Инсонни нималар яшартирадию яна нималар қаритади?

Image caption Ҳазратқул Худойберди

Инсонни нима қаритади ёки яшартиради? Кишиларнинг ҳаётларига қандай омиллар салбий таъсир қиладию қай бирлари ижобий? Асли ўзбекистонлик муаллиф Ҳазратқул Худойбердининг муҳожиротда битган илк асари ана шу саволларга бағишланган. Бу китобнинг номи швед тилида “Du åldras inte, Du förstörs” деб аталади. Уни ўзбекчага сўзма-сўз таржима қилинса, “Сен қаримайсан, балки емираласан,” деган маънони билдиради. Китобнинг асосий мазмуни бугунги кунда жаҳондаги энг кучли адабиётлар, хусусан, энциклопедиялар, олий ва ўрта мактаб дарслик китобларида Вақт тушунчаси ва уни ёшга боғлашдаги хато ва камчиликлар, ҳали илму фанда аниқланмаган ва асосланмаган нарсаларни мавҳум ҳолда талқин қилишларга айрим эътирозлар ва улардан келиб чиқиб, Вақт ва Ёш масалаларига бошқача бир назар билан қараш акс эттирилган. У 107 саҳифадан иборат, турли суратлар, фактлар ва диаграммаларга бой. Ҳазратқул Худойберди мустақил мухолифат фаоли, ўз вақтида Ўзбекистондаги етакчи илмий ходимлардан бўлган. Бундан аввал 4 та сиёсий мақолалар тўплами ҳам нашр этилган. Биз муаллиф билан боғланиб, аввалига барча инсонларни бирдек қизиқтирган ушбу мавзуда китоб ёзишга уни нималар ундагани ҳақида сўрадик:

