Халқаро ташкилот ўзбек фаолини қамоқдан озод қилишни талаб этди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Human Rights Watch ташкилоти қамоқда сақланаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ғайбулло Жалиловни 13 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмни қоралаиб чиқди.

Сохта айбловлар билан маҳкамага тортилган Ғайбулло Жалиловнинг айби исботланмагани учун у зудлик билан озод қилиниши керак, деган Халқаро инсон ҳақлари ташкилоти.

Қарши шаҳрилик Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Ғайбулло Жалилов ўтган йили Рамазон ойида ифторликдан қайтаётганида ушлаб кетилган, Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари шу йил январигача унинг нега ҳибсга олингани, қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот беришмади.

Шу йил бошида Ғайбулло Жалилов ва яна бир неча кишига Қарши шаҳри аэропорти ва "Хонобод" ҳарбий базасини портлатишга тил бириктириш айби қўйилгани, шу айбловларга асосланган маҳкама жараёни бошланганидан унинг яқинлари хабардор бўлишди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ғайбулло Жалиловнинг рафиқасига турмуш ўртоғига қарши кўрсатма бериши учун Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари тазйиқ ўтказганлар.

На яқинлари, на адвокатлари иштирок этган тўрт киши устидан маҳкама Бухоро шаҳрида ўтказилган, ҳакам Ғайбулло Жалиловни тўққиз йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Қашқадарё вилоят маҳкамаси ёпиқ ўтган судда Ғайбулло Жалиловни "Конституциявий тузумга тажовуз" айби билан унинг қамоқ муддатини яна тўрт йилга узайтирган.

"Жалиловга қарши қўйилган далилларнинг ишончли эмаслиги важидан ҳам у ҳибсда бўлмаслиги керак. Жалилов қамоқ муддатининг узайтирилиши Ўзбек ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши кампаниясининг нақадар шафқатсизлигини намойиш этади", деб айтган Human Rights Watch нинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Рэйчел Денбер.

Ўзбек маҳкамаси ҳукмига кўра, Ғайбулло Жалилов 2009 йил сентябридан бери қамоқда бўлса-да, ўзи туғилиб ўсган қишлоғида ёшларга диний сабоқ берган ва бу билан Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузумига тажовуз қилган.

Бироқ Ғайбулло Жалилов ўзига қўйилган айбларни тан олмасдан, уларнинг ғирт туҳмат эканлигини маҳкама жараёнида айтган.

Айблов томонининг тахминан октябр ойларида ўз қишлоғида диний сабоқлар берганига оид важларига жавобан Ғайбулло Жалилов ўша пайтда тергов изоляторида сақланганлиги фактини келтирган.

"Қандай қилиб мен бир вақтнинг ўзида ҳам қамоқда бўла туриб, яна дарс ҳам бера олишим мумкин?" – дея савол ташлаган у ҳакам Бекназаровга.

Суд залига киришга муваффақ бўлган укаси Нурмат Жалиловнинг таъкидлашича, акаси ким бу борада гувоҳлик бергани ҳақида маълумот бериш ва у билан юзлаштирилишини ҳам талаб қилган.

Шўролар армиясида хизмат қилган пайтида Ғайбулло Жалиловнинг бир ўпкаси жарроҳлик йўли билан олиб ташланган, яқинлари Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органларидаги масъулларнинг унинг соғлигининг аҳволини умуман инобатга олмаганликларини айтишган.

Инсон ҳақлари фаоллари Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши ва сақланиши, унинг устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнларида Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари қўпол бузилганига таъкидлашади.

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас