Би-би-си меҳмони - профессор Муқимжон Қирғизбоевнинг саволларга жавоблари

Профессор Муқимжон Қирғизбоев
Image caption Профессор Муқимжон Қирғизбоевнинг илмий йўналиши фуқаролик жамиятини барпо этиш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнига бағишланган

Би-би-си меҳмони - назариётчи олим ва сиёсий таҳлилчи Муқимжон Қирғизбоев.

Сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоев 1948 йилда Наманган вилоятининг Норин туманида туғилган.

Андижон Давлат Педагогика институтини битирган.

Тошкент Давлат университетининг аспирантурасини тугатган.

Муқимжон Қирғизбоев Москва Давлат университетида, Франция, Нидерландияда малакалар оширган.

Шунингдек, у қатор йиллар Ўзбекистондаги давлат-бошқарув ишларида фаолият юритган.

Муқимжон Қирғизбоев фуқаролик жамиятини барпо этиш мавзусидаги қатор тадқиқотлар муаллифи.

Профессор Қирғизбоевнинг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этиш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнига бағишланган китоблари нашр этилган.

Халқаро экспертлар Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг назарий қирраларини очиб беришда профессор Муқимжон Қирғизбоевнинг меҳнати катта эканини эътироф этадилар.

У ушбу мавзуларда Ўзбекистонда ва халқаро илмий анжуманларда маърузалар билан чиққан.

Муқимжон Қирғизбоев талабалар учун қатор ўқув қўлланмалари муаллифи, сиёсий шарҳловчи.

Муқимжон Қирғизбоевнинг муштарийлар саволларига жавоблари

Би-би-си: Муқимжон ака, сизнинг сиёсий фанларга қизиқишингиз қандай пайдо бўлган?

Муқимжон Қирғизбоев: 1990-йиллар бошида янги бир давр, мустақилликнинг дастлабки йиллари бошланишида жуда кўп жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар тузила бошлаганда, олдинги тузумда яшаган бир инсон сифатида менда жуда ҳам катта қизиқиш уйғонган, жуда кўп ижтимоий ҳаракатлар, сиёсий партиялар ишида иштирок этиш натижасида бу нарсалар ҳали бизга янгилик эканлиги, уларни ҳақиқий демократик даражаша ривожлантириш учун сиёсий фанларни чуқур ўрганиш кераклиги ҳақидаги фикр менда ўша 1990, 1991-йилларда туғилган, ўша пайтдан бошлаб сиёсий фанлар бўйича тадқиқотлар олиб бораман.

Номсиз: Ҳурматли Муқимжон ака. Мана сиз Ўзбекистонда демократик жараёнларни фаоллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш мақсадида фаолият олиб бораётган экансиз, изланишлар қилаётган экансиз. Аммо Ўзбекистон раҳбарияти аллақачон демократик йўналишлардан, фуқароларга эркинлик тақдим этиш истагидан воз кечиб юбормаганми?

Муқимжон Қирғизбоев: Умуман, мен бошқачароқ фикрлайман. Неча йиллардан буён мустабидлик остида ётган, асосан хомашё-аграр мамлакат бўлган, барча саноат корхоналари марказда жойлаштирилиб, Ўзбекистондек йирик саноат корхоналари бўлмай, кичиклари ҳам кам бўлган мамлакатда 19 йил ичида демократик ўзгаришлар жуда ҳам қийин масала. Сабаб шундан иборатки, демократик ўзгаришларни ҳар қандай мамлакатда ҳам давлат, ҳукумат жуда камдан-кам ҳолларда қилади, давлат, ҳукумат қонуний асосларини тайёрлаб бериши мумкин ва ўзининг имкони даражасида қўллаб-қувватлаши мумкин.Демократик ўзгаришларни асосан зиёлилар, фуқаролар, умуман, ўзгаришлардан манфаатдор бўлган оддий одамлар амалга оширади. Лекин бунинг учун фуқаролик жамияти, ҳуқуқий давлат қуриш билан боғлиқ бўлган, бунинг учун зарур бўлган сиёсий маданият, ҳуқуқий маданият бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам сиёсий-ҳуқуқий маданият такомиллашиб, ривожланиб, демократик қадриятлар асосида демократик талабларга жавоб берадиган бўлган пайтда, менимча, пастдан бошлаб қурилади. Ва пастдан бошлаб қурилган фуқаролик жамияти, ҳуқуқий давлат ниҳоятда мустаҳкам бўлади. Бундай давлат билан фақат ҳамкорлик қилиш мумкин, ва у ҳар қандай қаршиликларга чидайдиган кучли жамият ва ҳуқуқий давлат бўлиб шаклланади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда Ўзбекистонда бўлаётган демократик ўзгаришларнинг туб илдизларини нафақат ҳукумат ва давлатдан, балки бизнинг фуқароларимизнинг ҳатти-ҳаракатидан, ижтимоий қатламларнинг бирлашиб, интеграция бўлишидан, уларнинг ўзининг олдига мақсад қўйишидан, уларни ўзларининг эҳтиёжларини, манфаатларини умумлашган ҳолда бирлашиб амалга оширишга бўлган қизиқишларидан ҳам исташ керак деб ўйлайман. Чунки эрамиздан олдинги биринчи асрда Цицерон халқ деган тушунчага баҳо бериб шундай деган эди: "Ҳар қандай тўпланиб турган одамлар халқ эмас. Халқ деб мақсад ва манфаатлар йўлида бирлашган, ҳуқуқ йўлида бирлашган одамларнинг тўпламини биз халқ деб атаймиз".