Ҳазратқул Худойберди: Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга зеҳният деган нарсани иньом этганки, унинг ёрдамида инсон агар истаса буюк ва оламшумул янгиликлар яратиши ёки уни фақат кундалик ҳаёт ташвишларигагина қаратиши мумкин. Ҳамма гап, ана ўша зеҳниятдан ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Биров ундан санъатда, бошқа одам адабиётда, учинчи киши тадбиркорликда, тўртинчи одам фалсафада, бешинчи одам эса сиёсатда фойдаланади. Хуллас, фойдаланаман десангиз зеҳниятни қўллайдиган ва ишлатадиган мавзу ва масалалар жуда кўп. Яна бир қизиқ жойи шундаки, ундан фойдаланганингиз сайин у худди олмосдек янада ўткирлашиб бораверади. Зеҳниятдан унумли фойдаланиш ҳар бир инсоннинг нақадар ҳаракатчанлигига, ота-боболаридан ирсият орқали мерос олган ақлу фаросати, ишчанлиги, уйда ва мактабда олган тарбияси, кўча-куйда, ишхонада, дўстлари ва рақибларидан кўрган ва эшитган нарсаларининг қай даражада унга таьсир қилганига ва улардан қандай хулосалар чиқара олганига боғлиқдир. Мен ҳам кўпчилик қатори ўз зеҳниятимдан имкон қадар самаралироқ фойдаланишга ҳаракат қилиб келаман. Ёшлигимдан мени ҳар бир нарсага қизиқишим катта бўлган ва бу қизиқишлар худди бепоён коинотдек чегарасиздир. Тақдир тақозоси билан ҳижратга йўл тутар экансиз, дунё кезасиз, янги одамлар, янги мамлакатларни кўрасиз. Қанча кўп дунё кезар экансиз, шунча кўп кўрмаган ва эшитмаган янги нарсаларни ўзингиз учун кашф қилиб бораверасиз. Сиздан фақат барча кўрганларингизни имкон қадар тўлароқ тушуниш, англаш, ҳазм қилиш ва ниҳоят, улар асосида ўз билимингиз ва фикрларингизни янада чуқурлаштириб ва кенгайтириб бориш талаб этилади, холос. Ўзбекистонда мен ўзимнинг зеҳниятимни асосан илм-фан, сиёсат ва қисман публицистикага сарфлар эдим. Бу соҳаларда баҳоли қудрат ҳаракат қилиб, анчагина ютуқларга эришган ҳам эдим. Аммо менинг сиёсат ва публицистикадаги фаолиятларим Ўзбекистон ҳукуматига ёқмади. Чунки мен мухолифат фаолларидан эдим ва мен ҳам бошқа биродарларим қаторида туриб доимий равишда ҳукуматни пўстагини қоқар эдик, уни вакилларининг турли соҳалардаги қонунбузарликлари, порахўрликлари, хато, камчиликларини ва ошкора жиноятларини доимий равишда танқид қилиб борар эдик. Оддий қилиб айтиладиган бўлса, биз жамиятнинг санитарлари эдик. Ёзган мақолаларимни асосий қисми мухолифатнинг норасмий ва тақиқланган газеталарида (Мустақил ҳафталик, “Муносабат”, “Независимый еженедельник”), Москвада чиқадиган “Экспресс-Хроника” газетасида ва уларнинг айримларигина Ўзбекистондаги баъзи (“Туркистон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газеталарида чоп этилар эди. Буларнинг барчаси танқидга ўрганмаган ва мухолифатни тан олишни истамаган собиқ коммунистик ҳукуматнинг жаҳлини чиқарар ва улар имкон қадар бундай мақолалар матбуотда чоп этилмаслиги ва уларнинг қонунбузарликлари кенг халқ оммасининг қулоғига етиб бормаслиги учун ўлгудек тиришиб ҳаракат қилар эдилар. Чунки Каримов ўзининг ҳар бир ғуломидан тортиб бош вазиригача ҳар биттасининг шарманда бўлишини ўзининг шарманда бўлиши деб қабул қилар ва шунинг учун у бизга қарши ўзини барча мулозимларию милициялар армиясини сафарбар қилган эди. Ҳукумат мустақилликнинг илк йилларида мухолифат вакилларининг танқидий чиқишлари овозини куч билан ўчиришга қодир эди холос, аммо у бизларнинг сиёсий чиқишларимизни тўхтатишга қодир эмас эди. Мухолифатнинг ва шу жумладан менинг ҳам сиёсий чиқишларим ҳукуматнинг халққа қарши, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қай даражада поймол қилаётганига қараб кўп ҳолларда кескин ва теккан жойини ачитадиган даражада зарбали бўлар эди. 1992 йил 16 январида ҳукумат Тошкентда талабаларнинг нарху наволарнинг кескин ошишига қарши норозилик чиқишларини қонга ботирди, уларни аёвсиз ўққа тутиб, расмий маълумотларга кўра икки талабани отиб ўлдирди, юзлаб талабалар оғир жароҳатлар олдилар. Ўша кундан бошлаб ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги кураш ўзининг янгича, кескинроқ шаклига ўтди. Мухолифатнинг барча фаоллари ҳукумат