Тожик-ўзбек чегарасидаги ҳодисада бир одам яраланди

Тожик-ўзбек чегараси
Image caption Тожик-ўзбек чегарасида нохуш ҳодисалар тез-тез бўлиб туради

Шимолий Тожикистонда Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудда бир чегарачи отган ўқдан бир Тожикистон фуқароси яраланган.

Тожик чегарачиис нотаниш кишига қарата чегарани бузиб ўтаётган дея гумонда ўқ узганини айтган.

Можаро душанба куни чошгоҳ маҳали юз берган.

Чегарачи аскар чегара яқинида мол боқиб юрган 22 ёшли Эркин Қобиловни чегарани бузиб ўтган дея гумон қилиб, унга қарата ўқ узган. Натижада Эркин Қобилов оёғидан яраланиб, маҳаллий беморхонага ётқизилган.

Истаравшан туманининг Қалъачаи Араб қишлоғидан бўлган Эркин Қобилов ўзининг чегарага яқинлашмаганини айтган.

Эркиннинг айтишича, у доим қўшни Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятига қарашли Янгиобод тумани билан чегарадош ерларга яқин жойларда аҳоли молини боқиб келган.

Маҳаллий мулозимларнинг айтишларича, можаро сабаби ҳозирча номаълум.

Лекин Эркин Қобиловнинг қариндошлари чегарачи ҳатто чегара бузилганини гумон этганда ҳам аввал инсонга эмас, четга қараб огоҳлантирувчи ўк узиши зарурлигини айтган.

Суғд вилояти Ички ишлар бўлимидан билдиришларича, кўнгилсиз воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

Бу иш билан Суғд гарнизони ҳарбий прокуратураси шуғулланмоқда.

Айни пайтда бу йил Ўзбекистон мустақиллик байрами арафасида Тожикистон билан чегараларини ёпмаган.

Олдинги йиллар Ўзбекистонда ўтказиладиган турли муҳим тадбирлар ёки байрамлар арафасида чегара ёпиб қўйиларди.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/