Би-би-си: Лекин Муқимжон ака, Ўзбекистон ҳукуматининг танқидчилари айтишадики, бу ҳукумат ана шу пастдан фуқаролик жамиятини барпо этишни истаганларга йўл бермади, демократик жамиятни қуришни истаган гуруҳларни, мисол учун, мухолифатдаги "Бирлик", "Эрк" партияларини фаолият юритишига изн бермади.

Муқимжон Қирғизбоев: Бунга менинг ўзимнинг шахсий қарашларим бор, ўзимнинг таҳлилларим бор. Умуман олиб қараганда, ўзининг фаолиятини давом эттиришга ҳаракат қилган сиёсий ҳаракатлар, сиёсий партиялар, мен жуда кўп кузатганман, уларнинг жуда кўп анжуманларида иштирок этганман, уларнинг фаолиятида кўпроқ сиёсий эҳтирослар, кўпроқ сиёсий ҳаяжонлар кузатилган эди. Умуман сиёсатнинг асосчиларидан бири эрамиздан олдинги 5-6 асрларда пайдо бўлган "Арташастра" деб номланган китоб ҳисобланади. Ёки Платон, Аристотелларнинг гапини ўқисак, "сиёсатда инсон иштирок этса, ҳис-ҳаяжон иштирок этган бўлади, сиёсатда қонун иштирок этиши керак, агар қонун бошқарса, илоҳиёт ва тафаккур бошқарган бўлади, агар ҳис-ҳаяжон бошқарса, бу ҳайвоний бошқаришдан бошқа нарса эмас", деган гапларни ўқиймиз. Шунинг учун ҳам бизда пайдо бўлган сиёсий партия ва ҳаракатларнинг таянч базалари, ижтимоий қатламлари жамиятнинг маълум бир бўлакларига таянмаганлиги, бир гуруҳ зиёлилардан иборат бўлганлиги учун ўзлари ўша олдинги тузумдаги сиёсий партияни танқид қилган ҳолда ўзлари ҳам радикал, кескин ўзгаришлар, туб ўзгаришлар учун ҳаракат қила бошладилар. Албатта, бу ҳаракатлар, бу қарашлар нафақат бизда ўшпа пайтда ишлаб чиқилган қонунчиликка, балки халқнинг руҳиятига ҳам, айтайлик, мамлакатда бўлаётган ўзгаришларнинг салмоғига ҳам тўғри келмаганлиги учун шу даражада бўлди. Агар ўша пайтда улар ҳақиқатдан ҳам жамиятни, ижтимоий табақаларни ёки оддий аҳолининг манфаатларини, эҳтиёжларини ҳимоя қилиб чиққанларида одамларнинг ўзлари уларни ҳимоя қилиб, уларнинг янада ҳам ишлашига, янада ҳам кучайиб кетишига сабаб бўларди. Чунки у пайтларда, агар эсингизда бўлса, қайта қуришдан кейин мустақилликка эришган пайтда одамлардаги сиёсий фаоллик жуда кучайган давр эди. Албатта, менинг фикрларим ҳам субъектив бўлиши мумкин. Ўша даврларни алоҳида тадқиқот қилиб, чуқур ўрганиш керак. Қандайдир партиянинг раҳбарлари фикрларидан ва айрим шарҳловчиларнинг фикрларидан умумий объектив фикрлар чиқариб олишимиз қийин деб ўйлайман.

давоми бор