томонидан қаттиқ назорат ва босим остига олиндилар. Ана шундай шароитларда инсоннинг зеҳнияти уни ё чекинишга ё бўлмаса янада кескинроқ ҳаракат қилишга ундайди. Бу энди ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Мен бир ижодкор инсон бўлганим учун вазият таранглашгани сари ҳаракат қилиш истагим тобора кучайиб, фикрларим эса янада тиниқлашиб ва ўткирлашиб бораверди. “Жаҳл чиққанда ақл кетар,” деганларидек, Ҳукумат вакилларининг аксарияти мухолифатга қарши ўзининг зўравонлик ҳаракатларини кучайтира бошлади, унинг фаолларини кўча-куйда ёки уйларидан ҳеч бир сабабсиз ва асоссиз ушлаб кетиш ва уларни бир неча кунлаб қамоқларда ушлаб ўтириш, турли анжуманлар ўтказишларга йўл қўймаслик каби холатлар кучая бошлади. Аммо на ҳукумат, на бошқа бирор зўравон қўлидан келмайдиган бир нарса бор. Бу сизнинг фикрлаш эркинлигингиздир. Ҳукумат сизнинг танангизни қамоққа олиши мумкин, аммо у сизнинг зеҳниятингиз, руҳингиз ва фикрлаш қобилиятингизни ҳеч қачон қамоққа ололмайди! Яьни ҳукумат минг тиришгани билан сизнинг асосий қуролингизни сиздан тортиб олишга қодир эмас. Худди ана шу сабаб у “Қўрқоқ олдин мушт кўтарар” сиёсатига ўта бошлади. Энди у аввалига мухолифат фаолларини ҳеч бир сабабсиз ҳибсларга ола бошлади, кейин эса ҳибсда уларни қийноқларга солиб, бўйинларига турли-туман айбларни қўйиб, уларни узоқ муддатли қамоқларга жўната бошлади. Фақатгина ана шунақа сиёсат билангина қўрқоқ ҳукумат қўлидаги қалами ва бошидаги фикри билан кучли бўлган мухолифат вакиллари устидан бир муддат ғалаба қозонишга эришди. Мен Ўзбекистоннинг турли-туман қамоқларида ўтирганимда ҳам ёзиш-чизишларимни бир дақиқа бўлсин бас қилган эмасман. Вақти замони келиб, Ўзбекистонда ҳам эркинлик ва озодлик шабадалари эса бошласа, ана ўша дориламон замонларда Ички Ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Олий Суд ва Тошкент турмаси ҳамда барча қамоқхоналарнинг архивлари титкиланса, у ерлардан мухолифат вакиллари ёзиб қолдирган минглаб мақолалар, проектлар, китоблар, шеърлар, ҳикоя ва романларни топиш мумкин. Тақдир тақозоси ва ҳукуматнинг ҳаддан ташкари кучайиб кетган таьқиб ва тазйиқларидан қутилиш, болаларимнинг ҳаёти ва хавфсизлигини таьминлаш ва уларнинг келажаги ҳақидаги ташвишлар мени ҳам Ватанни тарк этишга мажбур қилди. Қамоқда ҳам тинч ўтира олмаган одам муҳожиротда жим ўтирар эканми! Аксинча, ўз она юртимда тўла-тўкис фойдалана олмаган зеҳниятимни мен чет элда янада кўпроқ ишлатиш ва ундан янада самаралироқ фойдаланишга қарор қилдим. Айнан ана шу сабаб мен сиёсий масалалардан ташқари дунёнинг бошқа муаммоларига ҳам, шу жумладан инсон ҳаёти ва унга сурункали равишда, 24 соат давомида тинимсиз таьсир қиладиган турли-туман факторларга ўз эътиборимни қарата бошладим. Ҳаёт нафақат сиёсат ва ҳаётнинг кундалик ташвишларидан иборат. Илгари кундалик ҳаётнинг асосий қисми иш, сиёсат ва оилага сарфланган бўлса, энди унинг талайгина қисми ҳаётда учрайдиган ва аммо ҳали ҳеч ким ечишга уриниб кўрмаган муаммоларга қаратила бошланди. Болаларим вояга етиб, ўзлари мустақил яшай бошлагани сари турли-туман муаммоларга ажратиладиган вақт ҳам кўпая борди. Мен кундалик ҳаёт тартибимга кескин ва аниқ ўзгартиришлар киритдим. Бир сутканинг 5 соати уйқуга, 6..7 соати ҳаётни таьминлаш учун қилинадиган ишларга, қолган 12...13 соатнинг нақ ярми сиёсатга, қолган ярми эса бу дунёнинг турли-туман сирларини ўрганишга, инсон, табиат ва бизни ўраб турган борлиқни имкон қадар тўлароқ ва чуқурроқ англашга сарф қилина бошланди. Менинг эътиборимни энг аввало инсон танаси, унинг соғлиғи ва умуман ҳаётига таъсир қиладиган турли-туман факторлар масаласи ўзига тортди. Менинг олдимда тўсатдан: “Хўш, нега айримлар, 100 йилдан ошиқроқ умр кўрадилару бошқалар 60 га ҳам кирмай бу дунёни тарк этадилар? Нега айримлар 30ёшда бўлишига қарамасдан гуёки 50 ёшни қоралаб қўйгандек ва аксинча, бошқалар 50 ёшда бўлишига қарамай худди 30 ёшли одамлардек бардам ва бақувват бўладилар?” каби саволлар пайдо бўлдилар ва ўзларига жавоб кутиб, қаторлашиб навбатга туриб олдилар.

