Ўзбекистон тиббиёт вазирлиги ғайриихтиёрий стерилизацияни рад этади

Тошкентдаги Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги
Image caption Ўзбекистон соғликни сақлаш вазирлиги стерилизация ҳар бир аёлнинг ўз ихтиёри билан амалга оширилади, дейди

Ўзбекистон аҳоли сонини назорат қилиш мақсадида аёлларни ўзларининг ихтиёрига қарши стерилизация қилаётгани ҳақидаги жаҳон оммавий ахборот воситаларидаги хабарларни Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги рад этиб, баёнот тарқатди.

Ўзбекистонда аёллар бичилаётгани ва расмийлар томонидан бу ҳақдаги хабарларни рад этишга мажбур этилиши янгилик эмас.

Ўтган йили Би-би-си Ўзбек хизмати ушбу мавзуни ўрганган, бу ҳақда радиога гапирган шифокорлар аёлларнинг ўзларига маълум қилинмасдан стерилизация қилиш ҳоллари учраб туриши ҳақида айтишган.

Бироқ айни савол Ўзбекистон расмийларига берилганида, улар ғайриихтиёрий стерилизацияни мутлақо рад этганлар, фақат аёл ўзининг аниқ ниятини билдирган ҳолдагина стерилизация амалиёти ўтказилади, деб айтишган.

Сўнгги инкор билан Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги чиқди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, стерилизация кўнгилли процедура бўлиб, аёл ҳамда унинг турмуш ўртоғи розилик беришганидагина амалга оширилади.

Яқинда айрим хорижий оммавий ахборот воситалари оддий гинекологик амалиёт пайтида шифокорлар аёлларни ўзининг ихтиёрига қарши стерилизация қилганини гапирган аёллар ҳикояларини эълон қилдилар.

Айрим манбаларнинг даъво қилишича, туғилиш даражасини назорат қилиш мақсадида Ўзбек расмийлари шифокорларга оғзаки буйруқ берганлар.

Ўзбек жамиятида ошкораликнинг йўқлиги ҳамда сўз эркинлиги чеклангани туфайли бу даъволарнинг нақадар ҳақиқат эканини аниқлаш мушкул.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти Ўзбекистондаги тиббиёт тизимини ҳаддан зиёд марказлашган деб баҳолайди ва бу тизимнинг ислоҳотга муҳтожлигини қайд этади.

Халқаро ташкилотга кўра, Ўзбекистонда миллий тиббий сиёсат бўйича ҳужжат йўқ, шундай экан мамлакат тиббиёт тизимининг концепцияси моделини ҳам аниқ айтиб бўлмайди.

Шунга қарамасдан, Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти иқтисодий қийинчиликлар сабаб мамлакат аҳолисининг умумий саломатлиги ёмонлашмаганини, Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейин пасайган умр кўриш йиллари яна ортиб бораётганини қайд этади.

Аҳолиси 28 миллион атрофида бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг аҳолиси кўп мамлакатидир.