Газпром Ўзбекистон ғарбида йирик газ заҳирасини кашф этди

"Газпром"
Image caption "Газпром" Устюрт заминида улкан газ заҳиралари борлигини башорат қилганди

Россиянинг "Газпром" ширкати ғарбий Ўзбекистоннинг Устюрт минтақасидаги "Жел" майдонидан газ саноат заҳирасини очишга эришган.

"Газпром зарубежнефтегаз" ширкатининг билдиришича, "Жел" майдонида ўтказилган пармалаш ишлари натижасида суткасига 500 минг куб метрга яқин табий газ оқими очилган.

Устюртда янги газ саноат оқимининг очилиши, "Газпром" расмийлари фикрларича, олдин башорат этилган кон заҳираларига оид маълумот ва башоратларни тасдиқлайди.

"Жел" кони "Газпром зарубежнетегаз" томонидан 2009 йилнинг май ойида очилган. 2006 йил "Газпром" ва "Узбекнефтегаз" ширкатлари имзолаган шартнома буйича "Газпром зарубежнефтегаз" ширкати ғарбий Ўзбекистоннинг Устюрт минтақасида қидирув-разведка ишларини олиб бормоқда.

"Жел" майдонида ўтказилган сўнгги пармалаш ишлари натижасида, газни саноат оқимини олиш қўлга киритилган.

Ушбу газ оқимининг бир кеча- кундуздаги ҳажми, "Газпром" экспертлари башоратича, қарийб 500 минг куб метрни ташкил этади.

Москвалик газ ва нефт эксперти Юрий Бялийнинг фикрича, ушбу рақам, агар мустақил эксперталар томонидан тасдиқланса, "Жел" майдонида йирик газ саноат оқими топилганини англатади.

"Бир кеча-кундузда 500 минг куб метр газ кўлами, албатта, ниҳоятда катта бўлмаса-да, бироқ анча йирик оқим саналади. Лекин умумий газ заҳирасининг янада кўпрок ё камроқ бўлишини қўшимча тадқиқотлар кўрсатади. Қандай бўлмасин, ушбу ҳол "Газпром" ва "Ўзбекнефтегаз" эришган ютуқ деб айтиш мукин. Устюрт Ўзбекистоннинг газга энг бой минтақаси ҳисобланади. У ерда қидирув- разведка ишлари олиб бориш шароити бошқа конларга қараганда унчалик мураккаб эмас," дейди Юрий Бялый.

Ўзлаштириши осон ҳавзалар

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда бизнес ютираётган Россиянинг "Газпром" ва "Лукойл" ширкатлари, асосан, ўзлаштириши осон бўлган нефт ва газ ҳавзаларини танлашади.

Таҳлилчи Юрий Бялый бундай фикрларда жон борлигига ишора этади: "Бунинг сабаби жуда оддий. Шўролар даврида қазилма бойликларни тадқиқот этиш ва уларни тақсимлаш узоқ истиқболга мўлжалланиб қилинарди. Ҳозирда эса тижорий манфаат туфайли узоққа мўлжалланган бизнес режалар амалга оширилмайди. Бундан ташқари Шўролар даврида ишланган қазилма бойликларга оид ҳужжатлар Россияда , яъни "Газпром" қўлида қолган," дейди Юрий Бялый.

Айни вактда Россиянинг "Газпром" ва "Лукойл" ширкатлари Ўзбекистон нефт ва газ соҳасида фаол буўишса-да, сўнгги пайтларда бошқа хорижий ширкатлар мавқеъи ҳам кучаймоқда.

Малайзиянинг "Petronas Carigali Overseas", Хитойнинг "CNPC International", Жанубий Кореянинг "Korea National Oil Corporation" каби ширкатлари Ўзбекистон газ ва нефтини ўзлаширишга интилмоқдалар.

Москвадаги RusEnergy консалтинг ширкати раҳбари, эксперт Михаил Крутихиннинг фикрича, Ўзбекистонда хорижий ширкатларга йўл берилиши "Газпром" мавқеъини заифлаштиради.

"Олдинлари Ўзбекистонда хорижий инвесторлар йўқ эди. Ҳозир улар сони кўпаймоқда. Яна олдинлари Ўзбекистонда газни Россидан бошқа бирор мамлакатга сотиш имкони йўқ эди. Ҳозир Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистон Хитой газ кувури ишга туширилгандан сўнг, Тошкент бундай имкониятга эга. Расмий Тошкент газ сотиш борасида Пекин билан музокорани бошлаган. Ушбу омиллар, албатта "Газпром"нинг Ўзбекистон билан газ нархлари бўйича музокораларда Тошкент мавқеъини кучайтиради. "Газпром" олдингига қарганда газ учун қимматроқ ҳақ тўлашга мажбур бўлади," дейди эксперт Михаил Крутихин.

Россия матбуотига кўра, Хитой Ўзбекистондан йилига 10 млрд куб метр газ сотиб олиш буйича келишув имзолаган.

Россия йилига Ўзбекистондан тахминан 15 млрд куб метр газ сотиб олади.

Россия ҳукуматига яқин манбага кўра, "Газпром" 2012 йилда Ўзбекистондан 14,5 миллиард куб метр газнинг ҳар минг куб метрини 220 доллардан сотиб олишни белгилаган.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/