Би-би-си: Агар китобингиздан келиб чиқилса, инсон ҳаётига нималар ижобий таьсир кўрсатадилар?

Ҳазратқул Худойберди: Биз яшар эканмиз, истаймизми – йўқми, бундан қатьиназар ҳар куни, ҳар сонияда турли-туман нарсалар, ҳар хил одамлар ва воқеаларнинг таьсири остида яшаймиз. Одамлар ҳаётига узлуксиз равишда таьсир қиладиган нарсалар жуда кўп ва турли-тумандир, шу учун аввал уларни 2 турга ажратиб, кейин ҳар бирини алоҳида таҳлил қилсак бу нарсаларни тушуниш анча осонлашади. Менинг назаримда, инсонларга таьсир қиладиган нарсаларнинг биринчиси бизга ташқаридан, иккинчиси эса ичкаридан таьсир қиладилар.

Ташқи таьсир кучлари деганда ҳар бир инсонни қуршаб олган ва унинг артофида мавжуд бўлган дунёдаги барча нарсалар назарда тутилади. Бу эса биринчи навбатда сизнинг яшаш жойингиздан бошланади. Масалан, Қарши чўлидаги бирор қишлоқда ёки Саҳрои Кабирдаги бирор кўчманчи қабилада яшайдиган одамларга асосан доимий сув танқислиги, + 50 даражага борадиган жазирама иссиқ, ўша ердаги шароитга мослашиб яшайдиган уй ҳайвонлари ва ўша шароитга мос келадиган махсус озиқ-овқатлар ўзининг сурункали равишдаги маьлум бир таьсир кучига эга бўлса, Аляска ёки Камчаткада яшайдиган одамга -60 даражагача борадиган изғирин совуқ, у ердаги ҳайвонлар ва ўша шароитга мос келадиган овқатлар бошқа бир таьсир кучига эгадир. Айни пайтда шаҳар ва қишлоқда яшайдиган одамлар ҳам турли-туман нарсаларнинг таьсири остида турлича ҳаёт кечирадилар. Хулласи калом, ҳар бир инсоннинг ҳаётига жуда ҳам кўп нарсалар 24 соат давомида, тинимсиз таьсир қилиб бораверади. Улар тоифасига сиз яшайдиган географик жойдан ташқари сиз яшайдиган мамлакат ҳам, шаҳару қишлоқ ҳам, қандай маҳалла ёки кварталда яшашингиз ҳам, ёнингиздаги қўшниларингиз, мактаб ёки ишхонадаги одамлар ва уларнинг қанақа инсонлар эканлиги гоҳ очиқ, гоҳ эса ёпиқ кўринишда сиз буни истайсизми, йўқми, бундан қатьиназар сизга ўз таьсирларини ўтказиб бораверадилар. Эскилар бекорга айтишмаган, “Уй эмас қўшни сотиб ол” деб. Нафақат қўшниларингиз, балки кўп қаватли уйларнинг қайси қаватида яшашингиз ҳам сизга турли кўринишда таьсир қилиб боради. Бошқа таьсир майдонлари –булар сиз ўқийдиган ёки ишлайдиган жой ва у ердаги муҳит, раҳбарингиз ва ҳамкасабаларингизнинг сизга, сизнинг уларга муносабатингиз ва таьсирингиз, уйингиз ёки ишхонангиздаги сиз етиштираётган ўсимликлар, уй ҳайвонлари, танаввул қиладиган овқатлар тури, мевалар, ичимликлар, сиз ҳар куни фойдаланадиган транспорт воситалари ва бошқа сизни ўраб турган ва доимий равишда сизга ўз таьсирини ўтказиб келадиган нарсалардир.

