоридаги 2340та таклифни таҳлил қилишган. Энг кўп таклифлар анъанавий тарзда Мирзо Улуғбек туманига (25%), Юнусобод (15,5%), Чилонзор (11,6%) ва Миробод (11,6%) туманларига тўғри келмоқда.

Ўртача кўрсаткичдан юқорироқ нархлар Миробод, Яккасарой, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларида қайд қилинган.

Энг паст нархлар эса Бектемир, Сергели, Учтепа туманларида кузатилган.

Айни дамда, турар жойларнинг ижара нархи ошган. Тошкент бўйлаб июнь ойида ижара нархи бир ойнинг ичида 2,1 фоизга ўсган.

Ижара учун энг қиммат туманлардан деб яна Яккасарой, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманлари топилган.

Офис учун ишлатиладиган кўчмас мулкнинг эса нархи 8,6 фоизга ошгани, аммо ижара нархи 0,7 фоизга тушгани қайд қилинган.

Сабаб

Газета.уз веб саҳифаси нархларнинг тушиб бориши сабаблари борасида таҳлилий маълумот бермаган. Бу каби маълумот ёки ҳисоботнинг ўзи Avesta Research интернет саҳифасида ҳам чоп қилинмаган.

Би-би-си билан суҳбатлашган тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов бу вазиятни асосан аҳоли ўртасида турар жой сотиб олиш қобилиятининг камайиб бораётгани билан изоҳлайди.

Унинг айтишича, ўзга мамлакатларда ишлаётган меҳнат мухожирларининг Ўзбекистондаги оилаларига йўллайдиган молиявий кўмаги аввалгидан озайган. Бунга эса Россия ва Қозоғистонда жаҳон иқтисодий инқирози ортидан юз берган қийинчиликлар, хусусан қурилиш каби соҳалардаги иш ўринларининг йўқотилиши сабаб бўлган.

Айни дамда, ўз турар жойини истаган нархда сота олмаган мулк эгалари ҳозирча уйларини сотмасликка қарор қилиб, бозорга қўйишмаяпти.

Иқтисодчи, шунингдек, ўзбек банкларидаги мулк жой учун кредит ажратиш ва банклар томонидан турар жойларни қуриш билан боғлиқ "абгор" ҳолатга ҳам ишора қилади.

"Банкларнинг кўпчилиги касодга учраган. Фақат аҳолининг кредит карточкаларига тушадиган маош пулларини айлантириш билан кун кўраяпти. Янги турар жойлар қуришни тўхтатишган," - дейди у.

Кўп кузатувчилар, Тошкентда давлат томонидан ҳам турар жой қуриш учун ер ҳудудлари ажратиш деярли тўхтаб қолганига ишора қилишади.