Ислом Каримов Ўзбекистонни қарама-қаршиликлардан асраш учун ҳушёрликка чақирди

Ислом Каримов
Image caption Президент Каримов Ўзбекистондаги осойишталикни "кўз қорачиғидек асраш"га чақиради

Президент Ислом Каримов "бугунги таҳликали замон"да Ўзбекистонни қарама-қаршиликлардан асраш учун ҳушёрликка чақирган.

"Мамлакатимизда, яқин ён-атрофимизда янги қарама-қаршилик ва тажовуз ўчоғларини аланга олдиришга ҳаракат қиладиган ҳар қандай кучлардан доим сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб, бундай уринишларни олдини олиш ва бартараф этишга доим тайёр туришни бугунги нотинч ва таҳликали замоннинг ўзи тақозо этмоқда", деб айтган жаноб Каримов.

Ўзбекистон раҳбари бу ҳақда Тошкентда мамлакат мустақиллигига 19 йил тўлиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда гапирган.

"Ишончим комил, кўпни кўрган, бошидан кўп-кўп синовларни ўтказган халқимиз чуқур англайдики, бундай юксак вазифалар ва олийжаноб орзу-ниятларимизни амалга ошириш учун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, осуда ҳаётимизни кўз қорачиғидек асрашни, жамиятимиздаги миллатлар ва динлараро тотувлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашимиз даркор", деган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов. 'Ўзбекистонда маошлар 500 доллар бўлади'

Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда ўртача маош миқдори 500 долларни ташкил этади. Бу ҳақда мамлакат раҳбари ўзининг Мустақиллик байрами куни муносабати билан ирод қилган нутқида айтган.

"1990 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши тахминан 3,5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,5 баробар ошгани, ўртача ойлик иш ҳақи эса шу йилнинг охиригача қарийб 500 АҚШ долларини ташкил қилиб, тахминан 14 каррага кўпаяди", деб айтган Ислом Каримов.

Би-би-си билан суҳбатда гапирган ўзбекистонликлардан бирига кўра, ойликлар ошиши ҳақидаги хабар кўпда хурсандчилик билан эмас, хавотир билан кутиб олинади.

"Сабаби, ойликлар ошишидан бир ой олдин жуда кўпгина истеъмол моллари нархи ва бошқа маҳсулотларнинг нархи анчага ошди, шунинг учун ҳам маошнинг ошиши фаровонлик эмас, балки қийинчилик туғдиради, деб ўйлайман. Яъни, ойлик 17-18 фоиз кўтарилса, бошқа маҳсулотлар бир неча фоиз кўпроқ ошиб боради. Шунинг учун, "ойлик ошди", деганда жуда кўпчиликнинг кайфияти тушиб кетади", дейди у.

Каримов жаноблари Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар жиддий ютуқлар қўлга киритилгани ҳақида гапирган. Ва шу боис глобал иқтисодий инқироз Ўзбекистонга таъсир қилмаган.

Суҳбатдошнинг айтишича, глобал иқтисодий инқироз Ўзбекистонга таъсир қилмади дейиш ҳақиқатга тўғри келмайди. Унга кўра, Ўзбекистон кун кечириш даражасининг тушиб бораётгани, ишсизлик кузатилмоқда ва маошларнинг етарли эмаслиги меҳнат муҳожирлари сонининг ўсишига олиб келмоқда.

"Ҳозир кўпларнинг кўнглида четга чиқиб ишлаш, четда ўқиш ва имкони бўлса, ўша ерларда қолиб кетиш. Ҳатто, 15-16 яшар ўсмирлар ҳам ҳам шу ҳақда ўйлайди. Ҳозир ташқарида "Арзимаган пулга ўзингни қулликка берма" қабилида ижтимоий рекламалар ёпиштирилган. Аммо, бунга кўплар эътибор бераётгани йўқ. Бу шу қадар оммавий тус олганки, узоққа боролмаганлар Россияга, Қозоғистонга чиқиб ишлаб келишяпти", дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/