Ички таьсир кучлари: Бир гўзал мусиқа, оромбахш куй, ғазал ёки ашула инсоннинг тушкун кайфиятдан қутқариб олиши ва аксинча, бошқа бир ғамгинроқ қўшиқ эса кайфияти чоғ инсонни оғир уйловлар гирдобига тортиб кетиши ҳам мумкин. Бир парадоксал ҳолат мавжуд: Гоҳида бизнинг тушуниб бўлмас кўнглимиз хушчақчақ ва хотиржам кайфиятдан чарчагандек, у қандайдир сокинлик, ғамгинлик ва соғинчларга бой ҳис-туйғуларни қумсаб қолади. Ва аксинча, ғаму ташвишлардан чарчаган руҳ бир силтаниб улардан халос бўлишни, ўзининг соғлом ва қудратли бўлишини ҳам истаб қолади. Ана шунақа сонияларда инсон ўз ҳаётида кескин ўзгаришлар қилишга қодир. Ҳар қандай шароитда ҳам биз маьлум бир ҳис-туйғулар гирдобида ва уларнинг таьсири остида яшаймиз. Кўпчиликка маьлумки, ҳаёти сокин, осуда ва бахтли сонияларга бой инсонлар камдан-кам ҳолларда касал бўладилар ва уларнинг кўпчилиги узоқ яшайдилар. Кузатишларга қараганда, аҳолисининг аксарият кўпчилиги узоқ яшаши билан ажралиб турадиган давлатлар ичида биринчи ўринларни Япония ва Швеция эгаллар экан. Сабаби юқорида кўрсатилган омиллар, яьни аҳолининг аксарият қисмининг ҳаёти сокин, осуда, барча инсонлар ҳаёт учун лозим бўлган энг керакли нарсалар билан деярли тўлиқ таьминланганлар. Бу ердаги давлат, халқ ва унинг ривожланиш даражаси шу қадар баланд чўққиларга эришганки, энди сайловларда қатнашадиган партиялар сайловчиларнинг кўпчилик овозларини олиш учун уларнинг ана шу осуда ва тўлиқ таьминланган ҳаётларини қандай қилиб мустаҳкамлаш, яна қандай йўллар билан инсонлар ҳаётини янада бахтлироқ қилиш учун курашадилар. Бу партияларнинг ҳар бирининг дастурида бир сиёсий жумлани тез тез учратиш мумкин, унинг номи Швецияда vällfärd, vällfärdssamhälle деб аталади. Унинг маъноси русчасига “благосостояние, общество благоденствия”, ўзбекчасига эса лўнда қилиб “ўзига тўқ бахтли жамият” дейиш мумкин. Гап бу ерда бойлик ҳақида эмас балки инсонларни бирор нарсага зориқтирмаслик ҳақида кетаяпти. Кўпчилик биладики, Швецияда гадойлар йўқ, ҳатто, уйсизлар ҳам йўқ. Онда-сонда учраб турадиган айрим уйсизлар асосан бирор жойда ишламайдиган ва шу сабаб давлат уларга уй ҳақи учун берган нафақани ё ичиб ёки қимор ўйнаб сарфлаганлар ва шу сабаб уйидан ажраб қолган одамлар, холос. Давлат ҳам, жамият ҳам бу одамларни “Э сен ароқхўр, сен нашаванд, сен эса қиморбоз экансан” деб кўчага ташлаб қўймайди. Ҳукумат ҳам, одамлар ҳам бирдек ана шу бечораларга гуноҳкорларга қарагандек эмас, балки ёрдамга муҳтож инсонларга қарагандек қарайдилар. Бу мавзуга хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг руҳиятимиз ҳам, кайфиятимиз ҳам биз истаймизми, йўқми, бизга 24 соат давомида, сурункали равишда таьсир қилиб бораверади. Сиз ўқиётган китоб, тинглаётган суҳбатдошингиз, куй ёки ғазал, турли-туман кечинмалару уйловлар ва уларни қай даражада талқин қилиш, уларни қай даражада жиловлай олиш, қай бирига изн беришу, қай бирига бермаслик, сиз ичадиган ва танаввул қиладиган барча нарсалар, уларни қай пайтларда танаввул қилишингиз, тамаки чекиш ёки чекмаслигингиз, танангизга бўлган муносабатингиз, яьни танбаллик ёки жисмонан ҳаракатчанлик, нарсаларни қай даражада амалга ошириш усулларингиз, шахсий ҳаракат, яъни темпо даражангиз ва яна ҳали инсон тафаккури чуқур англаб етмаган кўплаб нарсалар ҳам бизнинг ички дунёмизга доимий равишда таьсир қилиб бораверадилар.

