"Америка мақсади - Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш"

Ҳиллари Клинтон

Америка Давлат котиби Ҳиллари Клинтон мамлакати Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилиб олганини айтди.

Бу ҳақда Клинтон хоним Ўзбекистон мустақиллигининг 19 йиллиги муносабати билан қилган чиқиши чоғида билдирди.

Қўшма Штатлар Давлат котиби мамлакатининг сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларни "мустаҳкамлаш йўлида" иш олиб борганини эътироф этди.

"Бугун Қўшма Штатлар Ўзбекистон халқи билан кўплаб соҳаларда – илм ва таълимдан бошлаб, фуқаролик жамияти қуриш ва савдони яхшилашгача - ҳамкорлик қилаётганидан ғурурланади," деди Ҳиллари Клинтон.

У Қўшма Штатлар бу ҳамкорликни кенгайтиришга "умид" қилаётганини айтди.

Клинтон хонимнинг изҳор этишича, икки мамлакат ўртасидаги шериклик "Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизлик ва фаравонликка хизмат қилади".

Обама маъмурияти иқтидорга келгач Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада яхшилана бошлади.

Ўтган йили Вашингтон Тошкент билан Ўзбекистон орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларни етказиш борасида келишувга эришди.

Мазкур келишувга расмий Тошкент Америка ҳарбийларига Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини дастаклаш учун фойдаланиб келган Хонобод ҳаво базасини тарк этишни талаб этишидан тўрт йил ўтиб эришилган эди.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 2005 йилда Андижонда содир этилган қонли зўравонликлар ортидан совуқлашганди.

Собиқ президент Жорж Буш маъмурияти ўзбекистонлик расмийлардан Андижон воқеалари юзасидан халкаро текширув олиб борилишини талаб қилган ва расмий Тошкентни "меъёридан ортиқ куч қўллаш"да айблаганди.

Америка, шу жумладан, Оврўпо Иттифоқининг бир қатор ўзбекистонлик нуфузли мулозимларнинг ташкилот ҳудудига киришини таъқиқловчи чекловларига ҳам қўшилганди.