'Xалқимиз бугунги кунда яна ўша Россия мамлакатига қул бўлди...'

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 19 йиллигини байрам қиларкан, мамлакатда шу давр оралиғида юз берган ўзгаришларга берилаётган баҳолар бу йил ҳам бир хил эмас. Кимлардир айрим йирик завод, корхона ва турли-туман биноларнинг қад ростлаётгани, бошқалари эса, тирикчилик илинжида миллионлаб фуқароларнинг меҳнат муҳожирлигига юз тутаётганига ўз эътиборларини қаратишади. Айримлар Ўзбекистон спорт, маданият соҳасида эришаётган ютуқларини тилга олишса, яна бирлари матбуот, диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг қанчалар абгорлигига диққат қилишади. Хўш, 19 йил мустақиллик оддий ўзбекистонликларнинг касбий ва шахсий ҳаётларида қандай кечди? Биз ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари ўзбекистонлик турли касб соҳалари вакилларининг бу борадаги фикрларини веб саҳифамиз орқали эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Навбатдаги қаҳрамонимиз ҳозир Россияда муҳожиротда истиқомат қилаётган ва қурувчилик орқасидан пул топаётган Муҳаммаджон Исломов:

Мен Ўзбекистонда 1991 йилда бўлиб ўтган илк президентлик сайловларида Самарқанд вилояти бўйича сайлов комиссиясининг аъзоси эдим.

Муҳаммад Солиҳнинг ишончли вакили ва “Эрк” демократик партиясидан вакил бўлиб, мен ўша вилоят сайлов округида қатнашган эдим.

29 декабрдаги президентлик сайловлари ўтганидан кейин январ ойининг ўрталарида Ўзбекистонда КГБнинг ўрнида пайдо бўлган СНБ (Миллий Хавфсизлик Хизмати)нинг сўроқлари ва прокуратуранинг “очний ставкалари”, Москвадан менга иқтисодий ёрдам қилган фирмаларни, “Сиз талабалар қўзғолонини қурол билан таъминлагансиз,” деган даъволар билан қўйилган айбловлар, аммо улар исботлай олинмагандан кейин, “Катта миқдорда Ўзбекистон мулкини талон-тарож қилган,” деган модда қўйилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эдим.

Энди эслаб кўрсам, 1993 йилдан то 1996 йилгача Абдулло ака Раззоқов, Сафар Бекжон,..каби дўстларимиз турмада бирга “ер кўтаришиб”, Ўзбекистон миршабларининг таёқларини еб, “Ҳа, майли, бизнинг жонимиз қурбон бўлса ҳам, халқимизга озодлик тегармикан,”деган ниятлар билан яшаган эдик. У ниятларимизнинг ҳаммаси бугунги кунда пучга чиқди.

Илк президентлик сайловлари ортидан мен ўйлабманки, Ўзбекистон халқи мустақил бўлади, уларнинг ҳам елкасига Қуёш тегади, халқимиз элга танилган “Николайнинг замбараги,” деган қўшиқларни энди бундан кейин эшитмаса керак, деб, аммо мустақил бўлган халқимиз бугунги кунда яна ўша Россия мамлакатига қул бўлди.

Бугун эркчилар, “Эрк” партиясининг аъзолари ҳаммаси қувғинда...

Қанчадан қанча аҳоли меҳнат муҳожирига айланди. Дейлик, Россиянинг ўзим гувоҳ бўлган Москва вилояти мисолида айтадиган бўлсам, қизларимиз ҳам шу ерда.

Ўзбекистонда қолган бечора аёлларимиз ҳам бугунги кунда эрларидан, акаларидан, оталаридан, “Ҳеч бўлмаса шу ойга бир 200 доллар жўнатса, оиламга бир иссиқлик қилиб, ёки бир маъраками, тўйми қилсам,” деган ниятлар билан кунини ўтказяпти.

Юртимиз президент Ислом Каримов даврида мустақил эмас, қулга айланди. “Катталарга қул бўлган...” деган маъноларни олиб қарасангиз, бу Дадахон ака Ҳасановнинг қўшиғида маънолар кўп экан.

Ҳозир бу ерда россиялик миршабларнинг қўлига тушсангиз, “А-ааа, понаехали, черные, штраф 1.000 рублей или давай, депoртируем,” деган сўзларини эшитсам, ғашим келади.

Мен демоқчиманки, Ўзбекистон халқи 19 йил ичида мустақил бўлмади, унинг бугунги кундаги яшаб тургани у қуллардан баттар бўлди.

Қанча йигитлар ўлиб кетаяпти. Буни сўрайдиган одам йўқ.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига мурожаат қилсангиз, мурожаатингиз учун 1.000 рубль олса,..ўз халқидан! Вақтинчалик справка бераман деса, ундан 1.999 рубль олса. Бу қанақа мамлакатки, ўзининг халқини унинг пулига таянган ҳолда ҳимоя қилса! Бу, демак, у мустақил мамлакат эмас.

2001 йилда Ўзбекистон ва Россия томонидан имзоланган шартномага мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудидан то паспортининг орқасида визаси (рухсати) бўлмаса, бошқа чет мамлакатларга чиқишга ҳаққи йўқ. А, демак, биз ҳалигача мустақил эмас эканмиз-да. Олдин СССР даврида битта республикаси бўлса, ҳозир СНГ, Шанхайская “шестёрка” деганнинг бир “шестёркаси” эканмиз-да!

Агар ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, Россияда ҳозир бировларнинг дачасини қуриб, бошқасининг томини ёпиб бериб, яна бирининг уйини сувоқ қилиб, кун кўриб юрибмиз.

Ундаям иш ҳақининг ярмини алдаб, биридан пулимизни ололмай, шу оворагарчиликларда юрибмиз-да!

Ҳозир Россияда баланд-баланд иморатларни қураётган ва бошқа қанча юмушларни қилаётган йигитларимиз Ўзбекистондан чиқаётган қазилма бойликларини қайта ишлашга қодир эмасми?

Ҳамма нарса қўлидан келадиган, тошни йўниб, олтин қила оладиган йигитларимиз бор. Лекин бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаган билан қилган меҳнатига яраша ҳақ ололмаётгани учун улар саргардонликда юрибди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1872 йилгача амалда бўлган монархиянинг бир кўриниши бошланаяпти. Қуллик даври-да, эркин мамлакат деёлмаймиз-ку! Ўзбекистонда турган раҳбарлар қулларнинг меҳнатидан кунини кўраяпти...

Давоми бор