Би-би-си: Худди шу ўринда салбий факторларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...

Image caption Илова қилинган Емирилиш механизми

Ҳазратқул Худойберди: Агар юқорида айтилган гапларга чуқурроқ эътибор берилса, уларнинг ичидан қайси факторлар бизларга ижобий ва қайсилари салбий таьсир қилишини излаб топиш мумкин. Чунки улар умумий бир кўриинишда ёзилди. Агар аниқроқ қилиб мисоллар келтирадиган бўлсак, масалан сизнинг бақироқ-чақироқ қўшнингиз ҳар куни кечқурун мусиқани баланд овозда қўйиб, сизнинг таъбингизни сурункали равишда тирриқ қилиши ва демак, сизнинг кундалик ҳаётингизга доимий равишда ўз заҳри ва зарарини солиб туриши мумкин. Ёки сизниинг ҳар куни ишга борадиган йўлингизда учрайдиган минглаб машиналар ва шовқин-суронга тўла катта шаҳарни бир чеккасидан нариги чеккасигача боришингиз жараёнида сизга таьсир қиладиган нарсалар бўлиши мумкин. Ана шу йўлнинг ўзиёқ ҳали сиз ишга етиб бормасдан сизнинг ўша куни қандай ишлар қила олишингиз ва қандай натижаларга эриша олишингизга ҳам ўзининг маьлум бир таьсирини ўтказиши мумкин. Мен бу ерда ҳамма факторлар ҳақида тўхталиб ўтишимнинг иложи йўқ, шунинг учун у нарсаларни китобдан ўқиб кўришларингизни таклиф қилган ҳолда, ундаги энг қизиқарли бир нарса ҳақида айтиб берай. У генеалогик−физиологик жараёнларни одам танасида кечиши ва унинг ёрдамида инсон танасининг нақадар ўзгаришини акс эттирувчи бир суратдир(Иловага қаранг).

Би-би-си: Сизнинг хулосаларингизни илмий асосланган деб атай оласизми?

Ҳазратқул Худойберди: Бу китобда мен бир неча бор илмий ёки ҳаётий жиҳатдан асосланган далил ва исботлардан фойдаландим. Аммо китобда ҳали илмий жиҳатдан текширувдан ўтмаган жиддий таҳлил ва фикрлар ҳам бор. Масалан, улардан айримлари бу бир гўдакнинг илк бора ўз онаси қорнида шакллана бошланишида унинг келажакда қандай инсон бўлишига таьсир қиладиган нарсалар ҳақидаги фикрларимдир. Гап шундаки, ҳар бир гўдакнинг келажакда ким ва қандай инсон бўлишига унинг бобо калонлари ким бўлганлигидан тортиб, унинг ота-онаси ким эканлиги, уларнинг илк муҳаббат оқшомини қандай ўтиши, ана ўша оқшомда осмондаги юлдузларнинг вазияти, ёш йигит ва унинг маъшуқасининг ўша кунги жисмоний ва руҳий ҳолатлари, улар атрофидаги ўша кунги вазият ва яна бир талай нарсалар ўз таьсирини ўтказади.

Би-би-си: Китобингизни нега швед тилида ёздингиз ва уни ўзбек тилида ҳам чоп этиш ниятингиз борми?

Ҳазратқул Худойберди: Китобни швед тилида ёзишимдан мақсадлардан бири унинг мазмун жиҳатидан бу - ўзига тўқ ва ҳаётнинг оғир ташвишларидан холи бўлган жамият вакилларида кўпроқ қизиқиш уйғотиш бўлса, иккинчиси уни келажакда чоп эттириш масаласи эди. Албатта, мен уни ўзбек тилида ҳам чоп эттириш ниятим бор, аммо бу келажакда қилинадиган ишлардан биридир.