Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек маҳкама-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳот нимада кўринади?

"Ижтимоий фикр" марказининг навбатдаги сўрови Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳвол ҳукумат тақдим этишни истаётганидан ўзгача эканини яна бир бор намойиш этдими?

Давлат матбуоти хабар қилишича, Ўзбекистон мустақиллигининг навбатдаги санаси арафасида яна бир бор омма фикри ўрганилган.

Ўзбекистонликларнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақидаги нуқтаи назарлари сўралган.

"Ижтимоий фикр" марказининг сўровида қатнашганларнинг ҳаммаси "мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижаларини, умуман, юқори баҳолайди", дейилади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарда.

Аммо маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотлар Ўзбекистонда бутун маҳкама тизими, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳукумат буюртма ва кўрсатмасини бажариши, мамлакат конституцияси ва қонунчилигига зид келган ҳолларда ҳам давлат мулозимлари хоҳлаган ҳукм ва қарорлар қабул қилинишини айтишади, бу ўринда ислоҳотдан кўра, Шўро давридаги маъмурий-буйруқбозлик тизими мустақил Ўзбекистонда ўзгаришсиз қолгани ҳақида гапириш ўринли бўлади, дея фикр билдиришади.

Ҳуқуқшунослар Ўзбек милициясининг ҳуқуқий мақоми 19 йиллик мустақиллик йилларида мавҳум қолганини, мамлакатда ҳамон "Милиция ҳақида" қонун қабул қилинмаганига эътибор қаратадилар.

"Ижтимоий фикр" марказининг билдиришича, фуқароларнинг қарийб 84 фоизи Ўзбекистонда қонун устивор ва инсон ҳуқуқлари яхши ҳимояланмоқда, деб ишонади.

"Сўров қатнашчиларининг фикрича, жамиятимизнинг барча соҳаларида тартиб янада кучайди, тадбиркорлик фаолияти учун қулай ҳуқуқий шароитлар яратилди, одамлар ҳуқуқий жиҳатдан янада кучлироқ ҳимоя қилинмоқда, аҳолининг умумий ҳуқуқий саводхонлиги ошмоқда ва ҳоказо", дейилади ЎзА хабарида.

Давлат омма фикрини ўрганиш марказига кўра, "сўров иштирокчиларининг 90 фоизи ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганини ҳис қиладиган кишилар сонининг барқарор ўсганлиги суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг муҳим ижобий ютуқларидан, деган фикрда. Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари фаолиятига муносабати ҳам ўзгармоқда: улар суд, прокуратура ва ички ишлар органларининг асосий фаолияти - инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир, деб биладилар".

Ўзбекистон маҳкама-прокуратура тизимлари Транспаренси Интернэшнл ташкилоти сингари халқаро ташкилотлар мамлакатни дунёдаги коррупция энг авжига чиққан мамлакатлардан бири сафига қўшиб келишига сабаб бўлаётган омиллардандир, Амнести Интернэшнл ва Хюман Райтс Уотч ҳисоботларида ўзбек милиционерларининг ўзбошимчалиги, гумондор ва вақтинча қўлга олинганларга нисбатан раҳмсиз муносабати, қийноқлари билан, ошкор бўлган жинсий зўрлаш ҳоллари билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини қўпол поймол этаётганлар сифатида тилга олинади.

Би-би-си Ўзбекистондаги маҳкама-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақидаги фикрини сўраганида, ўзининг мустақиллиги туфайли мансабдорлар "ғашига теккан" ва адвокатлик лицензиясидан маҳрум этилган ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов қуйидагиларни гапириб берди.

Сиз Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Ўз фикрларингизни ушбу саҳифа пастидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига мактуб билан йўллашингиз мумкин.