Ўзбекистон Исломий Ҳаракати: Тоҳир Йўлдош 2009 йил августида ҳалок бўлган

Тоҳир Йўлдош
Image caption Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлгани ҳақида илк хабарлар 2009 йил сентябрида тарқалган

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг веб-сайти деб кўриладиган интернет саҳифада эълон қилинган баёнотга кўра, ҳаракат амири Тоҳир Йўлдош 2009 йил 27 августида ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ўтган йили сентябр ойида тарқалган эди.

Покистон жосуслик хизмати Покистон шимоли-ғарбида, мамлакат ҳукумати кучлари назорат қилмайдиган Вазиристон минтақасининг қавмлар ҳудудига уюштирилган учувчисиз бошқариладиган учоқдан отилган ракета ҳужумида Тоҳир Йўлдошнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган.

Ҳодисанинг август ойининг охирги кунларида юз бергани айтилган.

Бироқ Покистон Ички ишлар вазирлиги Тоҳир Йўлдошнинг ўлимини тасдиқловчи "қатъий далиллар" йўқлигини айтган.

Афғонистон Толибони Тоҳир Йўлдош ўлимидан хабардор эмаслигини билдирган.

"Ал-Қоида" ва Покистондаги Толибон ҳаракати билан яқин алоқада бўлган ўзбекистонлик жангари Тоҳир Йўлдош ўлдирилгани ҳақида олдин ҳам кўп хабарлар пайдо бўлган, аммо хабарлар тасдиғини топмаган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2009 йил сентябрида Тоҳир Йўлдош ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Ҳаракатга тегишли деб кўриладиган furqon.com веб-сайтида Тоҳир Йўлдошнинг Покистон Толибони раҳбарларидан бири деб кўрилган Ҳакимуллоҳ Маҳсуд билан бирга тасвирга олинган видеокадрлари эълон қилинган.

Оммавий ахборот воситалари электрон почтасига Тоҳир Йўлдошнинг Рамазон мавзусидаги ваъзи ёзиб олинган аудиофайл жўнатилган эди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 16 августда furqon.com веб-сайтида эълон қилган баёнотга кўра, Тоҳир Йўлдош ўзининг бир неча сафдоши билан ракета ҳужумида ҳаётдан кўз юмган.

"Жиҳодий жамоатимизнинг Аллоҳнинг дини азиз бўлиши йўлидаги энг катта қурбонлиги 1430 йил 6-Рамазон (мелодий 2009-йил, 27-август) куни Америка жосус тайёраси ҳужуми натижасида Амиримиз Муҳаммад Тоҳир “Форуқ”нинг шаҳид бўлишларидир", дейилади Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эълон қилган баёнотда.

Интернет саҳифада Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Тоҳир Йўлдош вафотидан кейинги раҳбари Усмон Одил экани хабар қилинган.