Нафақадамисиз, Эквадорда яшанг, мазза қиласиз! Нега, дейсизми?..

Қай бир давлатда яшаётганларига қараб, инсонларнинг кексалик ва нафақадаги ҳаёт гаштини суриш ҳақидаги орзулари ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Кексалик кимдир учун ҳаминқадар нафақага қаноат қилиб, тийинни тийинга уриштириш бўлса, бошқаси учун мазза қилиб узоқ йиллик меҳнатининг гаштини татишдир.

Нафақа масаласи сўнгги пайтларда яқинда мустақилликка эришган собиқ Шўро давлатлари қолиб, дунёнинг манаман деган ривожланган давлатларида ҳам катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Собиқ Шўро давлатларида нафақаларнинг ҳаминқадарлиги бир четда турсин, уни вақтида олишнинг ўзи муаммога айланган бўлса, ўтган йилги глобал молиявий инқироз гирдобида қолган дунёнинг бадавлат давлатлари ҳам нафақахўрлар ҳисобидан миллиардлаб долларни тежаш ҳаракатига тушиб қолишган.

Худди ана шу омиллар манзарасида дунёнинг аксарият давлатларида нафақа тизими, ҳукуматларнинг нафақа борасидаги сиёсатларидан норозиликлар кучайган.

Би-би-си Жаҳон Хизмати дунёнинг қатор давлатларидаги нафақа тизимига эътибор қаратиш мақсадида сентябр ойида махсус лойиҳага қўл урган.

Эрта сешанба кунидан бошлаб “Дараклар” дастуримиз ва веб саҳифамиз орқали Ўзбекистон ва минтақадаги қўшни давлатлардаги нафақа тизими ҳамда нафақахўрларнинг ҳаётларига оид лавҳаларимиз билан танишиб боришингиз мумкин бўлади.

Агар Сиз ҳам нафақада бўлсангиз ва нафақадаги ҳаётингиз ташвишу қувончларини бошқалар билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, бизга ўз ҳикоянгизни йўллашни унутманг.

Ўз ҳикоянгизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг ўнг томонидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг ҳикоянгизни кутиб қоламиз!

Нафақадамисиз, Эквадорда яшанг, мазза қиласиз! Нега, дейсизми?..

Пешана терингиз билан топган нафақа пулингизга кексалик гаштининг бор лаззатини сурмоқчи, Ўзбекистоннинг коммунал тўловларию, жазирама иссиғи, Британиянинг ҳар дақиқада савалашга ҳозир ёмғирларидан паноҳ топмоқчи бўлсангиз, Эквадорга боринг.

International Living халқаро ташкилоти эълон қилган сўнгги тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, Эквадор дунёдаги энг нафақахўрларбоп жой экан.

Агар шунда ҳам Эквадор кўнглингизга ўтирмаса, рўйхатда ундан кейинги ўринларни Панама, Мексика, Франция ва Италия эгаллаган. Демоқчиманки, ихтиёрингизда Эквадордан бошқа ҳам танлов имконияти бор. Фақат,..

Ҳа, гапимнинг аммоси шундаки, буёғи нафақада эмасмисиз, Эквадор дунёнинг шунча давлати ичида яшаш учун энг арзони экан!

Мева-чева, нон-пон Ўзбекистоннинг ўзида ҳам арзон, яна ўзимизнинг томорқадан деб, гапимни бўлмоқчи бўлсангиз, шошманг, уй-жойнинг нархларини айтинг, уй-жойларнинг! Манаман деган ҳашаматли вилласи бўлмайдими, кўчмас мулкнинг қанчалар арзон экани бобида Эквадорнинг олдига тушадигани йўқ!

Дейлик, Эквадорнинг қоқ марказида, энг сўнгги русумда қурилган, ойнавандлигидан тўрт томонингиз кафтдек кўриниб турадиган, лифтлари кўз очиб юмгунингизча истаган қаватингизда ҳозир қиладиган кўпқаватли бинода яшашни кўнглингиз тусаса, икки хоналиси бор-йўғи 50.000 доллар экан. Агар Лондондаги шууунча сифатли уйнинг нақ ярим миллион фунт стерлинг туриши назарда тутилса, эй, адолат ҳам бор экан-ку, дейишингиз тайин!

Агар тоғ бағрида, кўм-кўк арчаларнинг ҳидларига маст бўлиб, муздеккина тоғ ҳавосини симириб, устига устак, умрингизнинг қолганини каталакдек тор шаҳар уйларида эмас, нақ вилламисан виллада, кинолардагидек ўтказмоқчи бўлсангиз, шунда ҳам Эквадордагисининг нархи оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, 90.000 доллар экан.

Ўйланиб қолдингизми?...Сизни шу ерда қолдирсам-да, энди Панамага ўтсам:

Бутун дунёдан нафақахўрларни жалб этиш учун Панамада, ҳатто, махсус дастур ҳам ишлаб чиқилган экан.

Бу яна қанақаси бўлди, дейдиган бўлсангиз, ҳозир-да: Маълум бўлишича, панамалик масъуллар хорижлик нафақахўрларнинг кўнгилларини топиш учун уларга турли хил имтиёзлар таъсис этишган.

Дейлик, нафақахўрлар учун озиқ-овқат нархлари 50 фоизга, жамоат транспортига чипталар эса, 30 фоизга арзонлаштирилган.

Яна дунёнинг истаган бурчагига учмайсизми, учоқ чипталари, кўнглингиз истаган овқатни емайсизми, овқатланиш масканларидаги нархлар ҳам сиз учун чегирилган. Бунақаси бўлиши мумкин эмас, дейсизми?...

Мексикани айтинг, Мексикани: иқлимининг қанчалар юмшоқлиги устига одамларининг нақадар хушмуомала эканликларини айтмайсизми! Аммо уй-жойларининг нархи ўзбекистонлик нафақахўрларни анчагина ўйлантириб қўйиши тайин - барибир ҳовлида яшашга нима етсин десангиз, нархлар 100-180.000 доллар атрофида айланади. Ҳа-ааа,..

Халқаро ташкилотнинг дунёдаги барча нафақахўрлар учун энг боп жойлар рўйхатидан эса, бор-йўғи 25 та давлат ўрин олган.

Уларнинг орасида бирор бир собиқ Шўро давлати йўқ, ҳатто, ўша қудрати билан керилаётган Россия ҳам!

Юқори ўнликка эса, яна Уругвай, Мальта, Чили, Испания ва Коста-Рика ҳам кирган.

Бу рўйхатга тушишнинг ҳам ўзи осон эмас-да: ниманики бўлмасин, нарх-наволарнинг арзонлигидан ташқари, хавфсизлик, инфратузилмангизнинг қанчалик ривожлангани, соғлиқни сақлаш тизимингизнинг аҳволи, маданий ҳордиқ чиқариш имкониятлари, иқлимингиз ва нафақахўрларга тақдим этаётган имтиёзларингиз ҳам энг олий талабларга жавоб бериши керак-да!

Агар энг сўнггида "ўз уйим-ўлан тўшагим," дейдиган бўлсангиз, бу ҳам бир гап-да!

Ўзбекистондаги нафақа тизими ва нафақахўрларнинг аҳволи борасида ўзбекистонлик иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов билан суҳбатимизни эртага тинглай олишингиз мумкин бўлади. Демоқчимизки, веб саҳифамизни кузатиб боринг.