Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистондаги янгича нафақа тизимининг ўзига хосликлари нимада?

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг тўрт миллионга яқинини нафақахўрлар ташкил этишади.

Нафақа миқдорининг бугунги нарх-наволарга қанчалик мос экани ва унинг ойлаб кечикишига оид шикоятлар эса, Ўзбекистонда аллақачон одатий тус олган. Собиқ Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан 90-йиллар ўрталарида Ўзбекистонда нафақа тизимини ислоҳ этиш ҳаракатлари бошланганди. Аммо маҳаллий иқтисодчиларга кўра, қўл урилган ислоҳотлар Ўзбекистондаги нафақа тизимининг янгиланиши эмас, яксон бўлишига олиб келган. Суҳбатдошимиз ана шундай иқтисодчилардан бири Жаҳонгир Шосалимов.

Агар Сиз ҳам нафақада бўлсангиз ва нафақадаги ҳаётингиз ташвишу қувончларини бошқалар билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, бизга ўз ҳикоянгизни йўллашни унутманг.

Қай бир давлатда яшаётганларига қараб, инсонларнинг кексалик ва нафақадаги ҳаёт гаштини суриш ҳақидаги орзулари ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Кексалик кимдир учун ҳаминқадар нафақага қаноат қилиб, тийинни тийинга уриштириш бўлса, бошқаси учун мазза қилиб узоқ йиллик меҳнатининг гаштини татишдир.

Нафақа масаласи сўнгги пайтларда яқинда мустақилликка эришган собиқ Шўро давлатлари қолиб, дунёнинг манаман деган ривожланган давлатларида ҳам катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Собиқ Шўро давлатларида нафақаларнинг ҳаминқадарлиги бир четда турсин, уни вақтида олишнинг ўзи муаммога айланган бўлса, ўтган йилги глобал молиявий инқироз гирдобида қолган дунёнинг бадавлат давлатлари ҳам нафақахўрлар ҳисобидан миллиардлаб долларни тежаш ҳаракатига тушиб қолишган.

Худди ана шу омиллар манзарасида дунёнинг аксарият давлатларида нафақа тизими, ҳукуматларнинг нафақа борасидаги сиёсатларидан норозиликлар кучайган.

Би-би-си Жаҳон Хизмати дунёнинг қатор давлатларидаги нафақа тизимига эътибор қаратиш мақсадида сентябр ойида махсус лойиҳага қўл урган.

14 сентябрдан бошлаб “Дараклар” дастуримиз ва веб саҳифамиз орқали Ўзбекистон ва минтақадаги қўшни давлатлардаги нафақа тизими ҳамда нафақахўрларнинг ҳаётларига оид лавҳаларимиз билан танишиб боришингиз мумкин бўлади.

Ўз ҳикоянгизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз: uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг ўнг томонидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Биз сизнинг ҳикоянгизни кутиб қоламиз!