Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Фарғонадаги Охунбобоев тумани номи ўзгартирилди

Image caption Йўлдош Охунбобоев Ўзбекистоннинг биринчи президенти бўлган

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида жойлашган Охунбобоев тумани номи Қўштепа тумани деб ўзгартирилган.

1952 йилда Совет давлат арбоби, Ўзбекистон ССРнинг биринчи президенти Йўлдош Охунбобоев шарафига қўйилган туман номини ўзгартириш қарори Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси - сенат йиғилиши чоғида олинган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абсалом Эргашев Охунбобоев тумани номини ўзгартириш қарорини Қирғизистонда июнь ойида юз берган этник зўравонликлар билан боғлайди.

Унга кўра, 1990 йилда Қирғизистонда ўзбекларга қарши юз берган погромлар ортидан ўзбек матбуотида Қирғизистон жануби асли ҳеч қачон қирғизларга тегишли бўлмагани, водийнинг тоғли ҳудудлари Иосиф Сталин ҳукмронлиги даврида Йўлдош Охунбобоев розилиги билан қирғизларга бериб юборилгани борасида кўпгина мақолалар пайдо бўлганди.

Жаноб Эргашевга кўра, 20 йил ўтиб Ўш ва Жалолободдаги ўзбеклар яна ҳужумларга учрар экан, водий халқи орасида Охунбобоев номи яна норозилик уйғотган бўлиши мумкин ва бу "тепага ҳам етиб борган бўлиши мумкин".

Айни дамда, фаолнинг айтишича, шаҳар ва кўча номларининг ўзгартирилиши оддий халқ учун қийинчиликлар уйғотади.

"Бизда ҳали дунёда йўқ бўлган прописка системаси мавжуд. Ҳар сафар кўчанинг номи ўзгарганда, (прописка учун) яна навбатга туриб, уни қўйдиришимиз керак," - дейди у.

Йўлдош Охунбобоев Би-би-си 2000 йилда ўз тингловчилари орасида ўтказган сўров асосида Ислом Каримов, Юлдуз Усмонова, Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон билан бир қаторда беш энг машҳур ўзбеклар рўйхатига киритилганди.